
Барчамизга маълумки, ҳозирги кунда коронавирус пандемияси дунё бўйлаб иқтисодий ва ижтимоий вазиятни тубдан ўзгартириб, барча соҳаларда мутлақо янгича ёндашувларни қўллашга эришилмоқда. Пандемия авж олган давлатларда инфекцияни чеклаш бўйича ҳимоя чоралари ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда иқтисодиётни қўллаб-қувватлашга қаратилган кўплаб дастурлар амалга оширилиб келинмоқда.
Мамлакатимизда коронавирус инфекцияси аниқланган вақтдан бошлаб давлатимиз томонидан ушбу вазиятга тез ва самарали равишда биринчи устувор вазифалар белгиланиб, мамлакатимизда карантин режими жорий этилди. Ушбу вазифалар натижасида олий таълим тизимида ҳам бир қанча ўзгаришлар бўлиб, барча талабалар учун масофавий (онлайн) таълим йўлга қўйилди. Бу жараён таълим тизимидаги янги босқич бўлгани ҳамда карантин тартибининг жорий этилгани таълим муассасаларинниг масофавий таълимга ўтиш ишларини янада жадаллаштирди. Буни эса олий таълимдаги янгича қадам ва инновацион ёндашувларга олиб борган йўл сифатида эътироф этсак бўлади.
Хусусан, масофавий ўқитиш тартиби жорий этилганлиги муносабати билан Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиали профессор-ўқитувчилари ҳам масофавий иш усулига ўтказилиб, замоний ва илғор ахборот коммуникацион технологияларидан фойдаланган ҳолда талабаларга онлайн дарс машғулотларини ўтиб келишмоқда.
Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиали (кейинги ўринларда Ихтисослаштирилган филиал) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 февралдаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–4166-сон қарори билан ташкил этилган бўлиб, мазкур қарорга кўра Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Миллий гвардияси ва Ички ишлар вазирлигининг Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида юридик кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича олий таълим муассасаси ҳисобланади.
Мазкур қарор билан Ихтисослаштирилган филиалнинг қуйидаги бир қатор вазифалари белгиланган бўлиб, жумладан:
- юриспруденция соҳасида базавий ва амалий касбий тайёргарликни таъминлашга қаратилган ўқув режалари ва дастурлари асосида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш;
- назарий тайёргарликнинг ҳуқуқни қўллаш фаолияти билан узвий боғлиқлигини таъминлашга қаратилган замонавий шакл ва усуллар, ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда ўқув жараёнини таълим беришнинг модул тизими асосида ташкил этиш;
- таълим олувчиларнинг психологик тайёргарлиги, ҳуқуқий, сиёсий маданияти ва ҳуқуқий онгини оширишнинг самарали тизимини яратиш;
- таълим олувчиларнинг аҳоли ва оммавий ахборот воситалари билан ишлаш ва ўзаро ҳамкорлик қилиш кўникмаларини такомиллаштириш;
- ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича фаолиятини услубий ва консультатив таъминлаш;
- юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни амалга оширувчи таълим ва илмий-тадқиқот, шу жумладан хорижий мамлакатлардаги муассасалар билан ўзаро самарали идоралараро ҳамкорликни чуқурлаштиришдан иборатдир.
Ихтисослаштирилган филиалда ўқиш муддати 3 йил бўлиб, ўқитиш кундузги таълим шаклида ҳамда давлат грантлари амалга оширилади ҳамда бакалавриатга қабул квотаси йилига 255 кишини ташкил этади. Шунингдек “Юриспруденция” (ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш) бакалавриат таълим йўналиши бўйича юридик кадрлар тайёрланади.
Қарорга кўра, ўқишга қабул қилинган шахсга Ички ишлар вазирлиги ёки Миллий гвардия тизимида Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида камида 5 йил узлуксиз ишлаб бериш мажбурияти юкланади ҳамда ўқишни тамомлаган талабаларга Ихтисослаштирилган филиал дипломининг мавжудлиги ички ишлар органларига Ички ишлар вазирлиги Академиясида махсус касбий тайёргарликни ўтмасдан, “лейтенант” махсус унвони берилган ҳолда хизматга қабул қилиш учун асос бўлиши белгиланган.
