14:04 / 20.07.2019
3 253

Савдо автоматлари орқали товар сотиш: соҳани ривожлантиришнинг ҳуқуқий муаммолари

Савдо автоматлари орқали товар сотиш:  соҳани ривожлантиришнинг ҳуқуқий муаммолари
Тадбиркорлик фаолияти ривожи инновациялар билан боғлиқ. Янги техника ва технологиялар тадбиркорлар оғирини енгил қилиб, харидорларни янада кўпроқ жалб этиш, уларга енгилликлар яратиш ва, албатта, кўпроқ даромад олишга қаратилган бўлади.
Мана шундай инновациялардан бири савдо автоматлари (вендинг автоматлари)дир.

Савдо автоматлари қуйидаги қулайликларни беради:
- савдода сотувчи иштирокини талаб қилмагани боис тадбиркорларнинг уларга иш ҳақи учун тўлайдиган пули тежалади;
- харидорлар одатда товарлар сотиб олиш учун дўконга боришга вақтни қизғанишади, йўл бўйига ўрнатилган савдо автоматлари бу борада жуда қулай;
- харидорларнинг сотувчи хизмат кўрсатишини ёки ҳисоб-китобни амалга оширишини кутишга кетадиган вақти тежалади;
- савдо автоматлари харидорларга куннинг ёки туннинг исталган вақтда маҳсулот харид қилиш имкониятини беради.

Ўзининг қулайликлари сабабли, сўнгги йилларда вендинг автоматлари дунё мамлакатларида жуда оммалашган. Масалан, Японияда ҳар 23 кишига бир вендинг автомати тўғри келади (умумий сони 5.6 млнга етган). Натижада Японияда вендинг автоматлари орқали олиб бориладиган савдо ҳажми 60 млрд АҚШ долларни ташкил этмоқда.

Ушбу фаолият турининг ривожланган мамлакатларда оммалашишига яна бир сабаб – бу зарур ҳуқуқий база мавжудлигидир.
Автомат савдо аппаратларидан фойдаланган ҳолда чакана савдони амалга ошириш фаолияти Японияда Савдо автоматлари тўғрисидаги низом билан тартибга солинади. Ушбу Низомда савдо автомати тушунчаси, уларни ўрнатиш, хавфсизлик қоидалари, санитар-гигиеник талаблар, энергия таъминоти, атроф-муҳит муҳофазаси каби масалалар тартибга солинган. Бундан ташқари, ушбу Низомда савдо автоматларининг мунтазам равишда санитария тестидан (bacteria testing) ўтказилиб турилиши лозимлиги ҳақидаги қоида мавжуд.

Ушбу фаолият тури Украинада “Товарларни етказиб бериш ва савдо объектларидан ташқарида сотиш Қоидалари”, Белоруссияда “Белоруссия Республикасида савдо ва озиқ-овқат соҳасини тартибга солиш тўғрисида”ги Қонун, Қозоғистон Республикасида “Савдо фаолиятини тартибга солиш тўғрисида”ги Қонун, АҚШда “Аҳоли саломатлиги Кодекси” (Health Public Code) билан тартибга солинади.
АҚШнинг Аҳоли саломатлиги Кодексида савдо автоматларидан фойданиш билан боғлиқ ташкилий ва санитар-гигиеник талабларгача белгилаб қўйилган.

Яна бир муҳим жиҳат, ривожланган мамлакатларда савдо автоматларида назорат-касса машиналари қўлланилмайди. Чунки, савдо автоматларининг ўзида ўрнатилган дастурий таъминот ва электрон бошқарув тизими сотилган товарлар ва тушган пулни тўлиқ статистикасини юрита олади.

Бизнинг қонунчиликда қандай..
Ўзбекистонда ҳам автоматдан фойдаланган ҳолда товар сотиш сотувчи иштирокисиз товарлар сотиш имконини бериши, автоматнинг катта жой эгалламаслиги сабабли чакана савдо фаолиятининг бир тури сифатида аста-секин кўпайиб бормоқда.
Лекин, ушбу фаолият тури амалдаги қонунчиликда етарли тартибга солинмаган. Шу билан бирга, айрим қонун ҳужжатлари ушбу фаолият турини амалга ошираётган тадбиркорлик субъектлари фаолиятига салбий таъсир кўрсатади.

Хусусан, Фуқаролик кодексининг 430-моддасида автоматдан фойдаланган ҳолда товар сотиш фаолияти чакана савдо фаолияти ҳисобланиши эътироф этилган. Лекин, ушбу чакана савдо фаолияти батафсил тартибга солувчи қонун ҳужжатларида, шу жумладан, бу соҳадаги асосий ҳужжат – Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги 75-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларида ҳам автоматдан фойдаланган ҳолда товар сотиш фаолиятининг ўзига хос хусусиятлари ҳисобга олинмаган.

Хусусан, Қоидаларда чакана савдонинг савдо объектлари турлари аниқ кўрсатилган бўлиб, уларга қуйидагилар тегишлидир: бозор, гипермаркет, супермаркет, савдо маркази, савдо комплекси, универсам, универмаг, минимаркет, озиқ-овқатлар дўкони, ихтисослаштирилган дўконлар, палаткалар, лотоклар, автодўконлар, павильонлар, киоскалар, ларёклар. Бу рўйхатга савдо автоматлари киритилмаган.

Бундан ташқари, Қоидаларда савдо объектлари турғун ва кўчма объектларга бўлиниши белгиланган бўлиб, уларнинг тушунчалари берилган. Лекин, савдо автоматлари турғун савдо объекти тушунчасига ҳам, кўчма савдо объектлари тушунчасига ҳам тўғри келмайди.
Савдо автоматининг ўзига берилган тушунча эса амалдаги қонунчиликда умуман мавжуд эмас.

Оқибатда, солиқ ва бошқа органлари автоматдан фойдаланган ҳолда товар сотиш фаолиятига нисбатан турғун савдо объекталари учун белгиланган, лекин савдо автоматларига жорий қилиш имкони бўлмаган қоидаларнинг бажарилишини талаб қилишга мажбур бўлишади.

Масалан, шундай қоидалар Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 17 ноябрдаги 306-сон қарор билан тасдиқланган Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарини қўллаш тартиби тўғрисида низомда мавжуд. Унга кўра, механик аппаратлар (автоматлар) воситасида нақд пул маблағлари тўланган ҳолда аҳоли билан ўзаро ҳисоб-китоб қилиш ҳам фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машинаси фискал регистраторлар) мажбурий қўлланилган ҳолда амалга оширилиши керак.

Лекин, бугунги кунда механик савдо автоматлари деярли қўлланилмайди. Амалиётда фойдаланилаётган савдо автоматларининг аксарияти тўлиқ автоматлаширилган аппаратлардир ва уларда фискал регистраторлар бўлмайди, хориждан импорт қилиб ўрнатиш эса аслида зарурияти йўқ, лекин катта харажатларга олиб келади.

Шунингдек, ушбу қарор билан тасдиқланган юридик ва жисмоний шахсларнинг ўз фаолияти хусусиятига кўра аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни фискалхотирага эга бўлган назорат-касса машиналарини қўлламасдан амалга ошириши мумкин бўлган айрим тоифалари рўйхатига автоматдан фойдаланган ҳолда товар сотиш фаолияти киритилмаган. Ваҳоланки, савдо автоматларидан маҳсулот сотиб олганда назорат-касса машинасидан фойдаланиш имкони, ва ўз-ўзидан, харидорларга чек бериш имкони йўқ.

Савдо автоматларининг бундай ўзига хос хусусиятлари ҳисобга олинмагани натижасида, автомат савдо аппаратларидан фойдаланган ҳолда чакана савдо фаолиятини амалга оширувчи тадбиркорлар исталган пайтда савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузган деб топилиши
ва жавобгарликка тортилиши мумкин.
Яна бир муаммо автоматдан фойдаланган ҳолда товар сотиш фаолиятини амалга ошириш учун коммунал хизматлар тармоқларига уланишда билан боғлиқ.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январги 22-сон қарори билан тасдиқланган Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларининг 22-бандига кўра тадибиркорлик субъектлари бошқа бир шахсга тегишли электр тармоғи орқли субистеъмолчи бўлган ҳолда электр энергиясидан фойдаланишлари мумкин. Лекин, савдо автоматидан фойдаланган ҳолда товар сотиш чакана савдонинг бир тури сифатида ҳуқуқий жиҳатдан белгиланмагани, кўп ҳолларда, уларнинг электр энергияси субистеъмолчиси сифатида давлат ташкилотлари томонидан тан олинмаслигига ва электр энергиясининг субистеъмолчиси сифатида шартнома тузишни рад этилишига олиб келмоқда.

Натижада, тадбиркорлар ўртача бир 1,5 м2 ҳажмдаги жойни эгаллайдиган автомат савдо аппарати учун ҳудудий электр тармоқлари корхонаси билан мустақил абонент сифатида алоҳида шартнома тузишга ва бунинг учун электр энергияси ташкилотларида ўрнатилган барча жараёнлардан ўтишга мажбур бўлишмоқда.
Бундай ҳолатлар, албатта, соҳанинг ривожланишига хизмат қилмайди.

Хулоса
Ўзбекистонда автомат савдо аппаратларидан фойдаланган ҳолда чакана савдони амалга ошириш фаолиятини ривожланиш учун зарур ҳуқуқий базани яратишимиз лозим. Хусусан, савдо автоматидан фойдаланиш билан боғлиқ ташкилий ва санитар-гигиеник талабларни, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалаларни ҳуқуқий тартибга солиш вақти келди.

Бунинг учун эса тегишли қонун ҳужжатларига, жумладан Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 26 ноябрдаги 407-сонли, 2003 йил 13 февралдаги
75-сонли, 2011 йил 17 ноябрдаги 306-сонли қарорларига савдо автомати тушунчасини ва ундан фойдаланган ҳолда товарлар сотиш фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ қоидаларни белгилашни, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ талабларни ўрнатишни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш зарур бўлади.

P.S. Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти ушбу мақолада кўтарилган муаммоларни ҳал қилишга қаратилган тегишли қонун ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлаш ишларини бошлади.

Аъзам Мадаминов
Адиба Сафарова
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат
тадқиқот институти масъул ходимлари

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Савдо автоматлари орқали товар сотиш: соҳани ривожлантиришнинг ҳуқуқий муаммолари