date

Машҳур боксчининг собиқ хотини қидирувга берилди

Машҳур боксчининг собиқ хотини қидирувга берилди

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги маълум қилишича, машҳур боксчи Дмитрий Биволнинг собиқ турмуш ўртоғи Екатерина Бивол расман қидирувга берилди. Бу ҳақда вазирликнинг матбуот хизмати маълумотларига таяниб Tengrinews хабар берди.

Расмий хабарларга кўра, мазкур ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган, бироқ аниқ қайси воқеа учун экани ҳозирча ошкор этилмаган. Терговга қадар текширув ишлари олиб борилаётгани маълум қилинган.

Екатерина Бивол аввалроқ ижтимоий тармоқда турли миллат ва элат вакилларини ҳақорат қилувчи сўзлар билан чиқиш қилган видео ёйилган эди. Ушбу ҳолат жамоатчиликда катта норозилик уйғотди. Орадан кўп ўтмай, Қирғизистонда уни ҳибсга олиш ҳақида ордер чиқарилди.

Бишкек шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси маълумотларига кўра, у Қирғизистон Жиноят кодексининг 330-моддаси — “ирқий, миллий ёки минтақалараро адоватни қўзғатиш” банди бўйича айбланмоқда. Ушбу модда бўйича жазо чораси 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум этишни назарда тутади.

Жамоатчилик ва фойдаланувчилар унинг хатти-ҳаракатини кескин қоралаб, бундай чиқишлар бағрикенглик ва инсонпарварлик тамойилларига зид эканини таъкидлади.

Бундан олдин Екатерина Бивол собиқ эрининг оиласи ҳақида ҳам кескин фикрлар билдирган, ҳатто боксчининг онасини ҳақоратли сўзлар билан тилга олган.

Маълумот учун, Қирғизистонда туғилган россиялик профессионал боксчи Дмитрий Бивол енгил вазн тоифасидаги WBA чемпиони ҳисобланади. У ва Екатерина 2007 йилдан бери муносабатда бўлиб, 2014 йилда расман турмуш қурган. Эр-хотин бир ўғил фарзандли бўлган, аммо 2023 йил июнь ойида 16 йиллик никоҳ расман бекор қилинган.

Шундан сўнг, улар ўртасидаги можаро ижтимоий тармоқларда ва судларда давом этиб, ўзаро айбловлар билан жамоатчилик эътиборида бўлиб келмоқда. Екатерина Бивол эрини хиёнат ва молиявий алдовда айблаган бўлса, Дмитрий унинг хатти-ҳаракатларини “ахлоқ нормаларига зид” деб атаган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Машҳур боксчининг собиқ хотини қидирувга берилди