Бундан ташқари, «ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш» мутахассислиги бўйича олий ноюридик маълумотга эга бўлган кадрларни қайта тайёрлаш кундузги таълим шаклида махсус олти ойлик дастур бўйича белгиланган намунадаги диплом берилган ҳолда амалга оширилади ҳамда мазкур қайта тайёрлаш дастури эса ҳар олти ойда 50 кишини ўз ичига қамраб олади.
Бугунги кунда масофадан туриб ўқитишнинг янги усуллари тобора оммалашиб бориши ушбу жараённи қулай ташкил қилиш имконини берадиган хизматларнинг кўпайиши билан боғлиқ бўлиб қолмоқда. Хусусан, видео конференциялар, ишчи гуруҳ тизимлари, корпоратив порталлар, ижтимоий тармоқлар, платфорамалар ва маълумотлар базаларининг бугунги кунда фаол ривожланаётганини ҳамда такомиллашиб бораётганини кўришимиз мумкин.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан барча олий таълим муассасаларининг талабалари учун таълим платформаси, жумладан Ихтисослаштирилган филиалнинг ҳам таълим платформаси (talim.sbtsul.uz) ишга туширилди. Мазкур таълим платформаси орқали таълим олаётган талабаларимиз ҳар бир фан доирасида ўзларига керакли бўлган маълумотлардан узлуксиз фойдаланиш имкониятига эга бўлдилар.
Онлайн дарс машғулотлари ҳамда таълим платформаси орқали бериб борилаётган топшириқлар натижасида талабаларимиз томонидан доимий равишда замонавий ахборот коммуникация технологияларни қўллаган ҳолда ҳар бир фанни инновацион ўзлаштириш усулларини ўз қўллари билан яратаётган материалларида ҳам кўришимиз мумкин.
Масалан, Ихтисослаштирилган филиалнинг 1-курс талабалари Худойқулов Содиқжон, Замидов Дониёрбек, Баратова Сабина ва яна бир қанча талабалар масофавий таълим натижасида ахборот коммуникация технологияларини кенг қўллаган ҳолда Давлат ва ҳуқуқ назарияси модулидан берилган топшириқларни инфографика ҳамда махсус программалар орқали тез ва осон ўзлаштириш усулларини ўрганишди. Шунингдек, бир қанча педагог ходимларимиз ва талабаларимиз онлайн конференция ҳамда вебинарларда иштирок этиб, ўз тажрибаларини янада ошириб келмоқдалар.
Шуни қайд этиш лозимки, талабаларнинг мустақил ўз устида ишлаш, таҳлилий фикрлаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан ишлаш, маълум бир масала ечими бўйича мустақил қарор қабул қилиш кўникмаларини ривожлантириш мақсадида ҳар бир фан мавзуси доирасида тайёрланган мантиқий саволлар, муаммоли масалалар (казуслар) талабалар эътиборига етказилиб, уларнинг ечими бўйича талабалар томонидан тайёрланган таҳлилий жавоблар муҳокама қилиб борилмоқда. Бундай ташқари талабалар рейтингини ҳисобга олиш электрон тизими орқали барча турдаги назорат ишларини онлайн топшириш ишлари йўлга қўйилгани барча талабалар учун алоҳида қулайлик яратди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, бундай ноанъанавий таълим бериш шакли кўплаб талабаларимизни янада ўз устида ишлаб, таълимдаги янги жараёнга янгича қарашлар билан кириб келишини таъминламоқда.
Тошкент давлат юридик университетининг
Ихтисослаштирилган филиали Давлат-ҳуқуқий
фанлар кафедраси ўқитувчиси
Абдуллаева Дилфуза
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ихтисослаштирилган филиали Давлат-ҳуқуқий
фанлар кафедраси ўқитувчиси
Абдуллаева Дилфуза
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар