08:27 / 06.12.2018
3 605

Шакарсиз ҳаёт ҳақида ширин хаёллар

Шакарсиз ҳаёт ҳақида ширин хаёллар
Парҳезшуносларнинг фикрича, инсоният муаммосига айланаётган ортиқча вазн билан боғлиқ муаммоларнинг асосий сабабчиси шакар ҳисобланади. Қуйидаги мақолада муаллиф одамларнинг кундалик эҳтиёжига, шу билан бирга, соғлиғининг кушандасига ҳам айланган шакар ҳақидаги маълумотларни келтиради. Шунингдек, ишлаб чиқариш компаниялари одамлар воз кеча олмайдиган ширинликка ўчликдан қай усулда фойдаланишларини ҳам баён қилади.

Нима учун кўпчилик америкаликлар тана вазни оғир бўлишига мамлакат фаровонлиги белгиси сифатида қарай бошлашди?

Америкалик демократларнинг айтишича, ҳукумат фуқаролар қандай таомлар истеъмол қилаётганига бефарқ эмас. Республикачилар эса ҳукуматнинг бунга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини, ҳар бир одам қандай овқатланишига ўзи жавобгар эканлигини таъкидламоқда.

“Мактабдаги тушлик унга ҳукумат аралашмаса ширинроқ бўлади”, деганди АҚШ президенти Трамп октябрь ойининг бошларида. Балки у ҳақдир – собиқ президент Обама маъмурияти томонидан АҚШдаги мактаблар таомномасидан қисман олиб ташланган ёғли ва ширин таомлар эҳтимол мазалироқ бўлгандир.

Бироқ болалар мактабдаги тушликлардан семириб кетаётгани сабабли Обама бу масалага бошқача ёндашган. Бугунги кунда америкалик аксарият болалар семиришдан азият чекаётганини ҳисобга олиб, Обама бошчилигидаги маъмурият бу масалага ҳукумат аралашиши шарт бўлган вазифа деб қаради.

“Мактаблардаги тушлик билан бевосита шуғулланувчи одамлар бунга қандай ёндашишни ўзлари ҳал қил қилишсин... Давлат назоратини камайтириб, мактабларга тушлик билан боғлиқ масалаларни жамоатчилик орқали ҳал қилиш эркинлигини қайтариш лозим”, – дея маълум қилган Трамп.

Лекин мактаб маъмурияти, ота-оналар қўмитаси ва алоҳида ота-оналарнинг қизиқишларини нима шакллантиради? Ота-оналарда болалар ва ўзларининг тушликлари қандай бўлиши кераклиги ҳақидаги тушунчалар қандай пайдо бўлади?

Америка аҳолисининг қарийб ярмидан кўпи ортиқча вазнга эга, аҳолининг 35 фоизи эса семизликдан азият чекмоқда. Бунда камбағал ва олий маълумотга эга бўлмаган кишиларнинг семизликка мойиллиги, айниқса, юқори.

Семириб кетиш хунук кўринади, шунингдек, ортиқча вазн билан тўғридан-тўғри боғлиқ бўлган кўплаб касалликлар – саратоннинг баъзи турлари, юрак ҳасталиклари, артрит, гипертония, ошқозон, жигар, буйрак, ичак, ошқозон ости бези касалликларига, тери муаммоларига, криоз, диабет, тушкунлик, ва умрнинг қисқаришига олиб келади.

Кўп овқат ейишнинг оқибатлари барчага маълум – бу борада ҳеч қандай сир йўқ. Телевизордан тортиб интернетгача ахборот олами шифокорларнинг огоҳлантиришлари, парҳез ҳақидаги рекламалар, семизликнинг оқибатлари ҳақидаги илмий изланишлар билан тўлиб тошган. Бундан ташқари, тиббий кўрикка борган ортиқча вазнли мижозлар шифокордан семиришнинг оқибатлари ҳақидаги марузаларни эшитади, АҚШда эса камига тўғри овқатланиш ҳақида бир тўплам рисолалар ҳам олади.

Бироқ ҳатто семизлик аянчли оқибатларга ва эрта ўлимга олиб келишини билиш ҳам одамзотнинг зарарли овқатларни яхши кўриш одатларидан воз кечишига туртки бўлмаяпти.

Бу борада АҚШ етакчилик қилмоқда. Ортиқча ёғнинг организмга зарарини билган Америка аҳолисини кунига ўртача 22 қошиқ шакар истеъмол қилишга нима мажбур қилади? Ахир кўпчилик парҳезшунослар айтганидек, айнан шакар бу муаммоларнинг асосий сабабчиси ҳисобланади. Айнан шакар инсон ақли ва иродасини енгган ҳолда уни турли ширинликлар, газли ичимликларни ичишга ундайди.

