date
views 1 798

Хитойлик эксперт: “Бу қийинчиликлар давлат ва халқ бирдамлиги билан енгиб ўтилади”

Хитойлик эксперт: “Бу қийинчиликлар давлат ва халқ бирдамлиги билан енгиб ўтилади”
Аввал хабар берганимиздек, яқинда 15 нафар хитойлик шифокор ва тиббиёт мутахассисларидан иборат гуруҳ COVID-19 билан курашишдаги чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистонга келди.

Ушбу гуруҳ раҳбари, Хитой Халқ Республикасининг Цзянси провинцияси соғлиқни сақлаш департаменти бошлиғи ўринбосари Лоу Лишэн “Халқ сўзи” газетасига эксклюзив интервью берди.

— Жаноб Лишэн, бугун дунё “коронавирус”, деб аталмиш офат билан курашмоқда. Бу муҳим синовда Хитой катта тажриба тўплади. Айтинг-чи, ушбу эпидемияга қарши курашда мамлакатингиз қандай чораларни қўллади? Уларнинг муҳим жиҳатларини гапириб берсангиз.
— Чиндан ҳам, мазкур вирус халқ ва давлатни катта синовларга рўбарў қилди. Иқтисодиёт ва аҳоли турмуш тарзи қийин аҳволга тушиб қолди. Коронавирус бошқа вируслардан тубдан фарқ қилади. Унинг бир инсондан иккинчисига ўтиш тезлиги жуда юқори ва осон. Шу сабабдан амалга оширилиши керак бўлган энг тўғри йўл, бу — чекловлардир. Яъни вирусни юқтирган киши бошқа одамларга тарқатмаслиги учун барча чекловларни қўллаш муҳим саналади.

Хитой вирус кенг тарқала бошлаганидан кейин чекловларни жорий қилишга мажбур бўлди. Мамлакатимиз раҳбари Си Цзиньпин топшириғи билан ҳар бир ҳудудда карантин тадбирлари қўлланила бошланди. Касалликни юқтирган ҳар бир инсон ва у билан мулоқотда бўлганлар карантин зоналарига олиниб, назорат қилинди. Фақат шу йўл орқали биз бу касаллик оғир оқибатларга олиб келишининг олдини олдик.

Хитой бу чоралар зарур ва самарали эканлигини ўз мисолида кўрди. Касалликнинг бошланиш даври — Хитойнинг энг муҳим байрамига тўғри келди. “Баҳор” деб номланадиган ушбу байрамда аҳоли бир шаҳардан бошқа шаҳарга бориши одатга айланган. Яъни инсонларнинг бир-бири билан алоқа ўрнатиши ҳолати жуда юқори бўлган давр ҳисобланади. Агар мамлакатимиз бу чекловларни ўрнатмаганида эди у келтириб чиқариши мумкин бўлган оқибатлар тасаввурга сиғмасди. Хитой аҳолисининг жуда кўплигини инобатга олиб, коронавирус устидан эришилган назорат, яъни ғалабани жуда улкан натижа дейиш мумкин.

— Ўрнатилган чекловлардан ташқари яна қандай ишлар амалга оширилди?
— Хитой жуда катта ҳудудга эга давлатдир. Ҳар бир жойда вирус тарқалиши жараёни ўзига хос характерга эга эди. Шу нуқтаи назардан, ҳукумат чекловларни ўрнатишдан аввал ҳудудларни ўрганиб чиқди. Касаллик қандай тарқалиши мумкин ва бу жараёндаги бошқа табиий омиллар таҳлил қилинди. Манзиллар хусусиятига қараб карантин зоналари ташкил этилди. Масалан, бизнинг Цзянси провинциясини айтадиган бўлсак, у ерда аҳоли сони жуда кўп. Провинциянинг 11 шаҳри ва қишлоқ ҳудудлари бор. Аҳоли яшаш зичлиги ва бошқа шароитлардан келиб чиқиб, учта стратегик жойни ажратдик.

Коронавирус аломатларидан бири тана ҳароратининг ошишидир. Биз провинцияда тана ҳароратини ўлчайдиган 300 дан зиёд шохобчаларни ташкил қилдик. Агар бу пунктлардан ўтаётган одамда вирус аломатлари кузатилса, шу ернинг ўзидан касалхоналарга олиб бориш имконияти яратилди.

Одамлар гавжум жойларда назорат кучайтирилди. Ҳар бир кишининг ҳаракатланиш жадвали ёзиб борилди. Юқорида айтганимдек, вирусга чалинган одам билан алоқада бўлганларнинг рўйхати тўлиқ шакллантирилди. Бундай кишилар дастлаб уй шароитида карантинга олинди. Уларда касаллик аломати пайдо бўлиши билан махсус клиникаларга жойлаштириш ишлари бажарилди.

Бу чекловларни халқимиз жуда тўғри қабул қилди. Аммо улар орасида айрим тушунмаганлари ҳам учради. Биз бундай кишиларга коронавирусга қарши самарали дорилар ҳали мавжуд эмаслигини, фақат чекловлар билан саломатликни сақлаб қолиш мумкинлигини тушунтирдик. Аҳоли касаллик моҳиятини англаганидан сўнг уйида сақланиш тўғрилигини тушунди ва бу билан давлатга ҳам катта ёрдам берди.

Хитойда коронавирус устидан назорат ўрнатилганидан кейин чекловлар аста-секин, босқичма-босқич олиб ташлана бошланди. Айни пайтда мактаблар, корхоналар имкон даражасида фаолиятини қайта йўлга қўймоқда. Уларга эҳтиёткорлик чораларини унутмаслик тушунтирилмоқда.

— Ўзбекистонда ўрнатилган карантин қоидалари билан танишиб чиқдингиз. Бу чора-тадбирларни нақадар тўғри, деб ўйлайсиз?
— Бизнинг делегация Ўзбекистонга ўз тажрибасини алмашиш мақсадида ташриф буюрди. Хитойда бу мавзуда бир сериал ҳам суратга олинди. Унда Буюк Ипак йўлининг муҳим нуқтасида жойлашган юртингиз ҳақида ҳам ҳикоя қилинади. Яъни Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар, тарихий дўстлик муносабатлари кўрсатиб ўтилган. Қолаверса, икки давлат раҳбарларининг ўзаро дўстона муносабатлари ҳамкорлигимиз ривожланишида устувор роль ўйнаяпти.

Эътироф этиш жоизки, Ўзбекистонда кейинги уч йилда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантиришга давлат сиёсати даражасида катта эътибор қаратилмоқда. Юртингизга келишимдан аввал Ўзбекистоннинг коронавирусга қарши амалга ошираётган саъй-ҳаракатларини ўрганиб чиқдим. Фикримча, мамлакат Президентининг қўллаб-қувватлаши натижасида татбиқ этилаётган чоралар тўғри ва улар жуда муҳим ижобий натижалар беради. Улар ўз вақтида қўлланила бошлаганини алоҳида айтишим зарур.

Яна бир муҳим жиҳати, давлат коронавирусга чалинган ҳар бир одам соғлиғига жиддий эътибор қаратяпти. Бундан ташқари, у билан мулоқотда бўлганлар қатъий карантин назоратига олинмоқда. Боғчалар, мактаблар ва бошқа аҳоли гавжум бўладиган объектларнинг вақтинча ёпилишини тўғри қарор, деб ҳисоблайман.

Юртингиз кўчаларида одамлар ҳаракатланиши жуда кам. Бу ўзбекистонликларнинг давлат томонидан олиб бораётган ишларга хайрихоҳлигини ифодалайди. Бундан ташқари, яна бир эътибор қаратган жиҳатим, кўчалар тоза, санитар шароитлари ҳам жуда яхши. Тез ёрдам хизмати фаолияти ҳам намунали ишламоқда. Хулосам шуки, юртингизда ҳар бир беморнинг соғайиши учун зарур ишлар ўз вақтида амалга ошириляпти. Аҳоли бундан кейин ҳам карантин қоидаларига амал қилган ҳолда давлатни қўллаб-қувватлашда давом этса, коронавирус устидан назорат, албатта, ўрнатилади.

— Яна қандай ишларни амалга ошириш Ўзбекистон учун фойдали бўлади, деб ҳисоблайсиз?
— Албатта, ҳар бир инсонга тушунтириш ишларини янада кучайтириш зарур. Одам уй шароитида ўзини касалликдан ҳимоя қилишга интилиши керак. Ҳимоя воситаларидан тўғри фойдаланиш, қўлни вақтида ювиш, ҳавони тез-тез алмаштириб туриш ва бошқа гигиеник қоидалар ҳақида мунтазам маълумотлар бериб бориш фойдадан холи эмас. Шунингдек, тиббиёт муассасалари барча керакли техник асбоб-ускуналарга ва малакали кадрларга эга бўлиши муҳимдир. Бу қийинчиликлар давлат ва халқ бирдамлиги билан енгиб ўтилади.

Диққатга сазовор яна бир жиҳати, Ўзбекистон вирусга чалинганларни даволашда ҳам катта ижобий натижаларни қайд этяпти. Буни дунёнинг бошқа давлатлари билан таққосласак, янада яққол кўринади.

— Бу ердаги фаолиятингиз нималардан иборат?
— Биз юртингизга келган заҳоти уч гуруҳга бўлиндик. Режаларни тақсимлаб, ишга киришдик. Биринчи гуруҳ Самарқанд вилояти шошилинч тиббий ёрдам маркази ва болалар шифохонасига борди. Шифохонани қайта реконструкция қилишда ўз маслаҳатларимизни бердик ва COVID-19 билан касалланган беморларни даволаш ҳақида маҳаллий шифокорлар учун маърузалар ўқидик.

Кейинги икки гуруҳ Вирусология илмий текшириш институти ҳамда Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-тадқиқот институти мутахассислари билан алоҳида учрашувлар ташкил қилди. Ўз тажрибамиз билан ўртоқлашдик, касалликни диагностика қилиш ва даволаш учун тавсиялар бердик.

Тошкент вилоятида барпо этилаётган махсус шифохоналардаги шароитларни кўздан кечирдик. Бир гуруҳимиз Фарғона водийсига йўл олди. У ерда ҳам қатор тадбирлар ўтказиш кўзда тутилган.

Қолаверса, ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз учун махсус тайёрланган COVID-19 ҳақидаги материаллар тўпламларини тақдим қилдик.
Биз юртингиз билан ҳамкорлик қилиб, тажриба алмашиб, бу синовлардан муваффақиятли ўтиб оламиз.

Омонулла ФАЙЗИЕВ
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Хитойлик эксперт: “Бу қийинчиликлар давлат ва халқ бирдамлиги билан енгиб ўтилади”
-->