08:40 / 09.11.2020
10 764

Ҳақ тўланадиган меҳнат таътилларини бериш тартиби

Ҳақ тўланадиган меҳнат таътилларини бериш тартиби
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 133-моддасида мувофиқ, барча ходимларга, шу жумладан, ўриндошлик бўйича ишлаётган ходимларга ҳам дам олиш ва иш қобилиятини тиклаш учун иш жойи (лавозими) ва иш ҳақи сақланган ҳолда йиллик меҳнат таътиллари берилади.

Иш жойи(лавозими)сақланиши деган тушунча меҳнат таътилида бўлган вақтида ходимни унинг розилигисиз бошқа ишга ўтказиш мумкин эмаслигини, шунингдек у билан тузилган меҳнат шартномаси ана шу муҳлат мобайнида иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиниши мумкин эмаслигини англатади. Ходим таътилда, жу жумладан меҳнат таътилида бўлган даврида белгиланган тартибда ариза беришга ва ўз хоҳишига кўра меҳнат шартномасини таътил тугагунига қадар бекор қилишга ҳақлидир. Агар муддатли меҳнат шартномасининг тугаш муддати таътил даврига тўғри келиб қолган, тарафлар эса унинг амал қилиш муддатини узайтириш хусусида келишувга эришмаган бўлсалар, бундай меҳнат шартномаси таътил вақтида бекор қилиниши мумкин.

Меҳнат шартномаси тузган ҳамда иш берувчи билан меҳнатга оид муносабатларни йўлга қўйган ҳар бир ходим муддати қонун ҳужжатларида белгиланган йиллик меҳнат таътили олиш ҳуқуқига эга. Ходимларнинг йиллик меҳнат таътили олиш ҳуқуқи иш жойига, бажарадиган меҳнат вазифасига, корхонада амалга оширилаётган хўжалик фаолияти асосланган мулк шаклига, меҳнат шартномаси муддатига, иш вақти режимига ва шу кабиларга боғлиқ эмас.

Йиллик меҳнат таътили олиш ҳуқуқидан ўриндошлик асосида ишлаётганлар ҳам асосий, ҳам ўриндошлик иши бўйича, касаначилик қилаётган ходимлар, айрим фуқаролар ихтиёрида меҳнат шартномаси бўйича ишлаётган шахслар, маҳаллий меҳнат органлари томонидан корхоналарга жамоат ишларини бажариш учун белгилаб қўйилган минимал иш жойлари миқдори ҳисобидан юборилган ходимлар ҳамда меҳнат шартномаси асосида ишлаётган бошқа шахслар, шунингдек ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган шахслар умумий асосларда фойдаланадилар.

Меҳнат кодексининг 139-моддасида календарь бўйича ходимнинг таътилда бўлиши муддатини ҳисоблаб чиқаришнинг умумий қоидаси мустаҳкамлаб қўйилган. Мазкур моддага мувофиқ, таътилларнинг муддати олти кунлик иш ҳафтаси юзасидан календарь иш кунлари билан ҳисоблаб чиқарилади. Таътил даврига иш кунлари деб ҳисобланмайдиган байрам кунлари тўғри келиб қолса, таътил муддатини ҳисоблашда бу байрам кунлари ҳисобга олинмайди. Бундай тартиб ҳам беш кунлик, ҳам олти кунлик иш ҳафтаси режимида таътилларнинг бир хил муддатли бўлишини таъминлайди. Йиллик таътилнинг умумий муддатини ҳисоблаб чиқаришда қўшимча таътиллар йиллик асосий таътилга, шу жумладан узайтирилган таътилларга ҳам қўшиб жамланади.

