16:06 / 18.10.2020
4 271

Оила, никоҳ, ажрим ва мулк, куёвнинг бекчилиги, келиннинг хурмача қилиқлари ва арзон ижара уйлари қуриш таклифи...

Оила, никоҳ, ажрим ва мулк, куёвнинг бекчилиги, келиннинг хурмача қилиқлари ва арзон ижара уйлари қуриш таклифи...
Аввало, мавзу оила-никоҳ ва ажримлар ҳақида экан, мақоланинг номланишида мулк сўзини тиқиштиришни қандай зарурати бор деган савол бўлиши ҳам мумкин. Балки, савол ўринли ҳамдир. Лекин, бу ҳақда бироз кейинроқ, хулоса қисмида тўхталамиз. Ҳозирча муқаддимани бироз кириш сўзми, кириш гапими ёки сўз бошими, нима бўлса ҳам шунга яқин келадиган жумлалар билан бошласак, менимча, фойдадан холи бўлмайди...

Яхши биласиз, муқаддас динимизда оила – никоҳ ниҳоятда улуғланади, жуда юксак қадрланади. Шунданми дейман, «Бир оила бузилса, арши аъло титрайди» каби ҳадислар кўпчилигимизнинг онгу-шууримизда яшайди. Чунки, оила бизнинг ажралмас ва энг олий қадриятимизга айланиб улгурган. Қадриятларимиздан хабардор кўпчилик учун эса, яна бир ҳадиси шарифда келтирилган «Инсон оила қурса, динининг ярмини мукаммал қилган бўлади...» сўзларини бир бор такрорлаш кифоядир. Эр-хотинларнинг ҳар бирига қарата айтилган Бақара сураси, 187-оятидаги “…Улар сизлар учун либос, сизлар улар учун либосдирсиз…», каломини моҳияти ҳам бугун бизга сир эмас. Асоски, албатта, эр-хотин бир-бирини тўлдириб туради, бир-бирини тарбиялайди. Турли ёмон иллатлардан асрайди. Ана шунинг учун ҳам “оила ва никоҳ” деган қадрият жамиятда ўзининг такрорланмас ўрнига эгадир.

Асосий қонунимизда ҳам тарихий ва ҳам миллий қадриятимизга айланган оилага алоҳида бир боб (Конституция 14-боб) ажратилган ва мазкур боб “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга. Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади.”, деган жумла (ҳуқуқий норма) билан бошланиб... «ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга, вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар», дея якунланади. Тўғрида, оила давлат муҳофазасида бўлиб, никоҳ тенг ҳуқуқлийлик асосида қурилар экан, оила бошлиғи, ота-оналар ҳам нафақат никоҳ муносабатларида, балки фарзандлари – оиласи олдида ҳуқуқдор бўлиши билан бирга, бурчдор бўлиб мажбурият олади.

Айни шу муносабатларга сиз билан биз «оила», унга қўйилган пойдеворни эса, «никоҳ» деймиз. Мавзунинг номланишидаги мулк (хусусий, оила мулки) ана шу оилани, унинг пойдеворни мустаҳкам сақлаб турувчи асосий омиллардан бири саналади. Тез хулоса чиқаришга зинҳор шошилманг, оила пойдеворидаги биргина омил – мулк билан боғлиқ деган фикрдан йироқман. Лекин, оиланинг ўз бошпанаси, оила юритиш учун у ёки бу мол-мулк, ашё ва воситалар, пул-маблағ, иш билан таъминланганлик, қилинаётган меҳнат ортидаги даромад ҳам муқаддас оилани асраб-авайлаш учун зарурий «мулк» ҳисобланади. Дарвоқе, мулк деганда, ҳам моддий ва ҳам номоддий, оила ва никоҳда, эр-хотин ўртасида эса, ёшликда берилган таълим-тарбия асосида орттирилган маънавий мулкнинг ўрни ҳам беқиёсдир.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Иблисга унинг лашкарларидан энг яқини энг кўп фитначисидир. «Эр-хотиннинг орасини бузгани эса, иблис учун ундан ҳам яқинидир» (Имом Муслим)...

Ҳозирча, кириш қисмни шу ерда якунлаб, мавзуни қисқача таҳлилига ўтамиз. Оилавий ажримлар... албатта уларнинг сабаб ва омиллари турлича:

- мулксизлик, ишсизлик, қайноначилик, қайнотачилик, куёвнинг бекчилиги, ичкиликбозлик, гиёҳвандлик, келиннинг хурмача қилиқлари, қариндош-уруғ, қўни-қўшниларнинг оила ҳаётига ортиқча аралашуви, оилалардаги ҳам моддий ҳам маънавий тафовут, бепуштлик, психик, наркологик, таносил, сил, ОИВ/ОИТС касалликлари, айниқса ёшлар ўртасида кўпайиб бораётган жинсий мувозанатнинг (ориентация) бузилиши, масъулиятни тўла англаб етмаслик (никоҳ шартномаларидан фойдаланмаслик оқибати) ва бошқа биз билган ва билмаган кўплаб асослар мавжуд.

Шу ўринда, «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази маълумотида, 2018 йил апрель–сентябрь ойларида 18.521 нафар ажрашиш арафасида турган оилаларда турмушнинг бузилишига сабаб сифатида қуйидаги омиллар кўрсатилган:

- 48,4 фоиз — эр-хотин ўртасидаги маиший келишмовчиликлар; 17,4 фоиз - қайнона, қайнота ёки учинчи шахс, умуман бошқаларнинг оила ишига аралашуви; 5,3 фоиз-бепуштлик; 6,3 фоиз -моддий етишмовчиликлар, турмуш ўртоғининг ишсизлиги ва иқтисодий муаммолар; 5,5 фоиз - ичкиликбозлик ва бошқа зарарли одатлар оқибати; 3,5 фоиз - ички ва ташқи миграция; 11,3 фоиз - бошқа турли сабаблар.

Айни марказнинг яна бир тадқиқотига кўра, оилавий ажримларга:

- 43,3 фоиз - эр-хотиннинг оилавий ҳаётга тайёр эмаслиги; 24,5 фоиз - моддий етишмовчилик; 12,6 фоиз - характерларнинг мос келмаслиги; 10,3 фоиз - бир-бирига бефарқлик; 5,5 фоиз ─ жавоб беришга қийналаман; 3,8 фоиз - гиёҳвандлик ва ичкиликбозлик. Ёш оилаларнинг бузилишига эса, 41 фоиз ҳолатларда характерларнинг тўғри келмаслиги, 13 фоиз ҳолатда бефарзандлик, 15 фоизида моддий қийинчиликлар, 34 фоизида учинчи шахс аралашуви, 25 фоизида зарарли одатлар сабаб бўлаётгани иддао қилинади.

Менимча, бу қайдларни тадқиқот дейиш бироз ноўрин, негаки, бир томонлама, юзаки ва саёз таҳлил, чуқур илмий хулосаларга, атрофлича мониторинг таҳлилларига асосланмаган, балки айрим узоқ ва яқин хориж давлатининг ё айрим халқаро ташкилотларнинг маълумотларига тақлиддек туюлади. Шунинг учун ҳам бу хулосаларни ажримлар борасидаги тадқиқот деб бўлмайди.

Сўзимнинг исботи сифатида эса қисқагина қилиб, қуйидагиларни келтириш мумкин. Масалан: 43,3 фоиз ажримлар асосида эр-хотин оилавий ҳаётга тайёр эмаслиги омил экан. Оилавий ҳаётга тайёр эмас, деган тушунча нима ўзи?.., 15-19 ёшда турмушга чиққан аждодларимиздан сўраш керакдир балки, бу тушунчани жавобини, Сизлар никоҳга кирганда, оила қуришга тайёр бўлганмисиз?,- деб. Унда бу саволга тахминан шундай жавоб берилиши эҳтимолдан холи эмас... «Болаларим, бу тушунча нималигини билмадигу, лекин, оила қургандан сўнг яшаганмиз уни муқаддас билиб»... 30 ёшда оила қурилса, у ҳолда оила қуришга тайёр деб ким айта олади ё оила қуришга тайёр, деган бирор мезон борми?

10,3 фоиз ажримларнинг асосида эса, эр ва хотиннинг бир-бирига бефарқлиги - буниси энди кулгили ҳолат. 48,4 фоиз - эр-хотин ўртасидаги маиший келишмовчиликлар, 24,5 фоиз - моддий етишмовчилик деб келтирилади. Бу юзаки ёки нопрофессионал ёндашувдир. Менга «Тадқиқот»даги фақатгина ажримларга бепуштлик, ичкиликбозлик ва бошқа зарарли одатлар асос деган жумлалари бироз ҳақиқатга яқиндек кўринади. Албатта, бу шахсий фикрим...

Мана бу маълумотни ўқинг: “Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан жорий йилнинг шу вақтига қадар 15 минг 413 та ажрим ёқасига келиб қолган оилаларнинг 9 минг 980 таси, яъни, 60 фоизи яраштирилди. Шунингдек, 11 минг 985 та никоҳи қонуний расмийлаштирилмаган оилалар аниқланиб, уларнинг 5 минг 960 таси ёки 57,8 фоизининг никоҳи қонуний расмийлаштирилди (Вазирлик матбуот хизмати).
Биринчидан, агарда вазирлик ўтган беш-олти ойда қарийб 10 000 га яқин ажрашаётган оилани сақлаб қолган бўлса, бу фаолият фақатгина олқишларга сазовор бўларди.

Иккинчидан, вазирлик томонидан никоҳи қонуний расмийлаштирилмаган 5 минг 960 таси ёки 57,8 фоизининг никоҳи қонуний расмийлаштирилгани - бу энди ортиқчадек...

Ушбу маълумотларни келтиришимдан мақсад, қайси бир тизим ёки уларнинг фаолиятини танқид қилиш эмас. Мақсад, оила-никоҳ масаласига жиддий ёндашиш вақти келгани.

Шуниси аниқки, бугун бу борада чуқур илдизли ислоҳотларни амалга оширишимиз ҳаётий заруратдир.

Нега ажримлар ортиб боради? Бу савол Ўзбекистоннигина эмас, барча давлатларни бирдай ташвишга солади. Энг илғор давлатлар ҳам бу масалада кўп ишлашади, қанча илм, қанчадан-қанча меҳнат, маблағ ва вақт сарфлашади...

Бироқ, шу билан бирга, ажримларнинг ортиши ҳали фалокат эмас. Фалокат шуки, жуда катта фоиз ва кўрсаткичлар билан ўша ажрашган оилаларнинг қайта оила қуришдаги имконсизлиги, келинг эркакларни қўя турайлик... аммо, опа-сингил, қиз-аёлларимизнинг қайта оила қуришдаги ўта чекланган имкониятлари ва ночор шарт-шароитлари асл фалокатдир. Илғор давлатлар бу борада анча-мунча амалий ишларни қилиб улгуришган. Биз эса, бозор иқтисодиёти шароитида ҳамон ажримлар қайд этилиши ва ортиб бораверишини табиий жараён эканлигини ҳам тан ола билганимиз йўқ.

Биргина мисол, судлар томонидан эр-хотинга 3 ва 6 ойлик ярашув муддатини бериб, «Яраштирув комиссиясига» юборилаётган ҳолатларнинг 90 фоизидан ортиғи, балки ундан ҳам кўпроғи ярашишни исташмаган.

Энди асосий масалага ўтсак, никоҳ ва ажрим... Нега, нима учун, нима қилиш керак? Ечими бўйича таклифлар борми? Ана шундан гаплашсак...

1. Энг аввало ажримлар ортиб боришини фалокатли қилиб қабул қилмасдан, бу жараённи тан олишимиз, биз ҳам шу ер юзидаги жаҳон деган жамиятнинг бир бўлаги эканлигимизни ёддан чиқармаслигимиз муҳим. Агар буни тескарисини давом эттириб, оила-никоҳ, ажримлар масаласига сиёсий популизмни, ортиқча маъмурий ва бошқа воситаларни керагидан ортиқ аралаштирсак, ҳозирги аҳвол ҳам ёмонлашиб боравериши мумкин.

Қисқагина даврда оилавий низоларга ўз вақтида барҳам берилмаганлиги оқибатида 5 940 та оила-турмуш муносабатлари доирасидаги ҳуқуқбузарликлар содир этилган, оила-турмуш доирасида тазйиққа учраган хотин-қизларнинг 2 776 нафарига ИИВ тизимлари томонидан «ҳимоя ордери» берилган. Ачинарлиси, эр - хотинлар ўртасида бир-бирининг ҳаётига қасд ва суиқасд қилишдек, оғир жиноятлар ортган. Демак, барбод бўлган оилани сақлаб қолишга ортиқча аралашув мақсадга мувофиқ эмас.

