10:25 / 19.02.2021
2 048

Президент илк бор журналистлар саволларига жавоб қайтарди

Президент илк бор журналистлар саволларига жавоб қайтарди
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Наманган вилоятига ташрифи давом этмоқда. Давлат раҳбари аҳолини бандлигини таъминлаш мақсадида қурилган мономарказ фаолияти билан танишиш чоғида журналистлар билан учрашди ва уларнинг бир қатор саволларига жавоб қайтарди. Бу ҳақда «Xabar.uz» маълум қилади.

— Хозир Оммавий ахборот воситалари учун иш қизиган вақт. Ёши катта журналистлар сизга ҳавас билан қараётгани аниқ, чунки сиз мана шундай очиқлик даврида ишламоқдасиз, — деди Президент. — Биз ўтган давр мобайнида сўз эркинлигини таъминлаш ва ОАВнинг жамият ҳаётидаги ўрнини оширишга интилдик. Сиз — журналистлар кўмаги билан бу ишнинг уддасидан чиқа оляпмиз, деб ўйлайман. Айтиш мумкинки, шу вақтга қадар матбуот тўртинчи ҳокимият, деб юритиб келинган бўлса, ҳозирга келиб биринчи ҳокимият даражасига чиқиб улгурди. Мен ҳам ҳозир сизнинг саволларингизга жавоб бериш учун келдим. Марҳамат, қандай саволларингиз бор?

— Ҳурматли Президент, аввало, бизнинг саволларимизга жавоб қайтаришга рози бўлганингиз учун раҳмат. Илк саволимиз, табиийки, Наманганга ташрифингиз ҳақида бўлади. Вилоят аҳли бу ташрифингиздан нималарни кутса бўлади?
— Ўтган йилнинг июль ойида Наманганга келган эдик. Ўша сафар доирасида мутасадди раҳбарлар олдига қўйилган вазифалар қай даражада бажарилганини ўрганмоқдамиз. Яна бир масала — яхши биласиз, вилоятнинг аввалги ҳокимини Фарғонага ишга ўтказишга тўғри келди. Ўтган беш ой мобайнида Наманган аҳли янги раҳбар қўл остида ишлади. Эртага бўладиган Халқ депутатлари кенгашида янги ҳокимни тасдиқлашимиз лозим. Менга Наманганнинг чанг кўчаларини, қишда совиб кетадиган уйларини яхши биладиган, бу муаммоларни ҳал қилиш учун бор кучини сарфлайдиган одам керак. Раҳбар одам халқни ўйлаши шарт.

Ўзингиз бир ўйланг, дарҳақиқат, маҳалла институти дунёнинг бошқа бирор давлатида йўқ. Шу вақтга қадар биз бу билан фахрланиб келдик. Аммо маҳалла иш тизимини яхшилаш учун ҳеч қандай чора-тадбирлар қўлламадик. Ҳозир биз маҳаллабай иш тизимини йўлга қўймоқдамиз, аммо баъзилар буни тушунмасдан, турли гапларни айтмоқда. Биз нафақат маҳаллабай, балки фуқаробай ишлашга ўтишимиз лозим. Раҳбар халқ орасига кирмаса, муаммоларни ўрганмаса, қандай қилиб аҳволни ўнглаш мумкин?

Шу вақтга қадар бирор туман марказидаги кўчани текислаб, ёритиб қўйиб, қарсак чалиб юрдик. Аммо ичкаридаги маҳаллалар қаровсиз аҳволда ётди. Биз мана шу муаммоларни жойида ўрганиб, ҳал қилишни ўрганишимиз керак. Ишсизликни бартараф этиш чораларини кўриш шарт. Маҳаллабай мана шундай ишланади.

Ўтган йили «темир дафтар», «ёшлар дафтари» ва «аёллар дафтари» ташкил этилганда кўпчилик ҳайрон қолган эди. Бир нарсани тушунинг, биз ночор аҳволда қолган фуқароларимиз ёлғиз эмаслигини билдиришимиз шарт эди. Мана шу дафтарлар орқали уларни ўрганяпмиз ва муаммоларини ҳал этишга интилмоқдамиз.

Сиз мендан бир саволни сўрашингиз мумкин: Намангандаги муаммоларни биласизми? Биламан. Шу вақтга қадар имкониятимиз етмагани учун ҳал эта олмаган эдик, энди вақти келди. Муаммолар қандай?

Биринчидан, 50 фоиз ички йўллар сифатсиз, таъмирталаб бўлиб ётибди.

Иккинчидан эса Намангандаги совуқ ва иссиқ сув таъминотини яхшилаш керак. Қишда уйларни иситиш тизимини жорий этиш лозим.

Ўтган қиш жуда оғир келди ва бизга катта дарс бўлдик. Эллик йиллик инфратузилма ишдан чиққанини кўриб олдик. Келгуси қиш яқинлашгунига қадар Наманганда иккита қозонхона қуришни ва кўп қаватли уйлар билан бир қаторда маҳаллалардаги уйларни ҳам иситишни режалаштирганмиз.

