20:50 / 11.11.2020
1 680

Медиа маконида шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш: ҳуқуқий ва аҳлоқий жиҳатлар

Медиа маконида шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш: ҳуқуқий ва аҳлоқий жиҳатлар
Шахсий ҳаёт ва сўз эркинлиги ўртасидаги чегара қаерда? Материалларни тайёрлашда маълумотлар манбаларини қандай қилиб ҳимоя қилиш керак? Ижтимоий тармоқлар учун контент яратишнинг ўзига хос жиҳатлари нималардан иборат? Нима учун журналистик фаолиятда профессионал этикага риоя қилиш муҳим?

Айнан шу саволлар жорий йилнинг 10 ноябрь куни журналистлар ва блогерлар учун «Медиа маконида шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш: ҳуқуқий ва аҳлоқий жиҳатлар» мавзусида ташкил этилган семинар иштирокчиларининг диққат марказида бўлди. Тадбир Адлия вазирлиги томонидан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Иштирокчилар очиқ мулоқот шаклида шахсий маълумотларни ошкор қилишнинг ҳуқуқий ва аҳлоқий жиҳатлари, медиа соҳаси вакилларининг шахсий ва рақамли хавфсизлиги масалаларини кўриб чиқди. Амалий мисоллар асосида таҳлилий материаллар учун ахборот йиғиш ва унга ишлов бериш, очиқ ва ёпиқ манбалар билан ишлаш, маълумотларни визуализация қилиш, факт-чекингнинг замонавий усуллари ўрганиб чиқилди.

“Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, журналист ахборотни тўплаш, таҳлил этиш, таҳрир қилиш, тайёрлаш ва тарқатиш, ахборот олиш учун давлат органларига мурожаат этиш, давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни истисно этган ҳолда ҳужжатлар, материалларва ахборотдан фойдалана олиш ҳуқуқига эга эканлиги қайд этилди. Айни пайтда қонучилик ҳужжатлари талабларига риоя этиши, ўзи тайёрлаётган материалларнинг тўғри ёки нотўғри эканлигини текшириши ва холис ахборот тақдим этиши, айбсизлик презумпцияси тамойилига амал қилиши, журналистларнинг касбга оид одоб-аҳлоқ қоидаларига риоя этиши, шахснинг ҳуқуқлари ва эркинликларини, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиши шарт.

Қонунда, шунингдек, журналист ўз касбига доир ахборотдан шахсий мақсадларда фойдаланиши, ахборот манбаи ёки муаллиф розилигисиз жисмоний шахснинг шахсий ҳаётига тааллуқли маълумотларни эълон қилиши, шунингдек аудио ва видео ёзиш воситаларидан фойдаланиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган.

Фактлар, шунингдек репортажлар, корреспонденциялар, мақолалар, лавҳа ёки очерклар персонажлари (қаҳрамонлари)га доир шахсий маълумотларсиз журналистлик фаолиятини амалга оширишнинг имкони йўқ. Ҳаттоки оддий ахборот тайёрлаш жараёни ҳам камдан кам ҳолларда шахс иштирокисиз амалга оширилади, у доим воқеа ва ҳодисанинг диққат марказида, фото ёки видеолавҳада акс этади.

Экспертларнинг қайд этишича, фуқаронинг шахсга доир маълумотларини ҳимоя қилишни шахсий ҳаёт сирини муҳофаза қилиш билан адаштирмаслик керак. Улар икки хил тушунча. Шахсий ҳаёт – инсон шахсий деб ҳисоблаган ва бегоналардан сир сақлашни лозим топишидир. Шахсга доир маълумотлар – у ҳақдаги анкета маълумотларидир. Миллий қонунчликка кўра, шахсга доир маълумотлар бу - муайян жисмоний шахсга тааллуқли бўлган ёки уни идентификация қилиш имконини берадиган, электрон тарзда, қоғозда ва (ёки) бошқа моддий жисмда қайд этилган ахборот.

Шахсга доир маълумотларга инсонни идентификация қилиш мумкин бўлган расмий маълумотлар киради: унинг исми, фамилияси, отасининг исми, туғилган санаси ва жойи, паспорт серияси ва рақами, яшаш жойи, фотосурати ва б.ш. Бу маълумотларни тарқатиш шахсга доир маълумотлар тегишли бўлган субъектнинг рухсати билан амалга оширилади. Яъни асосий шарт – ҳар бир инсон ўзининг шахсга доир маълумотларини қайта ишлашга албатта, ўз рухсатини бериши лозим.

Қайд этилганидек, Ўзбекистонда журналистлар касбий этикаси институти қонунчилик даражасида белгиланган. Журналистларнинг касбий этикаси қоидалари – бу журналистнинг шахсияти ва касбий вазифаларини бажаришда унинг ҳатти-ҳаракатларига қўйиладиган талабларни белгилайдиган қоидалар тўпламидир. Бу қоидалар медиа ҳамжамият томонидан белгиланади. Иштирокчилар медиа соҳада ўз-ўзини тартибга солишни ривожлантириш, жумладан журналистлар касбий этикаси институтини кенг қўллашнинг муҳим аҳамият касб этишини қайд этишди.

Семинар илғор ҳориж тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, медиажамияти вакилларининг Интернет тармоғида малака ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, интернет-қонунчилик бўйича миллий ва халқаро тажриба, тармоқдаги этик стандартлар билан танишиш, шахсга доир маълумотлар, шахсий ҳаётни муҳофаза қилишга қаратилган.

Бошқаларнинг шахсий ҳаёти, шахсий ва оилавий сирлари ҳуқуқини бузиши бузиши мумкин бўлган фотосуратлар, видео роликлар, ахборот хабарларини тарқатиш ҳоллари кузатилмоқда. Баъзан хабарлар тажовузкор хусусият касб этади. Касбий ва этик стандартлар – аниқлик, фактларни фикрлар ва изоҳларлар ажратиш - нафақат анъанавий медиа, балки интернет-нашрлар учун ҳам долзарбдир.

Севара Уринбаева
Адлия вазирлиги Жамоатчилик
билан алоқалар бўлими бошлиғи

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Медиа маконида шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш: ҳуқуқий ва аҳлоқий жиҳатлар