14:02 / 11.08.2020
3 521

Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент фармони-суд тизими такомиллашуви жараёнида муҳим ҳужжат сифатида

Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент фармони-суд тизими такомиллашуви жараёнида муҳим ҳужжат сифатида
Мамлакатни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири суд тизимини изчил демократлаштириш, суд ҳокимиятининг устақиллиги тўғрисидаги конституциявий нормаларга қатъий риоя этилишини таъминлаш ҳисобланади.

Суд тизимини ислоҳ килишга қаратилган кенг қамровли чораларга қарамасдан, суд фаолиятида ҳозирги кунга қадар сақланиб келаётган муаммолар ушбу соҳадаги ислоҳотларни давом эттириш заруратини келтириб чиқармоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлда “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6034-сонли фармонининг қабул қилиниши суд-хуқуқ тизимини такомиллаштириш ва либераллаштириш зарурияти билан асослидир.

Мазкур фармон мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, одил судловни, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, одил судловга эришиш даражасини оширишни суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишлари этиб белгилаб берди.

Суд тизимининг ташкилий-ҳуқуқий шаклини замон талаблари ва халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш зарурати мавжуд эди.
Хусусан, бугунги кунда вилоятларда фуқаролик, иқтисодий, жиноят ишлари бўйича судларнинг тузилмавий жиҳатидан алоҳида-алоҳида фаолият юритиши амалиётда муайян муаммоларни келтириб чиқармоқда. Судларнинг тарқоқ бўлганлиги фуқаролар ва тадбиркорларнинг сарсон бўлишига, суд ишлари бўйича ягона амалиётнинг шаклланмаслигига сабаб бўлмоқда.

Масалан, Франция, Италия, Канада, Жанубий Корея, Қозоғистон, Беларус ва бошқа давлатларда ўрта бўғин умумюрисдикция судлари фуқаролик, жиноят ва иқтисодий ишлар бўйича ягона суд сифатида фаолият юритади. Шундай экан, бугунги куннинг талаби суд тизимини оптималлаштириш орқали судларнинг фуқаролар учун очиқлигини таъминлашдир.

Бундан ташқари, суд тизимига 2021 йил 1 январдан бошлаб ортиқча суд босқичларини бекор қилиш орқали «бир суд – бир инстанция» тамойили жорий этилмоқда. Яъни, туманлараро, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят даражасидаги судлар томонидан апелляция тартибида, апелляция тартибида кўрилган суд қарорларини эса Олий суд томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш, кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича суд қарорларини эса Олий суд раиси, Бош прокурор ва уларнинг ўринбосарлари протестига кўра кассация тартибида такроран кўриб чиқиш назарда тутилмоқда.

Мазкур қоидалар шахсларга қулайлик яратиш ва улар оворагарчилигининг олдини олиш мақсадида белгиланган бўлиб, шунинг ўзиёқ фармоннинг нақадар халқчиллигини, унда шахснинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш биринчи ўринга қўйилганини англатади.
Ҳозирданоқ, ҳуқуқ илмининг етакчи олимлари, тажрибали ҳуқуқшунослар ва халқаро экспертлар ушбу тамойилнинг юртимизда жорий этилиши фақат ижобий ҳолат экани, бунинг натижасида судлар мустақиллиги янада мустаҳкамланиши, бир судда фақат бир босқичнинг бўлиши ишларни холис кўриб чиқишга замин яратиши, суд қарорларини кейинги босқичларда сифатли ва қисқа муддатларда кўриб чиқиш, йўл қўйилган хатоларни тез фурсатда бартараф этиш имкониятлари вужудга келишини таъкидлашмоқда.

“Бир суд-бир инстанция” тамойилини жиноят ишлари бўйича судлар тизимида жорий этилишини кўриб чиқсак, унга мувофиқ ҳар қандай турдаги жиноятларнинг квалификацияси, ижтимоий хавфлилигидан қатъий назар дастлаб биринчи инстанция судларида, хусусан туман (шаҳар) судларида мазмунан кўриб чиқилиши белгиланмоқда. Бу тамойилнинг амалга киритилиши мазкур судларнинг масъулиятини янада оширади, илгари юқори босқич судларида кўрилган айрим тоифадаги ишларни биринчи босқичда мазмунан кўриб чиқилиб, асосли ва адолатли қарор қабул қилиш учун туман (шаҳар) суди судьялари чуқур билимга ва тажрибага эга бўлишлари талаб этилади, зероки инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини муносиб ҳимоя қилишда, ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсларга тегишли жазо тайинлаб, уларнинг ҳуқуқларини чеклашда хатога йўл қўйиш жамиятимизда шаклланиб келаётган судга бўлган ҳурмат ва ишончни сусайтиради.

Суд ишларини назорат тартибида кўриш институти эса тугатилмоқда. Бундай тартибнинг ўрнатилиши натижасида судда ҳар бир иш бўйича якуний тўхтамга келиш орқали суд қарорларининг барқарорлиги таъминланади ҳамда фуқаролар ва тадбиркорлар сарсон бўлишининг олди олинади.

Амалиётда жиноят процесси иштирокчилари биринчи инстанция судида иштирок этиш ва далилларни тақдим этишда ҳам, апелляция ва кассация инстанцияларида ишларни кўриб чиқишда ҳам сифатга нисбатан ҳар доим ҳам жиддий муносабатда бўлмаётганлигидан далолат беради. Бу кўпинча, агар нимадир бой берилган бўлса ва кўриб чиқилмаган бўлса, назорат тартибида шикоят ёки протест бериш имконияти ҳар доим сақланиб қолиши хусусидаги субъектив ишонч билан ҳам боғлиқдир. Бунинг устига назорат тартибида иш юритиш бўйича бир неча бор ташаббус қилиниши мумкин.

