22:22 / 02.01.2021
7 131

Шарқлик мутафаккирлар инсон руҳияти ва саломатлик ҳақида

Шарқлик мутафаккирлар инсон руҳияти ва саломатлик ҳақида
Ушбу маълумотлар профессор Зарифбой Ибодуллаевнинг «Тиббиёт психологияси» дарслигидан олинди ва zamin.uz да илк бор чоп этилмоқда.

Тиббиёт психологияси, том маънода олганда, бемор психологиясини ўрганувчи фандир. Қадимги давр адабиётига назар ташлайдиган бўлсак, тиббиёт, фалсафа ва психология фанлари чамбарчас боғланиб кетганлигининг гувоҳи бўламиз. Милоддан илгари яшаб ўтган деярли барча файласуфлар тиббиёт ва психологияга оид ўз фикрларини ёзиб қолдиришган, чунки улар руҳий кучлар манбаини инсон мияси билан боғлашган.

Эронда таваллуд топган машҳур мутафаккир Абу Бакр ар-Розий (865–925 йй.) тиббиёт оламида ўчмас из қолдирди. У ўз даврининг буюк табиби бўлган ва тарихчиларнинг ёзишича, беморларни даволашда хатога йўл қўймаган. У бирор янги дорини беморга беришдан олдин ҳайвонларда синаб кўрган. Розий беморларни даволашда руҳий таъсир қилиш билан бирга парҳезга ҳам катта эътибор қаратган. У мизож, фалажлик, жинсий алоқа, гигиеник тадбирлар ва доришунослик ҳақида кўп рисолалар битган.

Уларнинг баъзилари Ғарб тилларига таржима қилиниб, у ерда бир неча асрлар ўқитиб келинган. Розий ўзи бошқараётган шифохонада «касаллик тарихномаси»ни яратган ва беморнинг ҳол-аҳволини даволашнинг биринчи кунларидан бошлаб мунтазам қайд қилиб борган. Бу эса унга беморни даволаш мобайнида синчковлик билан кузатув олиб бориш имконини берган. Абу Бакр ар-Розий беморларни кузатиш жараёнида касалликнинг келиб чиқиш сабаблари ва оқибатларини ўрганган. Шу тариқа тиббий профилактика ва психогигиена фанларига асос солган. У врач бурчи, тиббий маслаҳатлар ҳақида ҳам ўз фикрларини ёзиб қолдирган.

Шарқда яшаб ижод қилган табиблар ҳаёти ва ижодини атоқли тарихчи олим, профессор Асадулла Қодиров «Тиббиёт тарихи» китобида батафсил ёритган. У ўз асарида Шарқ ва Ғарб олимларининг фикрларини бир-бири билан таққослайди, классик фикрларни ҳозирги замон тиббиёти билан солиштириб ўрганади. Олим айниқса, буюк мутафаккир Абу Али ибн Сино (980–1037) ҳаёти ва фаолияти ҳақида жуда катта таҳлилий маълумотлар келтирган.

Абу Али ибн Сино тиббиётнинг деярли барча соҳаларига тааллуқли «Тиб қонунлари» асарида тиббиёт ва психологияга оид бир қанча фикрлар келтирган. Бу асар ҳақли равишда дунёнинг деярли барча тилларига таржима қилинган ва тиб илмини забт этишда дастуруламал бўлиб хизмат қилган. Ибн Синонинг аҳволи оғир беморларни даволашда ишлатган турли хил усуллари (гиёҳлар билан даволаш, руҳий таъсир қилиш) афсонага айланган. Аслида булар афсонага айланган ҳақиқатдир.

Зигмунд Фрейд неврозга учраган беморларни даволашда Ибн Сино усулидан фойдаланган бўлса, ажаб эмас. У беморларга нафақат касаллик билан боғлиқ бўлган, балки шахсий ҳаётидаги муаммоларни ҳам сўзлатиб, беморларда психологик катарсисни (руҳий покланиш) юзага келтирган. Бирорта ҳам сири қолмай, барча дардини сўзлаган бемор руҳан анча енгиллашиб, баъзи ҳолларда бутунлай тузалиб ҳам кетган.

Ибн Сино ҳар бир беморни даволашдан олдин уни диққат билан ўрганиш, оиласи ва яшаш шароити билан танишиш ўта муҳимлигини уқтирган. Унинг бу фикрлари психогигиена фани вазифаларига ўхшаб кетади. Ибн Сино асарларида психопрофилактикага оид ишларни ҳам кўп учратамиз. Масалан, мутафаккир касалликларнинг олдини олишда тарбияга алоҳида урғу берган.

