Тошкент вилоятида содир бўлган турмуш ўртоқлар ўртасидаги низо жиддий оқибатларга олиб келди. Олий суд матбуот хизмати тарқатган маълумотга кўра, Чиноз туманида истиқомат қилувчи аёл маст ҳолда эрига пичоқ билан ҳужум қилгани учун жазога тортилди.
Маълум қилинишича, эр-хотин бирга спиртли ичимлик истеъмол қилган. Бир неча соатдан сўнг улар ўртасида тортишув ва кескин жанжал юзага келган. Натижада аёл сабр-тобини йўқотиб, ошхона пичоғини қўлга олган ва эрининг орқа ҳамда оёқ қисмига бир неча марта зарба берган.
Оқибатда эркак оғир жароҳат олган бўлса-да, ўлимдан омон қолган. Воқеа жойига ҳуқуқ-тартибот идоралари ва тиббиёт ходимлари жалб этилган.
Суд жараёнида аёлнинг қилмишига ҳуқуқий баҳо берилди. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 126-1-моддаси 3-қисми — «Оилавий зўравонлик» моддаси билан айб эълон қилинди. Суд ҳукмига кўра, айбланувчи бир йилу олти ой муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Мутахассислар таъкидлашича, бу каби ҳолатлар оилавий низоларнинг қай даражада оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигини кўрсатиб турибди. Ичкиликбозлик ва зўравонликнинг аралашиши эса масалани янада кескинлаштирган.
Ҳуқуқшунослар ва психологлар аҳолини бундай вазиятлардан огоҳ бўлишга, низоларни тинч йўл билан ҳал қилишга ва эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишга чақирмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!