Қонун ҳужжатлари билан белгиланган таътилларни жамлашда уларнинг умумий муддати 48 иш кунидан ошиб кетмаслиги керак. Таътиллар муддатини ишланган вақтга мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқаришда уларнинг муддати ҳар бир тўлиқ таътил йили билан аниқланади. Бунда 15 календарь кунга тенг ва ундан кўп бўлган кунлар бир ой деб олинади, 15 календарь кундан ками эса чиқариб ташланади.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 133-моддасида мувофиқ, барча ходимларга, шу жумладан, ўриндошлик бўйича ишлаётган ходимларга ҳам дам олиш ва иш қобилиятини тиклаш учун иш жойи (лавозими) ва иш ҳақи сақлаган ҳолда йиллик меҳнат таътиллари берилади. Меҳнат кодексининг 134-моддасига асосан йиллик асосий таътилнинг муддати камида 15 кун иш кунидан иборат қилиб белгиланган.
Айрим тоифадаги ходимларга уларнинг ёши, соғлиғини ҳисобга олиб, йиллик узайтирилган таътиллар, хусусан, 18 ёшга тўлмаган шахсларга - 30 календарь кун; ишлаётган I ва II гуруҳ ногирнларига - 30 календарь кун таътил берилади.

Шунингдек, қонун ҳужжатларига мувофиқ, айрим тоифадаги ходимлар учун уларнинг меҳнат вазифаларининг ўзига хос жиҳатлари ва хусусиятлари ҳамда бошқа ҳолатларни эътиборга олиб йиллик узайтирилган таътиллар белгиланган. Масалан, Ўзбекистон Республикасининг “Прокуратура тўғрисида” (янги таҳрирда) 2001 йил 29 августдаги қонунига мувофиқ, прокуратура органлари ходимларига муддати 30 календарь кундан иборат йиллик таътил берилади.

Шуни ҳам эслатиш лозимки, узайтирилган таътилларнинг умумий ва энг кам муддати белгиланган. Шунинг учун меҳнат тўғрисидаги қонунлар ёки бошқа норматив ҳужжатларда белгиланганидан ташқари, меҳнат шартномасининг шартларида узайтирилган йиллик таътиллар бериш ҳам назарда тутилиши мумкин.

Қоидага кўра, йиллик асосий таътил биринчи иш йили учун олти ой ишлагандан кейин берилади. Иш йили меҳнат шартномасига биноан иш белгиланган кундан эътиборан ҳисобланади.

Йиллик асосий таътил икки ва ундан кейинги иш йиллари учун таътиллар жадвалига мувофиқ иш йилининг исталган вақтида берилади (МКнинг 143-моддаси). Йиллик таътилларни бериш навбати календарь йил бошлангунга қадар жадвалга мувофиқ белгиланади. Жадвал ярим йил тугагандан кейин шу даврда ишга янги қабул қилинган ходимларни ҳисобга олиб тўлдирилади. Таътиллар жадвали иш берувчи томонидан касабалар уюшмаси қумитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келиши тасдиқланади.

Қонунчиликда таътилни қисмларга бўлишга ҳам йўл қўйилади. Ходимнин хоҳишига кўра, унинг ёзма аризасига асосан таътилни қисмларга бўлишга йўл қўйилади. Бунда таътилнинг фойдаланиладиган бир қисми 12 иш кунидан кам бўлмаслиги лозим.

Қоидага кўра, таътилдан чақириб олишга фақат ходимнинг розилиги билан йўл қўйилади. Таътилнинг фойдаланилмай қолган қисми шу иш йили давомида бошқа вақтда берилиши ёки кейинги иш йилининг таътилига қўшиб берилиши керак.

Йиллик таътиллар даври учун ходимга ўртача иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўлаш кафолатланади. Таътил ҳақи жамоа шартномасида белгиланган муддатларда, лекин таътил бошланмасдан олдинги охирги иш кунидан кечиктирмай тўланади.

Дилфуза Абдуллаева,
Тошкент давлат юридик университетининг
Ихтисослаштирилган филиали
Хусусий-хуқуқий фанлар кафедраси мудири в.б.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ҳақ тўланадиган меҳнат таътилларини бериш тартиби