11:53 / 02.06.2019
4 587

«Меҳрибонлик уйи»даги ҳамма бола чин етимми?

«Меҳрибонлик уйи»даги ҳамма бола чин етимми?
Фото: «koodaklife.com»
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида бола ҳуқуқлари мустаҳкам кафолатланган. Асосий Қонунимизнинг 45-моддасида, жумладан, вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида экани белгилаб қўйилган.

Айниқса, сўнгги йилларда мамлакатимизда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мутасҳкам оила қуришга масъулият билан ёндашишни тарғиб қилиш, оилавий қадриятларни асраб-авайлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Шунга қарамасдан баъзан моддий етишмовчиликни рўкач қилган ҳолда айрим ота-оналар томонидан халқимиз маънавиятига зид тарзда ўз жигарбандини меҳрибонлик уйига жойлаштириш ҳолатлари кузатилмоқда. Аслида, ҳукумат қарорига кўра, меҳрибонлик уйи етим болалар ва ота-онасининг қаровисиз қолган болалар учун давлат тарбия муассасасидир.

Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган болаларнинг ҳаммаси ҳам чин етим ёки ота-онасининг қаровисиз қолган болалар эмас.

Битта мисол. Қашқадарё вилояти, Қамаши туманида жойлашган 4-сонли «Меҳрибонлик уйи»да тарбияланаётган 108 нафар тарбияланувчилардан фақатгина 15 нафари чин етим бўлиб, 84 та боланинг ота-онаси, 9 нафарининг бобо-бувилари борлиги аниқланди.

«Меҳрибонлик уйи»даги шароитлар билан танишганда у ердаги шароитлар баъзи оилаларда йўқлигига амин бўласиз. Бироқ яратилган шароитлар болаларга ота-она меҳрини беролмаслиги аниқ-ку?!

Шу ўринда, суд амалиётида учраган бир мисолга тўхтатилиб ўтмоқчимиз.

Даъвогар Навоий шаҳар халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими (ШХТМФМТТЭБ) Васийлик ва ҳомийлик органи вояга етмаган Комил Рустамовнинг (исми-шарифи ўзгартирилган) манфаатида судга даъво киритиб, Комилга нисбатан ота-онаси Салим Рустамов ва Салима Рустамоваларни ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилишни сўраган.

Аниқланишича, Салим ва Салима қонуний турмуш қурган, уларнинг қарамоғида 5 нафар, шу жумладан 2004 йилда туғилган Комил Рустамов исмли фарзанди туғилган.

Жавобгарлар Васийлик ва ҳомийлик органига ариза билан мурожаат қилиб, уларнинг оилавий шароитлари оғир бўлганлиги сабабли 2004 йил 21 июнда туғилган Комилдан воз кечишларини ва болани «Меҳрибонлик уйи»га жойлаштиришни сўраганлар.

Навоий шаҳар ҳокимининг 2013 йил 4 июлдаги қарорига асосан Комил Навоий шаҳар «Меҳрибонлик уйи»га жойлаштирилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 17 октябрдаги Қарори билан тасдиқланган «Меҳрибонлик уйи тўғрисида»ги Низомнинг 13-бандига кўра, меҳрибонлик уйига кам таъминланган, кўп болали оилаларнинг болалари, фақат отаси ёки онаси бор бўлган болалар ушбу оилаларни бир йилгача муддатда ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида вақтинчалик қабул қилинади.

Судда эр-хотин Рустамовлар иштирок этиб, уларга мазкур Низом талабига асосан болалари фақатгина бир йил муддатга «Меҳрибонлик уйи»га жойлаштирилганлиги, улар боласини олиб кетиши ва ўзлари тарбиялаши, болага ота-оналик меҳри зарурлиги, агар бола олиб кетилмаса Оила Кодексининг 79-моддаси талабидан келиб чиққан ҳолда ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ва боласининг таъминоти учун алимент ундирилиши маълум қилинган бўлса-да, улар моддий етишмовчилиги сабабли фарзандидан воз кечишини ва ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилишга рози эканликларини маълум қилган.

Шу сабабли суд эр-хотин Салим Рустамов ва Салима Рустамова вояга етмаган фарзандига нисбатан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, улардан Комилнинг фойдасига алимент ундириш ва алиментни боланинг номига очилган банк ҳисоб варағида жамғариб бориш белгиланган.

Салим Рустамов ва Салима Рустамовадан алимент ундириш белгиланганидан сўнг, улар ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилдик, бола давлат қарамоғида ўтди, шундай экан, биз нега алимент тўлашимиз керак, дея суд қарори устидан шикоят келтирган. Бироқ ҳал қилув қарори барибир ўзгаришсиз қолдирилди. Нега? Сабаби болани моддий томондан таъминлаш ота-онанинг мажбурияти бўлиб, Оила Кодексининг 81-моддасига мувофиқ, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши уларни (ота-онани) ўз боласига нисбатан таъминот бериш мажбуриятидан озод қилмайди.

Орадан маълум вақт ўтиб, суд учун ҳам жумбоқ бўлган, нима сабабдан ота-она очиқчасига моддий аҳволни рўкач қилган ҳолда ўз жигарбандидан воз кечгани ҳақида эр-хотин Рустамовларнинг сири ошкор бўлди. Улар қилган хатоларини тушуниб етганликларини, ота-оналик ҳуқуқини тиклаб, болаларини уларга қайтариб беришни сўраб мурожаат қиладилар.

Аниқланишича, эр-хотин Рустамовлар «Меҳрибонлик уйи» тарбияланувчиларига бериладиган имтиёзлардан фойдаланган ҳолда фарзандини «Меҳрибонлик уйи»га бериш орқали махсус ҳарбий мактабга ўқишга жойлайдилар. Иттифоқо, телевидение ходимлари ҳарбий мактабнинг фаолияти бўйича махсус репортаж олиш жараёнида, ўзига хос иқтидорга эга Комил эътиборни жалб қилади.

Шунда мухбирлар Комилдан интервью олади ва ундан ота-онаси ҳақида сўрайдилар. Шунда Комил кўзига ёш олиб, унинг ота-онаси тирик бўлса-да, лекин у «Меҳрибонлик уйи» тарбияланувчиси эканлигини, ота-онасининг қайтиб келишини умид билан кутиб яшаётганлигини маълум қилади.

Мазкур лавҳа эфирга узатилганидан сўнг яқин қариндошлари, қўни-қўшнилари эр-хотин Рустамовларнинг инсофга чақира бошлайди.

Кеч бўлса-да, Рустамовлар қилган хатоларини тушуниб етишди, суддан фарзандини қайтариб олишга ёрдам беришни сўрайди.

...Бу суд амалиётида учраган биргина мисол, холос. Наҳотки, қандайдир имтиёз ёки моддий етишмовчиликни баҳона қилиб, инсон зоти ўз боласидан воз кечиши ва уни руҳий қийноққа солса?!

Болажонлиги, етипарварлиги билан дунёга донғи кетган ўзбекка бу аҳвол ярашадими?

Савол оғир. Жавоб ҳам...
Акмал Муродов, Олий суд судьяси.
Олим Ўсаров, журналист

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Меҳрибонлик уйи»даги ҳамма бола чин етимми?