09:00 / 06.04.2020
3 090

Тоғамнинг мансабига кўз тегмасин…

Тоғамнинг мансабига кўз тегмасин…
Қишлоғимизда туғилиб ўсган, айни вақтда вилоятдаги нуфузли ташкилотлардан бирига раҳбарлик қилаётган устозни мен ҳам ҳурмат қиламан. Айнан қишлоғимиздан бўлгани учун эмас, ўзини тутиши, ҳар бир масалага жиддий эътибор қаратиши, теран фикрлаши-ю дунёқараши кенглиги учун. Тумандошларимизнинг кўпчилиги у кишининг ёрдами, маслаҳати билан жамиятда ўз ўрнини топган. Кўпчилик у кишини устоз дейишининг сабаби ҳам шунда. Аммо…

Яқиндагина устознинг айрим хусусиятларини кўриб, шундай инсон билан бир жамиятда яшаётганимдан, таниш эканлигимдан афсусланиб кетдим. Бошқаларни билмадиму, аммо мен ҳеч қачон бировни орқа қилиб ишимни бажармайман. Ўз билимим, савиям билан жамиятда, касбдошларим орасида ўрнимни топишга ҳаракат қиламан. Касбимда, оиламда, ҳаётимда муаммоларим бўлганидек, «хизмат бўлса айтинг» дейдиган таниш-билишларим ҳам етарли. Фақат айтишни ўзимга эп кўрмайман. Ёнимга кимнидир орқа қилиб келувчилар ҳам ҳурматимга лойиқ бўлмайди…

Хуллас, устознинг бир жияни бор. Институтни-ку битирган. Лекин етарлича билим олмаган. Бир-икки марта ҳамсуҳбат бўлганман. Фикрлаши, оддий ҳаётий тушунчаси ҳам ҳаминқадар. Шу пайтгача жиян савдо-сотиқ қилиб юрарди. Бир куни туманимиздаги номи улуғ ташкилотларнинг бирида ишлаётганини кўриб ҳайрон қолдим. Эгнидаги костюм-шими бирам ярашган. Кўрсангиз танимайсиз. Кўпнинг орасида мени кўриб, кўзлари чақнаб кетди. Югуриб ёнимга келаркан, салом-аликни ҳам насия қилиб,

«Ариза билан шикоятнинг қандай фарқи бор, опа? Шу саволга жавоб беролмадим. Ишга кирганимга олти ой бўлди. Худди мен ҳамма нарсани биладигандек, турли хил савол беради. Ҳали энди компьютерни ўрганаётган бўлсам. Қарору фармонни сўрайдими-ей» деганидан билдимки, унинг фаолиятини ўрганишга келишган. Қаранг, ишлаётганига олти ой бўлибди-ю, ариза билан шикоятнинг, қарор билан фармоннинг фарқини тушуниб олмабди. Унга билганимча тушунтирдим. Назаримда, гапларимни диққат билан тинглади-ю, аммо ҳеч нарсани тушунмади.

Ўйлашга ҳаракат қилманг, сабаби жуда оддий. Унинг луғатида ариза, шикоят, қарор, фармон ва шунга ўхшаш сўзлар шу пайт­гача бўлмаган. «Ҳасадчи экансан, битта жиян ишласа ишлабди-да, сенга нима?» дерсиз. Менгаям ким қаерда ишлашининг аҳамияти катта эмас. Фақат ўша жияннинг ёнида ишлаётган, унинг вазифасини ҳам зиммасига олиб, катта масъулият билан куну тун меҳнат қилаётган икки-уч ходимни ўйлаяпман-да…

Ўзи айтганидек, олти ой якуни бўйи­ча синовдан ўтолмаган жиян энди ишламаса керак, аллақачон ишдан бўшатилгандир деб ўйлагандим. Афсус, чучварани хом санаган эканман. Ўзининг тили билан айтганда, тўққиз ойлик якунида жиянга савол беришга, уни имтиҳон қилишга ҳеч кимнинг юраги дов бермабди.