Бундан ташқари назорат тартибида иш юритишни ташкил этиш тартибининг таҳлили бу тартиб судда иш юритишдаги тортишув принципига мувофиқ эмаслигидан гувоҳлик беради. Биринчидан, назорат тартибида иш юритиш тарафларнинг мурожаатларига қараб ташаббус қилиниши мумкин. Иккинчидан, суд фаол мавқеини эгаллайди ва ЖПКнинг 511-моддасида кўрсатилган шахсларнинг, айнан Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ва унинг ўринбосарлари ўз хоҳишига кўра суддан ҳар қандай жиноят ишини текшириш ва назорат протести келтириш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун ўз ваколатлари доирасида талаб қилиб олиши учун асос бўлиши мумкин.

Яъни, шунинг ўзиёқ ишни кўриб чиқишда холисликка ва беғаразликка риоя этилишини истисно этади. Учинчидан, бундай хоҳиш Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорида ва унинг ўринбосарларида ҳам назарда тутилган. Бу назорат тартибида иш юритишнинг суд процессида тарафларнинг турли мавқеига эга эканлигидан далолат беради ва бу судда иш юритишнинг тортишув принципини бузади.

Эътиборга лойиқ томони шундаки, ҳукм қонуний кучга кирганидан кейин суд қарори қонун кучига эга бўлади. Шу муносабат билан ғарб юристлари фақат назорат тартибида иш юритиш босқичинигина эмас, балки янги ёки янгидан очилган ҳолатлар туфайли ишларни қайтадан бошлаш босқичини ҳам инкор этадилар.

Юқорида баён этилганларнинг барчаси жиноят процессида суд қарорларини қайта кўриб чиқиш институти тизимидан назорат тартибида иш юритишни чиқариб ташлаш тўғрисида хулоса ясаш имкониятини беради.

Фармонда судьялар ва суд ходимларининг иш ҳақлари ва қўшимча тўловларини тўлиқлигича Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштиришга ўтказиш ҳамда иш ҳақлари миқдорларини оширишни назарда тутувчи таклифларни 2020 йил 1 декабрга қадар ишлаб чиқиш белгиланди. Мазкур таклифлар суднинг мустақиллигини тўлиқ таъминлашга хизмат қилиб, судларнинг ижтимоий таъминот масаласини ҳал этишга ҳамда судларнинг иш ҳақилари фақат давлат бюджетидан молиялаштирилиши эса судлар томнидан тайинланадиган жарима ёки бож тўловлари суммасидан ундирувидан тушадиган суммага боғлиқ бўлмайди.

Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш ва халқаро стандартларга асосан суднинг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш мақсадида қонунчилигимизда ушбу тизимда мавжуд муаммоларни таҳлил этган ҳолда уларни бартараф этиш бўйича қуйидаги таклифлар илгари сурилади:
Биринчидан, судьяларнинг мустақиллигини таъминлаш учун уларнинг мақомини ошириш лозим. Фикримизча, хориж тажрибасини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг “Судьялар мақоми тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқиш истиқболдаги муҳим масаладир. Чунки амалдаги Ўзбекистон Республиканинг “Судлар тўғрисида”ги қонуни судьялар мақоми масалаларини етарлича ҳуқуқий тартибга солинмаган;

Иккинчидан, судьялар дахлсизлигини таъминлашда уларнинг интизомий жавобгарлиги масаласи ҳам муҳим ўрин тутади. Чунки судьяга нисбатан асоссиз интизомий жавобгарлик унинг мустақиллиги ва дахлсизлиги бузилишига сабаб бўлади. Шунинг учун интизомий жавобгарлик ҳақидаги қўзғатилган ишни кўриб чиқиш тартиб-таомиллари, асослари ҳам муҳимдир. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, миллий қонунчилигимизда интизомий жавобгарлик тушунчаси, унинг мақсади, энг муҳими интизомий жазо турларини қайси ҳолатларда қўллаш тартиби ва мезонлари ёхуд интизомий жавогарликка тортилган судьяларни рағбатлантириш мақсадида қандай ҳолатларда уларни интизомий жавобгарликка тортилмаган деб эътироф этиш масалалари ва муддатлари аниқ ифода этилиши зарур.

Учинчидан, интизомий жазо чораларини фақат қўпол ва тизимли қоидабузарликларга боғлаб қўйиш зарур. Шу сабабли “Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисида”ги Низомда судьянинг хатоларини интизомий қоидабузарликдан аниқ ажратиб вақтинчалик чора сифатида судьянинг малака даражасининг пасайиши шаклида киритиш таклиф этилади;

Тўртинчидан, судьяларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг кафолатлари билан боғлиқ масалалар тизимли таҳлил этилиб уни ҳуқуқий тартибга солишда устуворликни қонун орқали берилиши истиқболли йўналиш ҳисобланади. Россияда мавжуд “Судьялар ҳуқуқий мақоми тўғрисида”ги қонуни ушбу масалаларни тизимлаштирилган тарзда кўришимиз мумкин.

Бешинчидан, судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда судьяга нисбатан ҳурматсизлик қилиш, шунингдек уни очиқдан-очиқ менсимасликдан каби хатти-ҳаракатларни олдини олиш Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига санкция белгиловчи қўшимча нормаларни киритиш лозим.
Бир сўз билан айтганда, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар судларни янада демократлаштириш ва либераллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоялашда алоҳида аҳамиятга эгадир.

Отабек Тошев,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти
маъсул ходими

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент фармони-суд тизими такомиллашуви жараёнида муҳим ҳужжат сифатида