Сўнгги йилларда инсон хоҳиш-иродаси, онгини ва ахлоқини енгувчи шакар мавзуси нафақат парҳезшунослар, балки кўпгина тарихчилар ва журналистларда ҳам қизиқиш уйғотди.

"Одамлар қамишдан яралган"

Шакар кўринмас шаклда кириб келган. Бир вақтлар у ҳақда Европада ҳатто билишмаган ҳам. Ширинликлар учун асалдан фойдаланишган. Шакар эса биринчи аёл ва эркак шакарқамишдан пайдо бўлган ва барча инсоният шундан тарқалган, деган маҳаллий афсоналар мавжуд бўлган жанубий Тинч океани оролларида пайдо бўлган.

Шакар дастлаб Янги Гвинея, Индонезия ва Ҳиндистонда етиштирилган. Милодий 6-асрга келиб Ҳиндистон шакарқамишини форслар томонидан севиб истеъмол қилиш бошланган. 8-асрга келиб эса Мисргача кириб борган. Лекин у ерда шакарқамишни етиштириш осон бўлмаган. У сувсевар бўлгани учун курғоқчил Мисрда ўсимликни кунига 20 марта суғоришга тўғри келарди. Бунинг учун учун далаларга махсус каналлар ўтказилган.

“Шакар. Ширин-нордон ҳикоя” (Elizabeth Abbott. Sugar: A Bittersweet History) китоби муаллифи, тадқиқотчи Элизабет Абботнинг сўзларига кўра, шакар ислом билан бир қаторда дунёни эгаллаган. Мусулмонлар дунёсида шакар шифобахш восита ва ноёб ширинлик сифатида кўрилган.

Европага шакарни салибчилар олиб келган. Биринчи салиб юришидаёқ мусулмонлар душманлари томонидан қуршовга олинган ва очликдан азоб чекаётган салибчилар шакарқамиш шарбати очликни тўхтатиб, куч-қувват беришини тушунганлар. Босиб олинган ҳудудларда, айниқса, Кипр ва Сицилияда салибчилар шакарқамиш етиштиришни ва ундан шакар олишни тезда ўрганиб олишган.

Европага кириб келгач, шакар тез орада европалик монах ва дворянларнинг севимли маҳсулотига айланган. Сарой ошпазлари шакарни ёғ, ёнғоқ билан аралаштириб ундан турли шаклдаги ширинлик ясашни ўрганиб олишган.

Шакарни кўп истеъмол қилиш монахлар соғлиғида акс этмай қолмаган. Бир хорижий элчининг фикрига кўра, ширинликларни яхши кўрувчи Британия қилоличаси Елизавета I тишларининг қорайганини яшириб юрган.

16-аср охирига келиб шакар бой зодагонларнинг уйларида кенг истеъмол қилина бошланди. Орадан 100 йил ўтгач эса у деярли бутунлай соддалашиб, оддий аҳоли ҳам истеъмол қила бошлади.

Шакарни, айниқса, инглизлар севиб истеъмол қилишган. 1603 йилда испаниялик делегация инглизлар ҳатто гўштни ҳам шакар солинган қайла билан тортиқ қилишганини таъкидлаган. Кейинчалик шакарни чой ва қаҳвага қўша бошлашган. 19-асрга келиб шакар чой Англия камбағал аҳолисининг энг севимли ичимлигига айланган.

15-асрдан бошлаб 19-асрнинг ўрталаригача шакар етиштиришда қуллар меҳнатидан фойданилган. Дастлаб Португалияда қуллар ёрдамида шакар етиштирилган.

Европаликлар томонидан Янги дунёнинг кашф этилиши иссиқсевар шакарқамишни янги забт этилган мамлакатларда етиштириш имкониятини сезилари даражада оширган. Шакар, айниқса, Кариб оролларида яхши ўсган. Тўрт асрлик қуллик давомида европаликлар шакар плантацияларида ишлаш учун 6 млн аторофида африкаликларни олиб келишган.

20-асрда шакарни маккажўхоридан олиш бошланди, бу эса унинг нархини янада арзонлаштирди. Бир неча аср давомида шакар қимматбахо маҳсулотдан барча истеъмол қиладиган оддий маҳсулотга айланди.

Одамлар камёб ва эришиш қийин бўлган нарсаларни қадрлайди, шу сабабли шакарнинг машҳурлиги узоққа бормаслиги керак эди. Лекин аксинча бўлди. Маълум бўлишича, шакар бўлган хоҳиш бизнинг физиологиямизда бор экан.

1970 йилда олимларнинг аниқлашича, оғизга шакар солинса, бутун оғиз бўшлиғи таъсирланади. Оғизда 10 мингдан ортиқ таъм билиш рецепторлари мавжуд бўлиб, уларнинг барчаси миядаги “лаззатланиш маркази” билан боғланган.

Озиқ-овқат саноати бўйича америкалик тадқиқотчи Майкл Мосс ўзининг “Туз, шакар, ёғ” китобида “Coca-Cola”, “Kraft”, “Frito-Lay” ва “Nestle” каби йирик компаниялар кундалик истеъмол учун таъм яратиши ҳақида ёзган.

Истеъмолчи таъми – озиқ-овқат компаниялари бозорида рақобатлашадиган жанг майдонидир. Харидорлар танловига эришишда шакар муҳим роль ўйнайди. Шакар харидорларни қизиқтиради. Бунда сунъий таъм берувчи моддалар маҳсулотни яна арзонлаштириб, компанияга кўпроқ даромад олиб келади. Бир қанча илмий лабораторияларда у ёки бу маҳсулот таркибидаги қанча шакар миқдори одамларда лаззатланиш ҳиссини уйғотиши ўрганилган. Агар маҳсулот истеъмолчида ўзини бошқара олмайдиган "лаззатланиш нуқтаси"ни уйғота олса, одам ўша маҳсулотсиз тура олмай қолади ва уни доим иштиёқ билан сотиб олгиси келади.

“Лаззатланиш нуқтаси”ни аниқлаш учун турли жинс ва ёшдаги одамлар ўртасида бир қанча дегустациялар ўтказилади. Мутахассислар уларнинг реакцияларини сўровномаларда қайд этадилар.

Энг катта компаниялар истеъмолчиларнинг таъмга бўлган реакцияларини ўрганиш учун мияни сканерлашдан фойдаланади. Уларнинг тадқиқотларидан маълум бўлишича, мия шакардан худди кокаиндек таъсирланади. Музқаймоқ ишлаб чиқарувчи “Unilever” халқаро компанияси бу фактни ҳатто рекламага айлантириб юборган: “Бизнинг музқаймоқ сизга бахт ҳиссини бериши илмий исботланди!”.

“Мосс”нинг ёзишича, ҳалқаро “Yoplait” компанияси йогуртга конфетга қараганда камроқ шакар солади, “Prego” йирик компаниясининг бир порция помидор қайласида эса учта печеньеда бўладиган шакар қўшилади. Айрим кайнатилган колбаса, сосискалар, салат қайласида ҳам шакар бор.

Америкаликлар носоғлом таомларни ҳам ўз анъаналарининг таркибий бир қисми деб ҳисоблайди. Ҳақикатдан ҳам, нонушта учун истеъмол қилинадиган қуруқ унли маккажўхори бодроқлари Америкада 19-асрнинг охирларида ака-ука Келлоглар томонидан кашф этилган. Дастлаб у ёғсиз ва соғлом нонушта сифатида берилган. Бироқ 1906 йилда Вилл Келлог касби шифокор бўлган акаси Джон Келлог йўқлигида маккажўхори бодроқларига шакар қўшиб юборади. Иш шундай тус олдики, улар ҳатто бу маҳсулотни ўз номлари билан аташ учун судлашадилар.
“Келлог” компанияси ҳозир ҳам фаолият юритади ва ўз маҳсулотларига шакар қўшишда давом этмоқда. Бу қуруқ нонуштанинг айрим турларитаркибида 50 фоизгача шакар бор. Уларнинг асосий истеъмолчилари эса болалар. Болалар, илмий изланишлар натижасига кўра, шакарни катталардан икки баробар кўпроқ яхши кўришади. Бунга телевизор орқали ширинликлар ейишни масхалат берувчи жажжи эртакнамо жонзотлар рекламаси катта таъсир кўрсатади.

"Кока кола" – энг машҳур газли ичимлик

АҚШда энг машҳур газли ичимлик, бу – "Кока кола" эканлиги тасодиф эмас. Кўпчилик америкаликлар онгида бу нафақат ширин ичимлик, балки ватанпарварлик ҳиссини уйғотувчи миллий ичимлик ҳам. Бундай қарашлар сабаби Америка тарихига бориб тақалади. Иккинчи жаҳон уруши даврида америкалик ҳарбийларнинг жанговар руҳини кўтариш мақсадида, ҳукумат фронтга "Кока-кола" жўнатишни ташкиллаштиради. Генерал Маршал ҳатто "Кока-кола" фабрикасини Европага, ҳарбий ҳаракатлар театрига яқинроқ жойга кўчириш ҳақидаги буйруқни имзолаган. Аскарлар бу ичимликни қадрлашган – у уйни эслатиб турувчи ва ҳукумат ғамхўрлигининг рамзи эди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, америкаликлар юқоридаги маҳсулотлар зарарлигини жуда яхши билсалар ҳам, дўконга киргач, уларни сотиб олишдан ўзларини тия олмайдилар.
Анна Кроткина

Манба: Turon24.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Шакарсиз ҳаёт ҳақида ширин хаёллар