«Тарбия эрта болалик давридан бошланиши керак», деган эди Ибн Сино. Шунингдек, у болани қўрқоқ, ғамгин ёки жуда эрка қилиб тарбияламаслик, ота-она бола нимани хоҳлаётганини доимо сезиши ва ўша нарсани болага етказиб беришга ҳаракат қилиши, ёмон нарсалардан эса йироқлаштиришлари зарурлигини уқтирган. Бу қоидаларга риоя қилиш боланинг зеҳнини ўткир, танаси соғлом ўсишини таъминлашини таъкидлаб ўтган.

Ибн Сино бир қатор касалликлар келиб чиқиши асаб тизимига боғлиқ эканлиги, ғазаб, қўрқув, қаттиқ сиқилишлар организмни ҳолсизлантириб, турли касалликларнинг юзага келишига сабабчи бўлиши ҳақида ўз фикрларини ёзиб қолдирган. У қуйидаги тажрибани ўтказган. Битта қўйни оддий шароитда, иккинчисини эса қафасда сақлаб, иккаласини ҳам бир хил боққан. Қафасдаги қўйнинг атрофида бўри айланиб юрган. Бир-икки кундан сўнг атрофида бўри айланиб юрган қафасдаги қўй ем емай қўяди ва ҳолдан тойиб ўлади. Ибн Сино қўйнинг ўлимига руҳий зўриқиш ва бунинг натижасида организмнинг ҳолдан тойиши сабаб бўлган, деб хулоса чиқарган.

Ибн Синонинг организм фаолиятини бошқаришда асаб тизимининг аҳамияти ҳақидаги таълимоти Европа олимлари томонидан ХХ аср бошларида яратилган нервизм таълимотига жуда ўхшаб кетади. Ибн Сино томир уришининг асаб тизими фаолиятига боғлиқлигини кўп тажрибаларда исботлаб берган. У кўпгина касалликларни томир уришига қараб аниқлаган. Ибн Сино нафақат турли касалликларда томир уришининг ўзига хос хусусиятларини ўрганган, балки турли ҳиссий зўриқишлар ва асаб касалликларида томир уриши ўзгаришларини муфассал баён қилган.

Ибн Сино деонтология муаммоларига ҳам бағишлаб кўп рисолалар битган. Унинг «Касалликни эмас, касални давола», деган ибораси бор. Ҳар қандай беморни даволашда унинг шахсини эътиборга олиш керак, деб ёзган эди у. Ибн Сино Гиппократнинг темперамент ҳақидаги таълимотини чуқур ўрганиб, қуйидаги хулосага келади: барча ҳаётий муҳим жараёнларда иккита қарама-қарши ҳодисалар, яъни «қайноқ-совуқ» ва «қуруқ-нам» баробар бўлиши керак. Агар улар орасида номутаносиблик бошланса, мизож азият чекади ва касалликлар бошланади.

Ибн Сино «Ҳар бир одам маълум мизожга тааллуқли ва беморни даволаётганда бунга албатта эътибор қилиш керак», деб ёзади. У касалликлар ривожланишида руҳий омилларга катта эътибор қаратиб, касалликнинг ҳар кимда ҳар хил кечишини уқтириб ўтган ва бу ҳолат беморнинг мизожи, оилавий шароити, қайси ижтимоий табақага мансублиги ва қолаверса, уни ким даволаётганига боғлиқ, деган.

Шу ерда «мизож» тушунчаси ҳақида батафсил тўхталиб ўтсак. Чунки темперамент ва мизож тушунчалари бир-бирига яқин турса-да, бу сўзлар синоним эмас. «Мизож» тушунчасини Хитой, Юнонистон ва Шарқ олимлари асарларида кўп учратамиз. Мизож деганда иссиқлик, совуқлик, қуруқлик ва ҳўллик омиллари кўзда тутилган. Ундан ташқари «рутубатлар» деган тушунча ҳам мавжуд. Рутубатлар деганда организмдаги тўрт хил суюқлик – қон, сафро (жигар ўти), савдо (қора ўт) ва флегма (шиллиқ суюқлик) тушунилади. Рутубатлар (гуморал) тушунчасини юнон ҳакимлари ўйлаб топишган. Бу тушунчага асосланиб Гиппократ рутубатлар назариясини яратди ва одамларни тўрт тоифага ажратди, яъни темперамент ҳақида таълимот дунёга келади.

