13:03 / 07.09.2020
2 623

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳаси илм минбарида

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳаси илм минбарида
Мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ушбу соҳалар самарадорлигини ошириш юзасидан бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 февралдаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–4166-сон қарори шулар жумласидандир.

Мазкур қарор билан Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиали ташкил этилган бўлиб, унга кўра Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Миллий гвардияси ва Ички ишлар вазирлигининг Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида юридик кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича олий таълим муассасаси ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 14 майдаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонунига кўра, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси — ҳуқуқ-тартиботни сақлаш ҳамда мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларга барҳам бериш, шунингдек ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш, бартараф этиш мақсадида қўлланиладиган ҳуқуқбузарликлар умумий, махсус, якка тартибдаги ва виктимологик профилактикасининг ҳуқуқий, ижтимоий, ташкилий ва бошқа чора-тадбирлари тизими эканлиги белгилаб қўйилган.

Бундан ташқари, илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда ички ишлар органлари тизимин ислоҳ қилиш, ҳуқуқбузарликларни барвақт профилактика қилиш ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида пробация хизмати фаолияти йўлга қўйилди.

Пробация “синов” деган маънони англатиб, халқаро тажрибада озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларнинг ижро этилишини таъминлаш ва назоратини олиб бориш фаолияти билан шуғулланади. Бунда суд ҳукми ёки ажрими билан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларга ҳукм қилинган шахслар томонидан жазонинг ижро этилишини таъминлайди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 февралдаги “Ички ишлар органлари пробация хизмати фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган 2020-2021 йилларда ички ишлар органлари пробация хизмати фаолиятини янада самарали ташкил этиш бўйича чора-тадбирлари режасида пробация фаолиятига оид илмий-тадқиқот ишларини кучайтириш масаласи назарда тутилган.

Бундан ташқари, 2020 йил давлатимиз томонидан Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили деб эълон қилиниб, бу борадаги устувор мақсадлар белгиланди. Эндиликда мазкур устувор мақсадлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий Аттестация Комиссияси Раисининг жорий йилнинг 28 августдаги қарорига биноан Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиали ҳузурида юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини берувчи илмий кенгаш тузилди. Илмий Кенгаш 12.00.14 – “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси. Жамоат хавфсизлигини таъминлаш. Пробация фаолияти” ихтисослиги бўйича диссертациялар ҳимоясини ўтказади.

Бу эса, мамлакатимизда аввалдан шаклланган илмий мактаблар салоҳиятини ҳисобга олиб, ҳозирги босқичдаги миллий манфаатларимиз ва тараққиётимиз йўлида айнан ушбу соҳаларни илмий салоҳиятини ривожлантириш учун айни муддао десак бўлади.

Таъкидлаш жоизки, ушбу соҳадаги таълим ва илм-фанга алоҳида эътибор қаратилганлиги мазкур соҳаларни янги босқичга кўтаришни талаб қилади. Бу эса жамиятимиз олдида турган долзарб масалаларни илм-фансиз ечиш қийинлигидан келиб чиқиб, мазкур соҳани ва олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлатимизнинг устувор вазифаларидан бири эканлигинини кўришимиз мумкин.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, айнан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва пробация фаолияти соҳалари бўйича олиб бориладиган илмий тадқиқотлар шу соҳаларнинг ривожланишида муҳим аҳамият касб этади. Айнан улар орқали янги билимлар ўзлаштирилади ва назариялар шакллантирилади, келгуси амалий тадқиқотлар ҳамда инновацион ишланмалар учун мустаҳкам асос яратилади.

Тошкент давлат юридик университетининг
Ихтисослаштирилган филиали
Хусусий-ҳуқуқий фанлар кафедраси мудири в.б.
Дилфуза Абдуллаева

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳаси илм минбарида