– Хафа бўлмагину, оддийгина ариза билан шикоятнинг фарқига бормайсан. Бундай нуфузли жойда ишлашинг бироз нотўғрими дейман-да. Бу жойда ишлаш ўзига яраша билим, савия, дунёқараш талаб қилади. Сен эса бу дунёқарашинг билан ҳеч кимга йўл-йўриқ беролмайсан-ку, – дедим суҳбатларнинг бирида.

– Э, опа. Нимасини ўйлайсиз? «Юқори»да тоғам бўлса, менга не ғам. Ўтган гал келганлар менинг кимлигимни, кимнинг жияни эканлигимни билмасдан алланималарни сўради-да. Ўша сўраганлар ҳозир соямга салом бераяпти. Тоғамнинг мансаби бор экан, ҳеч нарсани ўйламайман. Билим, тажриба нимага керак? Бирозгина «олди-берди», «салом-алик»ни билсам бўлди-да. Опа, келадиган текширувчиларнинг ҳам томоғи бор.

Сиз озгина маош билан оила боқса бўлади деб ўйлайсиз. Аслида ундай эмас. Ўтган кунги текширувчиларга яхшига «йўталгандим», билимимга ҳам эътироз қилмасдан индамай кетишди. Ҳозир билимингиз бўлмаса ҳам, «зар»ингиз бўлса бўлди. Ҳамма ишингиз «беш» бўлиб кетаверади. Мана сиз ҳамма нарсани биласиз. Каллангизда билим дегани ғиж-ғиж. Тажрибангиз ҳам етарли. Ҳар қандай масалага ечим топиб жавоб бероласиз.

Аммо ҳеч вақонгиз йўқ. Давлат берадиган арзимас ойлик билан умрингиз ўтиб кетаяпти. Опа, бу ўткинчи дунёда яшашни ўрганинг. Мана менинг ҳамма нарсам бор. Яқинда миниб юрган машинамни янгисига алмаштираман. Шаҳарнинг қоқ марказидан иккита уй олдим. Тадбиркорлик қилиш учун тайёр бўлган, ҳатто дарахтлари ҳам ҳосилга кириб бўлган иккита иссиқхонанинг қарорини чиқартириб олдим. Бу ёғи маза. Пулнинг ўзи оқиб келаверади.

– Нима, тайёр иссиқхона? Қандай қилиб? Ҳосилга киргунича кимдир куну тун меҳнат қилиб, энди роҳатини кўраман деб турган иссиқхонани ўзлаштириб олишни қандай тушуниш мумкин? – дедим ажабланиб.

– Қанақа одамсиз-ей, сизни ким айтади олий маълумотли журналист деб? Ҳаётда ҳамма нарсанинг иложи бор. Беш йил олдин давлатнинг ерига иссиқхона қилиш учун қарор чиқартириб олганларнинг қарорини бекор қилдириш унчалик муаммо бўлмади. Оддий қиш­лоқ одамларини арзимаган пул билан рози қилдик. Биттаси тихирлик қилиб кўнмаяпти. Идорама-идора чопиб юрибди. Аммо қўлидан ҳеч нарса келмайди. Ўртада тоғам турибди. У кишига ҳеч ким қарши боролмайди.

Бехижолат сўзлаётган жияннинг кўзларига боқдим. Наҳотки инсонлар шу даражада тубанлашиб кетган бўлса? Ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат қаерда қолди? Кўп эмас, бирозгина мулоҳаза қилсангиз, бир-иккита давлат идораларига борсангиз, атрофимизда бундай тоға-жиянларнинг кўплигига гувоҳ бўласиз.

…Нима ҳам дердим? Қишлоғимиз кўрки бўлган устозга, жияннинг тоғасига, ана шундай «бақувват» тоғанинг жиянига инсоф сўрайман. Балки бирор йилда жиян ҳам масъулиятни ҳис қилиб, ариза билан шикоятнинг фарқини билиб олар.

Нигина ШОЕВА,
журналист

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тоғамнинг мансабига кўз тегмасин…