Бунинг исботини аниқлаш учун қуйидаги маълумотлар ҳам йўналиш беради деб ҳисоблайман. Агар, битта туманлараро фуқаролик суди мисолида кўрилган иш (низо)ларга эътибор берсак, Тошкент шаҳридаги бир туманлараро ФИБ суднинг ўзи жорий йил 9 ойида жами 3163 та иш кўрган бўлса, уларнинг 752 таси никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлардир. Шу ишларнинг 331 тасида никоҳдан ажратилган бўлса, 334 тасида никоҳдан ажратилмаган. Ажратиш рад этилган ишлардан ташқари, ажратилмаган ва ярашиш учун муддат берилган ҳолатларнинг ҳам 90 фоиздан ортиғи ярашиб кетишмайди. Ажратиш рад этилган ишларнинг ҳам катта қисмида эса, 6 ойдан кейин яна ажрашишга даъво ариза билан мурожаат қилинади.

2. Агар, никоҳдан ўтувчиларнинг тахминан камида 60 фоизи ўз мол-мулкига (кучмас) ёки уй-жойига, оила учун керакли ашё ва воситаларига эга эмаслигини эътироф этсак, шундай ҳақиқат аён бўладики, кўпгина оилалар таваккалига, яхши бўлиб кетар деган ўйда, яхши ниятлар асосида қурилар экан. Ёки опа-сингилларимизни ҳаёт деган кемага ўзимиз таваккалига чипта олиб берамиз десак ҳам бўлади (буни ажримларда афсус ва надомат билан айтаётган опа-сингилларимизни гап сўзларидан англадим).

Хатомиз шундаки, биз кўёв эмас, келин танлашга кўпроқ эътибор қаратамиз. Нега оила бошлиғини танлашга эмас, оила бекаси (аксарият)ни танлашга бор эътиборни қаратамиз. Ахир ажримларга асос деб келтирилган ва биз қоғозга ўраб айтаётган моддий қийинчиликлар деб айтаётган омил, айнан куёвга - ўша оила бошлиғига бевосита боғлиқ-ку. Агар оила бошлиғининг ҳеч бўлмаса, бир оила яшаши учун шахсий ёки доимий яшаши учун турар жойи бўлмаса, турар жой ота-онаси ва оила бошлиғининг ака-ука, опа сингилларига бирдай тегишли бўлса ҳамда ўзлари уй-жой қилиб чиқиб кетар деган ниятда оила қурилса, бунга имконият топилмаса бундай оилалар катта эҳтимол билан барбод бўлишга махкумдирлар. Нима қилиш керак? Ўз уй-жойига ва шахсий мол-мулкига эга куёвлар сони чекланган. Қизни узатиш керак. Бўлмаса, қолиб кетади, ижтимоий мувозанат бузилади.

Мана шу жойда давлат бу масалани ҳал қилишга амалий қадам қўйиши керак. Яъни, “Оила жамиятнинг асоси”, деган ижтимоий лойиҳани ҳаётга татбиқ этиши лозим. Айни шу ижтимоий лойиҳа доирасида кредитга эмас, давлат ва хусусий шерикчилик асосидаги ижара уйлари (кўп қаватли)ни кенг кўламда қуриш, шу уйларни уй-жойга муҳтож, даромади кам, бошланғич ва кредит тўловларини ҳам ўз вақтида тўлашга қодир бўлмаган оилалар билан умрбод ижара шартномаси асосида уларга бериш мумкин. Шу йўл билан қанчадан-қанча оилаларни сақлаб қолиш эҳтимоли мавжуд.

Ҳа айтганча, ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш ва уларга маблағ ажратиш жараёнида ёшлар, аёллар, кексалар, болалар деб уларни алоҳида ажратиш эмас, кўп урғуни уларни бирлаштирган «оила»ларнинг мустаҳкамлашга қаратиш муҳим.

3. Гарчи менталитетимизга унчалик ҳам мос келмаса-да, келажакда фарзандларимиз учун, никоҳ шартномасини ҳам ҳаётга кенгроқ татбиқ этиб боришимиз даркор. Илло, уй-жой, бошпанаси қолаётган, опа сингилларимиз ва фарзандларимиз тақдири ана шу чорани ҳам тизимли қўллашни тақозо этмоқда. Бу шартномаларни тузишга мавжуд қонунларимизда ҳам йўл қўйилади.