Узоқ тарихга эга «мизож» тушунчаси қадимда тўртта унсур – ер, ҳаво, сув ва олов билан боғлаб ҳам тушунтирилган. «Барча жонзотлар, шу жумладан, одам ҳам ана шу унсурлардан ташкил топган, ҳар бир унсурнинг ўз хусусияти бор ва ўша хусусиятлар «мизож» деб аталган. Бундан келиб чиқиб «иссиқ мизож» ва «совуқ мизож» тушунчалари пайдо бўлган. Танадаги иссиқлик ва совуқлик орасидаги мувозанат бузилса, касаллик ривожланади, табибнинг вазифаси шу мувозанатни тиклашдан иборат», деб айтилган.

Ибн Сино ҳам мизож тушунчасини унсурлар билан боғлаган ва мизожни унсурлардан келиб чиққан хусусият деб билган. Мизож ва рутубатлар назарияси, айниқса, Шарқ тиббиётида узоқ вақт ҳукм сурди. Тарихчи олим А.А.Қодиров (2005) фикрича, бу вазият касалликлар сабабини экспериментал йўллар билан ўрганишни орқага суриб юборди. Европа олимлари бу назарияларнинг истиқболсиз эканлигини пайқаб, ХVII асрдаёқ ундан воз кечдилар ва тиббиётда тажриба усулини қўллаб, катта муваффақиятларга эришдилар. Шарқ тиббиёти эса, бошқа аниқ фанлар (физика, математика) сингари орқада қолиб кетди. Ғарб олимлари аниқ фанлар ютуқларидан фойдаланиб, Ибн Сино каби олимларнинг ишларини айнан тажриба йўли билан исботлаб, катта ютуқларга эришдилар.

Ибн Сино баъзи одамларнинг беихтиёр ўзларида касаллик белгиларини пайдо қилиши ва ундан азият чекиб юришларини айтиб ўтганлиги олимларда катта қизиқиш уйғотган. Ҳозирги замонда неврознинг айрим турлари мутафаккир айтгандек ривожланади. Ибн Сино шундай деган эди: «Барча руҳий кучларнинг манбаи ва таъсир қиладиган жойи асабдир, уни ортиқча зўриқтириш турли касалликларга олиб келади. Бош мия бутун организм фаолиятини бошқаради ва руҳият манбаи ҳисобланади».

Ибн Сино рисолаларида асаб марказлари ички аъзолардан махсус узун толалар орқали маълумот олиб туриши ва уларнинг фаолиятини бошқариши ҳақидаги маълумотларни учратамиз. Фикримизча, Ибн Синонинг тана ва руҳиятнинг ягоналиги ҳақидаги қарашлари ҳозирги кунда замонавий тиббиёт ютуқлари сабабли тўла тасдиқланиб, психосоматик тиббиёт деб аталувчи фанга асос солди.

Ибн Сино «Хотира бузилиши бош миянинг орқа қисми, тафаккур бузилиши миянинг ўрта қисми, идрок бузилиши эса мия қоринчалари зарарланиши билан боғлиқ», деб фикр юритган. У депрессия, эпилепсия, онг бузилишлари, галлюцинация, алаҳсираш, тафаккур ва хотира бузилишлари ҳақида кўп ёзган ҳамда уларнинг турларини ажратиб ўрганган.

Шарқлик яна бир буюк аллома Исмоил Журжоний (1042–1136) ҳам бизга катта мерос қолдирди. У Хоразмда яшаб ижод қилади ва тиббиётга оид бир қанча асарлар ёзди. Улардан энг машҳурлари «Ибн Сино ҳақида сўз», «Хоразмшоҳ хазинаси» ва «Хасталикларни аниқлаш усуллари»дир. Бу асарлар ичида «Хоразмшоҳ хазинаси» Журжонийга катта шуҳрат келтирди. Тарихчилар бу асарни Ибн Синонинг «Тиб қонунлари» асарига моҳиятан яқин қўйганлар. Бу китоб 10 қисмдан иборат бўлиб, унда тиббиёт ва беморлар психологиясига бағишланган бир қанча фикрлар баён қилинган.

Давоми бор...

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Шарқлик мутафаккирлар инсон руҳияти ва саломатлик ҳақида