date
views 3 779

Адо этилган васият...

Адо этилган васият...
1941 йилнинг кузи... Мусахон дарахтларда сарғайиб, шамолнинг беланчагида оҳиста тебранганча гоҳ ерга, гоҳ ариқ сувига тушаётган олтинранг япроқларга термулиб ўтирарди. Унинг хаёли паришон эди. Эртага урушга жўнайди. Умрида илк бор қўлига қурол олади. Сўнг эса...

Қўлидаги Эргашхоннинг типирчилаганидан Мусахоннинг хаёли бўлинди. Бир ярим ёшли ўғли митти қўлчалари билан унинг юзини силади. Беихтиёр йигитнинг кўзларига ёш қалқди. “Нима бўлган тақдирда ҳам жангга кириш керак. Мана шу мурғакларнинг тинч-тотув ҳаёти учун, Ватан озодлиги учун, шаън, ор-номус учун!” У шу сўзларни пичирлаганча уйи томон шахдам юриб кетди...

Вокзалда тумонат одам йиғилганди. Фронтга отланган йигитларга оталар панд-насиҳат қилар, оналар, ёш гўдагини кўтарган аёллар унсиз кўз ёш тўкарди. Бошқа сафдошлари каби Мусахон ҳам онаси тутган нонни тишлагач, югуриб поездга чиқиб олди. Хадичахон аянинг дуога кўтарилган қўллари, аёли Нисохоннинг мунгли кўзлари ва ўғли Эргашхоннинг маъсум чеҳраси унинг кўз ўнгида муҳрланиб қолди...
***
1945 йил, 9 май. Иккинчи жаҳон уруши немис фашистларининг мағлубияти билан тугади. Муҳораба майдони — ҳаёт-мамот майдони. Оловли жангоҳлардан кимдир қайтди, кимдир қайтмади.
Жумладан, Андижон вилоятининг Марҳамат туманидан фронтга йўл олган Мусахон Аҳмедов ҳам “бедарак” кетади.

— Отам юборган мактубларни асраб қўйгандик, — дейди Эргашхон Хўжаев. — Бу хатларда навқирон ёшда ҳаётнинг аччиқ шаробини тотишга мажбур бўлган — ёш оиласини ташлаб, урушга кетган, турли синовларни, азоб-уқубатларни бошидан кечирган инсоннинг қалб дардлари акс этарди. Шу билан бирга, Ватан учун, эл-юрт учун, мусаффо осмон учун қон кечиб, душманга қарши мардонавор жанг қилаётган ўктам йигитнинг ғурурбахш туйғулари барқ урарди. Уларни ўқиб, чексиз ифтихор туярдим... “Азизларим, сизларни соғиндим. Уруш ҳам тугай деб қолди. Германия остонасидамиз. Ғалаба онлари яқин...” Отамдан келган сўнгги мактубнинг мазмуни шундай эди... Кун, ой, йиллар ўтди. Аммо биз кутган инсон келмади. Дийдор қиёматга қолди.

Хадичахон аянинг ўғлини қидириб, излаб-суриштириб бормаган жойи қолмади. Она барибир она-да! Ўзи гулдек сўлса-да, умиди сўнмайди. 1956 йили ҳаёт билан видолашаркан, набираси Эргашхонга отасининг дарагини топишни васият қилди...
***
Собиқ иттифоқ даврида бир номақбул тушунча бор эди: номаълум аскар. Иккинчи жаҳон урушида Ватани, оиласи, яқинлари учун жангга кирганлар тақдирига бундай ёндашув инсон шаъни, қадр-қимматига катта ҳурматсизлик эди. Ана шундай ноинсоний муносабат сабаб ўз фарзандларини, қариндошларини, турмуш ўртоқларини фронтга кузатган миллионлаб ватандошларимиз уларнинг йўлларига узоқ йиллар илҳақ бўлиб, кўз тикиб яшади. Кўпгина кишилар “бедарак” кетган яқинларининг тирик ёки шаҳид эканлигини билмасдан ҳаётдан кўз юмди.

Фақат истиқлол туфайлигина дунёни фашизм балосидан халос этиш йўлида жонини қурбон қилган инсонлар хотирасига бундай ёндашув барҳам топди. Юртимиздан фронтга кетиб, ҳалок бўлган минглаб жангчиларнинг номи, уларнинг жасорати, дафн этилган жойлари аниқлаштирилиб, “Хотира” китобига муҳрланди.

— Мактабда тарих фанидан дарс берган онам 1994 йили “Хотира” китобини варақлаб, бобом ҳақидаги маълумотларни топиб келди, — дейди Гулжаҳон Хўжаева. — Унда бобомнинг Польшада вафот этгани ёзилибди. Шундан сўнг катта бувимнинг руҳини шод этиш, армонларини рўёбга чиқариш учун архивлардан излаб, бобом ҳақида кўплаб маълумотларга эга бўлдим. У киши 1-Украина фронтининг 7-гвардия механизациялашган корпуси таркибида танкчи сержант бўлиб хизмат қилган экан.

Бироқ 1945 йил 3 апрель куни, ғалаба байроғи кўтарилишига бир ой қолганида оғир яраланиб, Польшанинг Кендзежин Козле шаҳрида (ўша вақтдаги Германиянинг Хейдебрек шаҳри) ҳарбий шифохонада ҳаётдан кўз юмади ҳамда ушбу шаҳарга дафн қилинади. Ўтган йили май ойида бобомнинг қабрини излаб топиш ва зиёрат қилиш мақсадида Польшага йўл олдим. Кендзежин Козле шаҳри ҳокимиятига бориб учрашдим. Улар ўзбек халқининг ўз аждодларига бўлган ҳурматига, аёл киши бўлишимга қарамай, бобом қабрини излаб келганимга лол қолишди. Сўнг бобом ҳақидаги ҳужжатларни беришди. Ўзбек жангчисининг қабри шаҳардаги биродарлик мозорида 121-рақамда қайд қилинган экан.

Гулжаҳон опа бобоси қабрини зиёрат этди. Қуръон тиловат қилиб, Яратгандан ўтганларнинг руҳини шод этишини сўради. Сўнг қабрдан бир сиқим тупроқ олди...
Танкчи бобо хоки Ватанига, аждодлари мангу ором топган мозорга қўйилди.

Дилшод КАРИМОВ

Манба: Халқ сўзи
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Адо этилган васият...
-->