14:37 / 25.01.2021
2 528

Хотиним уйланишимга рози бўлди, аммо...

Хотиним уйланишимга рози бўлди, аммо...
Бир танишим бошидан ўтказган воқеани айтиб берди. Тўғриси, ҳикояси бугунги кун одамининг ақлига сиғиши қийин.

“Жума намозини ишхонамиз ёнидаги масжидда ўқийман. Жуда файзли масжид. Аммо битта камчилиги бор. Сафлар ораси сал торроқ. Фарз ўқилаётганда-ку билинмайди – ҳамма саждага бир пайтда ётиб-туради, аммо суннатларда одам қийналади. Айниқса, менга ўхшаган бўйи баланд ва қорни каттароқларга қийин. Ё оёқ билан ортингиздагининг бошини туртиб оласиз, ё сизникини туртиб юборишади.

Шунинг учун иложи борича қисқароқ сажда қилишга интиламан. Баъзилар бафуржа сажда қилиш учун ортга бироз чекинади, бу пайтда ортдагига сажда қилиш машаққатли бўлиб қолади. Натижада, одам ғашинади ҳам. Кейин эса, ғашингани туфайли кўнгилга беҳаловатлик киради.

Аммо мен бу дарднинг чорасини топиб қўйганман. Бир куни сафда сиқилиб турарканман, Аллоҳ кўнглимга бир жилва қилди: “Аллоҳим, мен биродаримга кенглик қиламан, эвазига Сен менинг қабримни кенг қилгин!” деган ўйни хаёлимга солди. Шу заҳоти тангланиб-торайиб турган ичимга ёруғлик ва кенглик кирди.

Ортимдаги биродарим бемалол сажда қилиши учун кўпмас, тўрт энликкина олдинга жилдим; олдимдаги кишининг ҳам ортига “калла қўйиб” хаёлини бўлмаслик учун қисқароқ сажда қилдим. Қарангки, бошқа пайтларда сиқилиб қоладиган одам энди асло қийналмасдан ётиб-турдим. Ҳатто намозда кўпинча тополмайдиган ҳаловатни туйдим. Худди Оллоҳ қабримни кенг-ёруғ қилиб қўйгандек маза қилиб намоз ўқидим.

Шу-шу ҳар жума олд-ортимдагиларга кенглик қиладиган, эвазига Оллоҳдан қабримни кенг қилишини ўтинадиган бўлдим.

Бир куни шу ҳолатимни хотинга айтиб бир мақтангим келди. Ҳикоямни эшитаркан, хотиннинг оғзидан суви қочди. Ҳаваслари кебкетди. Кейин: “Қанийди биз ҳам сизга ўхшаб гўрларимизни кенг қилолсак”, деб қолди.

– Нега қилолмас экансан, бемалол қилоласан.
– Қандай қилиб?
– Бир жувон бор экан, турмуши бузилганига ўн йилча бўлибди... Ўшанга кенглик қилоласанми?

Хотин гапнинг қаёққа кетаётганини англолмай бироз ҳайрон тортиб турди. Мен давом этдим.
– Фарзанд бўлмагани учун ажрашган экан. Бугун бир ака келиб: “ўша аёлга уйланмайсизми?” деган эди, мен: “Ҳа, бўпти, уйланаман”, деб юбордим...

Энди хотиннинг рангидан қон қоча бошлади. Мен эса, жадал давом этдим.

– Мана, қара, ҳозир қанчадан-қанча жувонлар эрсиз, оиласиз. Уларнинг айби нима? Ахир улар ҳам оила қилгиси, фарзанд кўргиси келади. Лекин қани уларга шу бахтни берадиган эркак? Агар оилали йигит яна битта аёлга уйланса ва хотини кундошига кенглик қилса, эвазига Оллоҳдан қабри кенг бўлишини сўраса, Аллоҳ, шак-шубҳасиз, унга шу неъматни ато этажак. Шу нарсага ишонган аёлга кундошлик асло мусибат бўлиб кўринмайди. Нафсни кўндиришнинг энг осон йўли Оллоҳ учун қилинган ҳеч бир иш мукофотсиз қолмаслигини унутмаслик... Мана, сенинг олдингда катта бир иш турибди, хоҳласанг, уни ўзингга зулм қилиб ол, хоҳласанг, мукофот қилиб...