4. Бозор иқтисодиётига асосланган ҳуқуқий демократик давлат барпо этишни мақсад қилдик. Лекин, Фуқаролик кодексда оила мулкини, хусусий мулкни, оила қонунчилиги ижодкорлигини бозор иқтисодиётига асосланган ҳуқуқий демократик давлат талаби даражасига олиб чиқдик дея олмаймиз. Шунингдек, йиллар давомида оила ҳуқуқи алоҳида мукаммал ҳуқуқ даражасига ета олмади. Айтиш шартки, Фуқаролик кодекси эскирди, уни ҳадеб ямаш эмас, илдизли қайта ишлаш лозим, оила ҳуқуқини эса, мукаммал ва алоҳида ихтисослашув асосида қайта ишлаб чиқишимиз керак. Фуқаролик кодексимиз ва оила кодексидан ҳамон собиқ иттифоқнинг асорати уфуриб турибди, аксарият оилавий мулкий, хусусий мулкий низоларнинг ҳам илдизи аслида шундандир.

Битта туманлараро ФИБ судда 9 ой давомида кўрилган 197 та оила низолари, 365 таси уй-жой низолари билан боғлиқ ишларнинг ўзиёқ бу борадаги ҳуқуқ ижодкорлигини такомиллаштириш учун чуқур тизимли ишларни қилиш лозимлигини тақозо этади.

5. Ўзига кўмак керак бўлиб турган «Маҳалла институти»ни фақатгина бизда мавжуд, бу ноёб институт деб, роли ва ўрнини сунъий оширмасдан, уларни оилалар билан муносабатлари чегарасини аниқ белгилаб қўйиш давр талаби. Негаки, биз охирги пайтларда кўплаб маҳаллаларга оқсоқол сайлаш ўрнига раис, яъни ижтимоий ҳимояга муҳтожларга пул тарқатадиган, коммунал тўловлар учун қарздорликни йиғишга масъул ҳамда маҳаллий ҳокимиятни бошқа топшириқларини елиб югуриб бажарадиган маъмурий натижада маҳалла муҳитига кам эътибор қаратадиган ишчилар тоифасини шакллантириб қўйдик.

Айниқса, баъзи ҳолларда, муносиб бўлмаган кадрларни ҳам танладик. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, ташкил топганидан буён август ойигача бўлган қисқа даврда фаолиятида йўл қўйган камчиликлари учун 34 нафар туман (шаҳар) ҳокимларининг ўринбосарлари – маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари бошлиқлари, 283 нафар маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари лавозимидан озод этилган. 8 нафар туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари бошлиқлари ҳамда 103 нафар маҳалла раисларига нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилган.

Шундай экан, маҳаллаларни (ҳаммаси ҳам эмас) оилаларни мустаҳкамлаш, айниқса ажрим ёқасидаги оилаларни яраштириб қўйишдаги роли яраштирув ҳақида хулосани расмийлаштиришдангина иборат бўлиб қолмоқда. «Давлат + Маҳалла+Оила» тизимини боғлаш ёки оилаларга кўмак бериш лозим бўлса, буни фақатгина давлат томонидан ажратилаётган маблағни тақсимловчи, соат каби ишлайдиган мукаммал, ақлли, замонавий инновацион воситалар асосидаги жамғармавий тузилма орқали амалга оширса ҳам бўлади.

6. Амалдаги қонунчиликка кўра, судлар фаолиятида дастлаб никоҳ бекор қилиниб, ажрим қайд этилишига, болалар ва аёлнинг кейинги тақдири, улар ҳуқуқларининг кафолатлаш, фарзандлар тақдири, мол-мулк тақсимоти кейинроқ кўриб чиқилмоқда. Бу тажриба эса, ўзини оқламаяпти. Билсангиз, оила-никоҳ ҳуқуқий институти у билан боғлиқ низолар ва уларни ҳал этиш борасидаги ҳуқуқ, бу - бир уммон каби жуда кенг ҳуқуқий майдондир.

Шунинг учун ҳам оилавий низоларни кўриб чиқишга судларни мослаштириш, яъни, оила низоларини кўриб чиқувчи судлар ихтисослашувини ташкил этиш, керак бўлса, шаҳарлар ва аҳоли ҳамда низолар кўп ҳудудларда бир ёки бир неча маҳаллалар учун участка судларини ташкил этиш вақти келганлигини англатади. Бу борада тайёр илғор ва ижобий натижа бераётган хорижий тажриба мавжуд.

7. Ажрашаётган аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларни кўчада қолиб кетмаслигини кафолатлаш учун ҳам эр-хотиннинг фарзанди ва биргаликдаги мол-мулки бўлмаган тақдирда ҳам никоҳ фақат суд томонидан ажратилиши лозим. ФХДЁдан бундай ваколатни олиб ташлаш, қонунчиликка ана шундай тузатиш киритиш керак.

8. Ёш оилалардаги ажримларга сабаблардан бири – гиёҳвандлик, психик, наркологик, таносил, сил, ОИВ/ОИТС касалликлари, айниқса ёшлар ўртасида кўпайиб бораётган жинсий мувозанатнинг (ориентация) бузилиши ва бошқа шунга ўхшаш касалликлар эканлигини инобатга олиб, никоҳланувчиларнинг тиббий кўрикдан ўтказиш қоидаларини бузиш, сохта ва қалбаки маълумотномалар берганлик учун жиноий жавобгарлик санкцияларини кучайтириш ва қаттиқлаштириш лозим.

9. Ниҳоят хусусий мулк, бугунги кунда уйга киритиб қўйиш, уйдан чиқариш, уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш, уй-жойни биргаликдаги мулк деб топиш, уй-жойдан ҳисса ажратиб бериш, уй-жой меросидан улуш белгилаш, эр ёки хотин мулкларидан улуш белгилаш, эр-хотин ёки улардан бири ташкил этган тадбиркорлик субъектлари (корхона, Х/Ф, МЧЖ ва ҳак.)да улуш белгилаш каби низоларнинг кўпайиб бориши, оила мулкида, хусусий мулк ҳуқуқининг кафолатларини такомиллаштириш билан бирга, доимий прописка деган тушунча, рўйхатга қўйиш ва рўйхатдан чиқаришни уй-жойдан фойдаланиш деган тушунчадан ажратиб қўйишимиз, бу борадаги қонун ҳужжатларини аниқлаштиришимиз шарт.

10. Ёшларнинг ахборот хавфсизлигини етарлича таъминланмаганлиги, ижтимоий тармоқлардаги, салбий ва зарарли ахборотлардан ҳимояланмаганлиги сабаб, турли мақсадли гуруҳлар (тажовузкорлик, ваҳшийлик, ичкилик, гиёҳвандлик, фахш, ноодатий жинсий муносабатларни, оила бўлиб яшаш муҳим эмаслигини тарғиб қилувчи)нинг таъсирига тушиб қолаётганлигини ва бу ёш оилаларнинг қисқа муддатда ажримига омиллардан бири бўлаётганлигини тан олиб, кечиктириб бўлмайдиган стратегик чораларни кўришимиз керак.

11. Ажримларга яна бир омил қайноначилик, қайнотачилик, куёвдаги бекчилик, қариндошлар аралашуви кабилар булар энди маънавият, қадрият , менталитет, униб-ўсган оилавий муҳит, атроф-муҳитга уларнинг муносабати билан узвий боғлиқ масалалардир. Агар уларга қон билан кирган, шаклланиб қолган деб қарасак, фақатгина Яратгандан инсоф сўраш бу омилга ечим бўлади.

Хуллас, бу мавзуни бир мақола доирасида кўриб чиқиш имкони мавжуд эмаслигини инобатга олиб, бу мавзу яна давом этади деган умиддаман.

Шунда экан, осмонимиз мусаффо, юртимиз, оилаларимиз мустаҳкам, келин-куёв, қайнона-қайноналар аҳил-иноқ, қўни-қўшнилар тинч-тотув, никоҳ тузган оилалар ризқу-рўзли бўлиб, «Қўшганинг билан қўша қари!», «Борган жойингда тош қотгин», деган донишманд халқимизнинг, кенг маъно дуолари доим ижобат бўлсин!

Нуриддин Муродов

Манба: Uza.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Оила, никоҳ, ажрим ва мулк, куёвнинг бекчилиги, келиннинг хурмача қилиқлари ва арзон ижара уйлари қуриш таклифи...