
Фото: Оқил Ғуломов / ЎзА
Республика махсус комиссиясининг тадбиркорлик субъектларида санитария талабларига риоя этмаслик оқибатида коронавирус аниқланган тақдирда, ушбу объектларни ва шахсларни карантинга олиш билан боғлиқ харажатлар мазкур хўжалик субъектлар ҳисобидан қопланишига оид қарори жамоатчиликда эътироз уйғотмоқда. Комиссиянинг бу ҳақдаги қарори 14 июнь куни эълон қилинди.
Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабековнинг изоҳлашича, бунинг асосий сабаби – «яшил» ва «сариқ» ҳудудларда жойлашган қурилиш, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатишга ихтисослашган тадбиркорлик субъектлари масъулиятни тўлиқ ҳис қилиши ва карантин тадбирларига риоя этишига эришиш билан боғлиқ.
Нурмат Отабеков коронавирус айнан қайсидир тадбиркорлик субъектида юққанини қандай исботлаш мумкинлигига оид масалага қуйидагича изоҳ берди:
«Эпидемиологик суриштирувлар пайтида барча имкониятлар ишга солинади. Аввало, касаллик қаерда юққани гумон қилинади. Сўнг бу гипотеза тасдиқланиши керак бўлади. Тадбиркорлик субъектига касаллик юқтиргани айбини қўйиш асосий мақсад эмас. Тадбиркорлик субъектлари касаллик юқтириш учун шарт-шароит яратиб бермаганини исботлаш имконига эга. Буни санитария ҳолатини назорат қилиб турадиган масъуллар ҳам кўриши мумкин».
Унинг қўшимча қилишича, ҳар бир тадбиркорлик субъектига битта санитария врачини назорат қилиш учун бириктиришнинг имкони йўқ. Шунинг учун тадбиркорлик субъектлари эгалари видеокузатув камераларидан фойдаланиши мақсадга мувофиқ.
«Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 18-1-моддасига кўра, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиб-таомилининг мураккаблаштирилиши ва тадбиркорлик фаолияти субъектлари зиммасига янги мажбуриятлар юклатилишини назарда тутадиган, шунингдек уларнинг жавобгарлигига оид янги чораларни белгилайдиган қонун ҳужжатлари расмий эълон қилинган кундан эътиборан камида уч ойдан кейин кучга кириши белгилаб қўйилган.
Комиссия қарори қонун ҳужжати ҳисобланмаса-да, жамият ҳаётини тартибга солаётган муҳим қарорлар қабул қилаётгани, уларнинг баъзилари тадбиркорлар фаолиятига ҳам бевосита дахлдорлигини инобатга олиб, юқоридаги қонун талабига амал қилиш лозим бўлади.
Яъни, башарти, тадбиркорлик субъекти ўзининг айбсизлигини исботлаши учун видеокузатув камераларини ўрнатиш талаб қилинар экан, ушбу ишни бажариши учун унга камида уч ой вақт берилиши керак ва айни шу муддат ўтгунича видеокузатув камералари йўқлиги важи билан тадбиркорлик субъектига қўшимча мажбуриятлар юклаш қонуний эмас.
Тадбиркорлик субъектлари касаллик юқтириш учун шарт-шароит яратиб бермаганини исботлаш учун видеокузатув камераларидан фойдаланиши мақсадга мувофиқлиги таъкидланди. Акс ҳолда, тадбиркорлик субъекти ўзининг айбсиз эканини исботлаши қийин бўлишини тушуниш қийин эмас.
Агар видеокузатув ўрнатилмаса, тадбиркорлик субъектига касаллик юқтиргани айбини қўйиш осон кечади.
Қизиқ ҳолат: тадбиркорлик субъекти касаллик юқтириш учун шарт-шароит яратиб бермаганини исботлашга мажбурми? Айбсизлигини исботлаш учун видеокузатув ўрнатиш тавсия қилинаётганидан шу маъно келиб чиқмоқда.
Жиноят-процессуал қонунчилиги билан аналогия қилинадиган бўлса, бу худди шахсга жиноий айблов эълон қилиниб, айбсизлигини исботлашни айбланувчининг ўзига юклаб қўйишга ўхшайди. Айбсизлик презумпциясига кўра, айбланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб беришга мажбур эмас, балки органлар қонунда назарда тутилган тартибда унинг айбдор эканини исботлаши керак бўлади.
Шу ўринда бир савол туғилади: видеокузатув камералари ҳаводаги ёки инсон организмидаги коронавирус инфекцияларини кўра оладими?
Тадбиркор карантин қоидаларига албатта риоя қилиш керак. Буни ҳеч ким инкор этолмайди. Аммо тадбиркор ўз ҳудудида карантин қоидаларига юз фоиз амал қилган тақдирда ҳам, унда фаолият юритувчи ходимлар ёки мижозлар орқали касаллик юқиши мумкинлиги эҳтимоли паст кўрсаткичларда бўлса-да, барибир сақланиб қолишини ҳам ҳеч ким рад қилолмайди.
Бутун дунёга хавф солиб турган бу вируснинг юқиш даражаси ўта юқори экани буни исботлаб турибди. Бу ўринда қанчалик ҳимоя воситалари билан ҳимояланмасин, касалликка чалинган беморлар билан мулоқотда бўлаётган тиббиёт ходимларида ҳам тез-тез касаллик аниқланаётганини эслаб ўтиш лозим.
Шундай экан, бугунги оғир шароитда фаолиятини энди қайта тиклаган тадбиркор-ишбилармонларга мантиқсиз қарор орқали ортиқча харажатларни юклаш қанчалик тўғри бўлишини яна бир бор ўйлаб кўриш зарар қилмайди. Йўқса, бу ҳам карантин қоидаларини бузган ҳайдовчилар-у, уларнинг жарима майдонларида қолаётган машиналари каби қонунсиз амалиётга айланиб кетмаслигига кафолат йўқ.
Аббос Салайдинов,
ҳуқуқшунос
ҳуқуқшунос
Манба: Kun.uz «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар