16:35 / 30.08.2019
3 372

Ҳукуматга талабаларнинг тўлов-контракти бўйича таклифлар

Ҳукуматга талабаларнинг тўлов-контракти бўйича таклифлар
Твиттерда қирғизистонлик фойдаланувчилар Ўшга ва умуман Қирғизистонга жуда кўп ўзбек абитуриентлари келаётганини муҳокама қилишмоқда (сурат қуйида).

Уларнинг барчаси имтиҳонларсиз талаба бўлиш ваъда қилинаётган ОТМларга борган ўзимизнинг ёшлардир. Бу каби минглаб ёшлар ҳозир Қозоғистон ва Тожикистонда ҳам юришибди ёки энди кетишади. Украина ва Хитойни гапирмаса ҳам бўлади.

Аввал ҳам таъкидлаганимдек, ёшларнинг хорижда ўқиб келишига қарши эмасман, аксинча буни ёқлайман ҳам. Аммо гап юқори даражадаги таълим сифати кафолатланган рейтинги юқори ОТМлар эмас, балки ўртамиёна ва ундан ҳам пастроқлари ҳақида кетаётгани учун ва асосийси ёшларимиз уёқларга билим олиш учун эмас, шунчаки дипломли бўлиш учун отлангани хавотирли.

Сабаблар ҳақида бош қотирадиган бўлсак, аввало, буни қиммат контракт нархлари ҳамда квоталар камлиги билан изоҳлаш мумкин.

Чунки қўшни давлатлардаги ОТМлар 4-5 млн сўм атрофидаги контрактга имтиҳонсиз қабул қилишни айтиб, кўплаб ёшларни ўзига оғдириб олишмоқда.


Шундан келиб чиқиб, минглаб ёшларимизнинг таълим сифати мавҳум бўлган ОТМларда ўқиганидан кўра, ўзимизнинг кўз ўнгимизда ўқиши минг марта яхши. Бунинг учун энг аввало тўлов-контракт нархлари ва тўлаш тартибини қуйидагича кўриб чиқиш таклиф этилади:

Асосий тўлов-контракт бўйича

– бизда контрактлар қиммат эмас. Тўғри, қиммат, лекин Венесуэлада бундан ҳам қиммат бўлиши мумкин. Аммо аҳолининг даромадларидан келиб чиқилса, ҳақиқатдан 10 млн сўмдан ортиқ контракт оддий оилалар учун имконсиз. Агар фарзандлари кўп оила бўлса, муаммо янада ортади;

– бизда контрактни йилида 2 марта бўлиб тўлаш тартиби жорий қилинган, яъни ҳали ўтилмаган дарсларга ярим йиллик пулни олдиндан тўлаш керак. Контрактларни ҳар ой бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш керак. Шунда бир мартада катта пул топиш имконини қилолмайдиган оддий оилалар ҳам контрактни тўлашга қийналмас эди;

– сиртқи ва кечки таълим шакллари учун контракт миқдорларини камайтириш керак. Чунки ушбу таълим шаклларида стипендия берилмайди ва ушбу фактор контракт нархлари кундузгига нисбатан ўта қиммат эканлигини англатади. Сиртқи таълимнинг контрактига оид петиция бўйича Ҳукумат аллақачон қарор қабул қилиши керак эди, қонунчиликда белгиланган муддат ўтиб кетяпти шундоқ ҳам.

Супер-контракт бўйича

– ўқишга кира олмаганлар тўлайдиган супер-контракт нархлари ҳам ҳаддан ташқари қиммат. Тўғри, шу суммага ҳам ўқишга рози бўлганлар бор, аммо нархлар арзонлаштирилса, тўлов қобилияти борлар сони янада кўпаяди ва бу ОТМларга олдингидан ҳам кўпроқ даромад топиш имконини беради (худди тонировка нархига ўхшаб);

– супер-контракт нархларини абитуриент тўплаган баллга мутаносиб равишда табақалаштириш керак. Масалан, кириш чизиғига 5 балл етмасдан, 150 балл тўплаган абитуриент ҳам 200 млн сўм тўлайди, 57 балл тўплаган абитуриент ҳам 200 млн сўм. Менимча, бу адолатдан эмас. Шу сабабли ҳозирги 4 баллик ҳудудни бекор қилиб, ушбу табақалар доирасини янада кенгайтириш керак;

– супер-контрактни бирданига тўлаш мажбуриятини бекор қилиб, бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини яратиш керак. Яъни ўша супер-контракт миқдорини 4 йилга бўлиб юбориш керак. Масалан, супер-контракт миқдори 100 млн сўм бўлса, ҳар йили 25 млн сўмдан, 200 млн сўм бўлса, ҳар йили 50 млн сўмдан тўлаш имконини бериш керак;

– ўз навбатида ушбу супер-контракт суммаларини ҳам оддий контрактга ўхшаб ойма-ой бўлиб тўлаш тартибини жорий қилиш керак. Шунда супер-контракт нархи ойига 2-4 млн сўмдан тўғри келади;

– супер-контракт учун ҳам стипендияли ва стипендиясиз тўлаш имкониятини бериш керак;

– банклар томонидан супер-контракт учун бозор фоизларида (имтиёзли эмас) кредитлар таклифи кўпайтирилиши мақсадга мувофиқ.

Шу ва шу каби усуллар ёшларнинг олий маълумот олишга бўлган эҳтиёжларини бирмунча кўпроқ қондириши ва аҳолининг ижтимоий ҳолатини ҳисобга олиб, уларга енгиллик бериши, қаерга ва қандай жойга кетаётганини ўзлари ҳам билмайдиган минглаб ёшларни (уларнинг миллионлаб доллар пулларини) Ўзбекистонда олиб қолиши мумкин. Буларнинг барчаси ИМҲО.

Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиевнинг Телеграм каналидан олинди...

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ҳукуматга талабаларнинг тўлов-контракти бўйича таклифлар