Шу гапларни айтарканман, хотиннинг боши эгилиб кетди, ҳатто кўзларига ёш сизди. Мен у ёшларни норозилик аломати деб ўйладим. Бир пас жим қолдик. Кейин қўлим билан иягидан тутиб, бошини кўтардим, овутишга бир нарсалар айтмоқчи бўлдим, лекин у оғзимдан гапимни олди, кўзларимга тикилган кўйи:

– Адажониси, мен розиман. Мен ўша аёлга кенглик қилай, Оллоҳим менинг гўримни кенг қилсин. Розиман. Фарзанд кўрсангизлар, кўрарсизлар, кўрмасангизлар, мана, учта ўғил бор, бирортасини берармиз, келин билан хизматингизни қилар, – деди.

Хотинимга олдиндан ярим ҳазил-ярим чин қилиб, “уйланаман”, деб юрардим. Шунинг учун уйланишимга жуда тўполон қилиб юбормаса ҳам, ҳарҳолда бунчалик гўзал тарзда розилик беради, деб ўйламаган эдим...”

Дўстимнинг гапларини эшитиб, ҳайратдан ёқамни ушладим. Агар уни яхши билмаганимда, гапларига ишонмаслигим ҳам мумкин эди. Лекин Оллоҳ бизни ўзаро аҳил бўлишга, ухувват қилишга, кўмаклашишга буюрган ва эвазига кўз кўриб, қулоқ эшитмаган мукофотлар ваъда қилганини биламиз-ку. Мана, озгина яхшилик илинишнинг мукофоти! Шундан кейин уйимиздаги аёлларнинг, ўғил-қизларнинг итоатсизлиги илдизи ўзимизда эмасмикан, деган хаёл келди.

Ростанам, ўзимиз бир гуноҳни қилиб туриб, унга ўнта оқлов топамиз, аммо худди шу гуноҳни бир дўстимиз қилса, бизнинг ҳузуримизда унга узр йўқ! Ҳолбуки, Раббимиз бизни бутунлай бошқача йўл тутишга буюрган-ку. Мана, бир биродаримиз тутумини сал ўзгартириб, Оллоҳ чақирган ухувват сари бир қадам ташлаган эди, бугун ақлимизга сиғмайдиган мукофотга ноил бўлиб турибди.

Аллоҳ-Аллоҳ! Бунчалар яхшисан?! Бизни ҳам яхшилардан қилгил! Омийн!
***
Айтгандай, бир савол қолиб кетяпти, шуни ҳам очиқлаб кетақолай.

Дўстимдан:
– Хўш, унда нега уйланмадингиз? – деб сўрадим.
– Э, – деди у кулиб, – бориб ўша жувон билан кўришдим, гаплашдим, аммо не тонгки, у менга тегишни истамади.

– Ана холос. Унда, бошқа есирлар ҳам кўп-ку, ёки ўшандан бошқасига рози бўлмадими кеннойи? – деб ҳазиллашдим.
– Йўқ, кейин бошқасини таклиф қилишди, фейсбукда боракан. Мессенжердан “Ассалому алайкум”, деб хат ёздим. Ундан “ваалайкум” келгунича ўзим касал бўлиб қолдим. Шу билан уйланиш қолиб кетди. Аммо мен хотин олмасам ҳам, хотин мукофотини олиб бўлди-ёв...

Ҳазил-ҳузул билан хайр-хўшлашдик. Йўқотган нарсамни топгандай ичим анча ёришиб қайтдим.

Абдуғафур Искандар
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)