— Ҳурматли Президент, сиз катта ислоҳотларни бошлагансиз. Айтинг-чи, улар тўлақонли амалга ошиши ва фуқароларни рози қилиши учун нималар тўсқинлик қилмоқда?
— Бу саволингизга шундай жавоб берган бўлардим. Бунинг бир қатор асосий сабаблари бор:
1. Кадрлар етишмаслиги.
2. Коррупция.
3. Айни вақтда иш олиб бораётган айрим мутасадди раҳбарларнинг билими, савияси ва ватанпарварлиги етишмаслиги.

Кадрлар етишмаслиги масаласи таълим билан узвий боғлиқ. Биз бежизга мактабгача таълимдан тортиб, умумий таълим ва олий таълимни яхшилаш учун иш олиб бормаяпмиз. Тан олиш керак, 25 йил давомида таълим сифати кескин тушиб кетганди. Биз ўқитувчиларни ортиқча ишдан озод этяпмиз, мактаблар қуряпмиз, олий таълимда хориж билан ҳамкорлик қилмоқдамиз. Бу осон ва тез ҳал бўладиган муаммо эмас. Аммо ишлашда давом этамиз. Изланамиз. Бекорга вазирларни ишдан олмаяпман, уларнинг ўрнига муносибларини топишимиз керак.

Коррупцияга келадиган бўлсак, бу бўйича иш олиб боряпмиз, мана, коррупцияга қарши кураш агентлигини туздик. Нима, мен коррупция барҳам топишини истамасмидим? Истайман, албатта. Аммо бунинг учун бир кишининг уриниши камлик қилади, барчамиз бирлашишимиз лозим. Мен айниқса сиздан, журналистлардан катта ёрдам кутмоқдаман. Машаққат билан топган пулларимиз коррупция қўлида йўқ бўлиб кетишига ҳаммамиз қарши туришимиз керак.

Энди, раҳбарлар савиясига келсак. Айтишингиз мумкин, ахир жаноб Президент, ҳокимларни ўзингиз тайинлаяпсиз, наҳотки муносибларини топа олмаяпсиз, деб! Тўғри, ҳокимларни ўзим қўяман, аммо бу ўринга ҳам керакли одамларни топиш осон эмас. Ўн, ўн беш нафар номзоддан бирини танлаб оламан, аммо у ҳар доим аравани тортиб кета олмайди. Бу масала ҳам таълимга бевосита боғлиқ. Мен қаерга бормай, ёшларни, қўлидан иш келадиган, кўзи ёниб турганларни қидираман.

Қилаётган ишимизни ҳамма кўриб турибди. Вақт — олий ҳакам. Вақти келиб барчасига холис баҳо берилади. Журналистлар эса ҳар бир ишимизни кузатиб, хато ва камчиликларимизни керак бўлса бўрттириб кўрсатиб беришлари керак. Яхши қилаётган ишларимизни холис ёритинг, камчиликларимизни эса оширинг майли, фақат кўрсатсангиз бўлди. Сизнинг ёрдамингиз, Ватанга хизматингиз шу бўлади.

— Сиз ҳар доим Наманган ҳақида алоҳида меҳр билан гапирасиз. Бошқа вилоятларга ўрнак сифатида кўрсатасиз. Бунга сабаб нимада?
— Давлат раҳбари ҳар бир вилоят, ҳар бир туманни яхши билиши шарт. Унинг ютуқларию камчиликларини ёдида тутиши керак. Наманганга келсак, келинг, шу вилоятни қўшни Фарғона билан таққослаб кўрайлик. У ерда нефть заводи, Фарғонаазот ва бошқа йирик корхоналар бор. Наманганда-чи? Умуман йўқ. Аммо наманганликлар тартиб-интизомли, меҳнатсевар ва якдил бирлаша оладиган халқ. Бу ерда ўрта ва кичик бизнес яхши йўлга қўйилган. Бошқа вилоятларда асосий солиқни йирик корхоналар тўласа, бу ерда тадбиркорлар, ҳунармандлар ва бошқа соҳа вакиллари юкни кўтаради. Бундай жойни, бундай халқни қандай қилиб яхши кўрмаслик мумкин?

Мен эртага бўладиган кенгашдан катта натижалар кутяпман. Наманганга шунчаки қарсаквозлик учун келмадим, балки керакли раҳбарларга аниқ топшириқлар бердим. Уларнинг ижроси нафақат вилоят, балки юртимиз равнақи учун хизмат қилади. Балки эртага кимнидир ишдан оларман? Зиммасидаги ваколатни уддалай олмаганлар йўлда қолиб кетаверади.

Биз ҳар куни изланишдамиз. Шу ўринда журналистлардан ва улар орқали халқимиздан бир масалани сўраб қолган бўлардим. Адолатли ҳакам бир саволни ўртага ташлаб кўриши ва унга холис жавоб бериши керак — олдин қандай эди ва ҳозир қандай бўлди? Мана шу саволга одилона жавоб берсак ва эртамиз учун биргаликда меҳнат қилишда давом этсак, ўйлайманки яхши натижаларга эриша оламиз...

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Президент илк бор журналистлар саволларига жавоб қайтарди