10:25 / 14.02.2021
1 893

Доҳийлар ва психопатлар

Доҳийлар ва психопатлар
Шахсга таъриф бера туриб, буюк алломаларда талант куртаклари эрта ёшдан бошлаб ниш уриши ҳақида айтиб ўтдим. Шу ерда шахс билан боғлиқ яна бир қизиқ муаммо ҳақида сўз юритишни лозим деб топдим, яъни буюк шахслар (доҳийлар) нинг руҳий нуқсонлари тўғрисида.
Психопатия аломатлари бўлган буюк шахслар ҳақида илмий адабиётларда турли маълумотларни учратамиз. Психопатия бу шахснинг патологик ўзгариши бўлиб, унинг шаклланишида туғма омилларга катта урғу берилади.

Олимлар иқтидор ва руҳий нуқсонлар орасида узвий боғлиқликни аниқлашга доим ҳаракат қилишган. Бу боғлиқликни ўрганиш деярли 100 йил олдин бошланган. Олимлар тарихий шахсларнинг ҳаёти билан қизиқиб, уларнинг оила аъзолари, қариндош-уруғлари, ота-онаси ва фарзандлари ҳақида маълумот йиғишган. Мен ҳам буюк шахсларнинг оилавий ҳаёти ва нуқсонлари ҳақида маълумотлар тўпладим.

Бунинг натижасида антиқа бир хулоса пайдо бўлди: агар генеологик шажаранинг бир шохчаси бўйлаб уларнинг аждодларида (ота-онаси, буваси, бувиси) иқтидорли шахслар аниқланган бўлса, бошқа бир шохчаси бўйлаб руҳий нуқсонлар, ҳатто руҳий касалликлар аниқланган. Бошқа хориж олимлари қатори иқтидор билан руҳий нуқсон орасидаги боғланишни аниқлашга 1925 йили тадқиқотчи олим Г.В. Сегалин ҳам ҳаракат қилган. У энг буюк шахсларнинг ҳаёти ва улардаги руҳий нуқсонларни ўрганган ва қуйидаги жадвалларни тузган.


Бу жадваллардан кўриниб турибдики, буюклик (аниқроғи, иқтидор) ва руҳий нуқсонлар наслдан-наслга ўтиши мумкин. Улар орасида узвий боғлиқлик бор ва руҳий бузилишлар дунё миқёсида номи чиққан буюк шахслар (Стендал, Ницше, Эйнштейн, Руссо, Гёте, Бальзак, Ландау ва ҳ.к.)да аниқланган. Масалан, А. Эйнштейн ғалати характери билан бошқа олимлардан ажралиб турган.

Муаллифнинг фикрича, руҳий соғлом кишиларда иқтидор соғлом мия томонидан “босиб” турилади ва талантнинг “отилиб” чиқишига йўл қўймайди. Руҳий носоғлом шахсларда эса бундай тўсиқ йўқ ва талант бемалол ўзини тўла намоён қила олади. Тадқиқотчи ўз фикрини давом эттира туриб, қуйидаги хулосада тўхталади:

Буюк кишиларнинг генида иккита компонент мавжуд бўлиб, улардан бири унинг аждодларидан ўтган иқтидор бўлса, иккинчиси руҳий нуқсондир. Бундай ирсий бузилишлар буюк шахсларнинг ўзида кузатилмаса-да, уларнинг яқинларида (акаси, укаси ёки синглисида) кузатилган. Масалан, Гегель, Дидро ва Шуманнинг сингилларида, Л.Толстой, Гюго, Фейербах ва Успенскийларнинг укаларида руҳий касалликлар бўлган.

Буюк шахслар ва уларнинг фарзандлари
Буюк шахсларнинг фарзандлари ичида ақли паст ва руҳий нуқсонга бой бўлганлари кам эмас. Масалан, Бах, Шуман, Тацит, Менделсон, Гётенинг ўғиллари ва Марк Твеннинг қизи руҳий касаллик билан оғришган. Тадқиқотчилар яна бир қизиқ, умуман олганда, ҳаммага маълум бўлган бир тахминни ўртага ташлашади.

Баъзида буюк шахслар соғлом бўлган тақдирда ҳам, улар ўз талантларини рўёбга чиқариши учун ичкиликка ружу қўйишган, масалан, шоирлар. Ҳақиқатан ҳам энг жозибали баъзи шеърлар ва кашфиётлар маст ҳолда яратилганлигини кўпчилик билади. Гўёки ичкилик талантни босиб турувчи тўсиқни олиб ташлайди ва буюк шахснинг миясида пайдо бўлган оламшумул фикрларни рўёбга чиқаради. Бу фикрга қисман қўшилиш мумкин, албатта. Лекин ҳеч қачон ароқни ёки бошқа спиртли ичимликларни талантнинг йўлбошчиси сифатида эътироф этиб бўлмайди.

Фикримизча, буюк шахсларда учрайдиган ароқхўрлик (баъзида ахлоқий бузилишлар) руҳий етишмовчиликларни қондирувчи бир омилдир, холос. Бугунги кунда мутахассислар истеъдодни рўёбга чиқарувчи омиллар устида иш олиб боришмоқда. Лекин мактабни зўрға тамомлаган ва доим қолоқ бўлган Альберт Эйнштейннинг қобилиятини рўёбга чиқариш учун махсус шуғулланишмаган. Шундай бўлса-да, у буюк шахс бўлиб етишди ва оламшумул кашфиётлари билан Нобель мукофотига сазовор бўлди.

Юқорида келтирилган маълумотларга қисман бўлса-да, танқидий кўз билан қараш керак. Ваҳоланки, фақат руҳий нуқсонга эга бўлган одамгина буюк шахс бўлиб етишади деб хулоса қилиш ҳақиқатга мутлақо зиддир. Чунки Моцарт, Шекспир, Дюма, Шопен ва Рахманинов (бу рўйхатни давом эттириш мумкин) каби буюк шахсларда руҳий нуқсонлар бўлмаган.

Яна шуни таъкидлаш лозимки, юқорида номи тилга олинган шахслар руҳий шифохоналарда даволанишмаган ва аксарият ҳолларда уларнинг хулқ-атворидаги ғалати ўзгаришларга қараб баҳо берилган, холос. Бундай пайтларда руҳий касаллик ҳақида эмас, балки шахснинг патологик ўзгариши ҳақида фикр юритиш керак.

Зарифбой Ибодуллаевнинг
“Асаб ва руҳият” китобидан олинди

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Доҳийлар ва психопатлар