09:56 / 04.06.2021
4 745

«Тонналаб гилослар сотилмай туриб қолди, пиёз нархи – 300 сўм» - Экспортчилар уюшмаси раиси


Экспортчилар уюшмаси раиси Мухтор Умаров Kun.uz мухбирига берган интервьюсида айни пайтда мева-сабзавот бозоридаги иккита жиддий муаммо ҳақида гапирди. Уюшма раисининг айтишича, биринчи галда гилослар сотилмай қолиши натижасида кўриладиган катта миқдордаги зарарнинг олдини олиш зарур.


«Ҳозирги долзарб муаммо – жуда катта миқдордаги гилосларимиз Россия бозорлари, Қозоғистон ва чегараолди ҳудудларида фураларга ортилган ҳолда туриб қолди. Бунга водийда ушбу меванинг 15 кунга кечикиб пишгани сабаб бўлди. Натижада анъанавий бозорларга киришимизда қийинчилик келиб чиқди. Яъни кеч ҳаракат бошлаганимиз оқибатида рақобатчи мамлакатлар гилосларини бозорга биздан олдин олиб кирди. Шу сабабли кўп гилосларимиз сотилмай қолиб кетмоқда.

Менимча, бундай пайтда давлат тадбиркорларни қўллаб-қувватлаши керак. Хориж тажрибасига эътибор берсак, шундай вазиятда давлат маҳсулотларни сотиб олади ва уни қайта ишлаб сотиш тизимларидан фойдаланади. Бизга ҳозирда бундай тизим жуда зарур.

Чунки юз минглаб одамларнинг маҳсулотлари ва тўғридан тўғри молиявий аҳволи шунга боғлиқ. Агар биз ҳозир ютқазсак, кейинги маҳсулотларимиз савдосига ҳам салбий таъсир етади. Дейлик, мана, ҳозирда ўрик, шафтоли, узум пишмоқда. Агар тадбиркорларимиз қўлларидаги айланма маблағларини йўқотишса, кейинги маҳсулотлар савдосида муаммолар юзага келади. Бу ерда юз минглаб эмас, миллионлаб доллар ҳақида гап кетмоқда. Гилос қиммат мева ва унга тадбиркорларимиз катта пул тикишади», деди у.

Мухтор Умаровга кўра, яна бир муаммо пиёз билан боғлиқ. Яъни ҳозирда Сурхондарё вилоятида пиёз нархи 300 сўмга тушиб кетган. Бунга сабзавот кўп экилгани ва бозордаги талаб пастлиги сабаб бўлди.
«Далалардаги пиёзларни деҳқонлар тракторда ҳайдаб юборишяпти. Чунки пиёзни ердан қазиб олиш 300 сўмдан қимматга тушади. Сотиш учун эса бозор йўқ. Пиёзлари сотилмаган деҳқонларнинг ярми кейинги йил пиёз экмайди. Бунинг натижасида келаси йил унинг нархи кўтарилиб кетади.

Айтмоқчиманки, бу ерда бошқача тизим керак. Озиқ-овқат соҳасида деҳқон ва тадбиркорларда мувофиқлаштирувчи органга эҳтиёж бор. Озиқ-овқат хавфсизлиги масаласига айнан ҳозир давлат аралашуви жуда муҳим. Бу борада мувофиқлаштирувчи орган тадбиркор ва деҳқонларга, масалан, бу йил пиёзни 100 минг тоннадан ортиқ экиш керак эмас, деган тавсиявий хабар бериши лозим. Яъни ерларни ўлчаб, қаерга қанча маҳсулот экилганини билиш ва шунга қараб таҳлил қилиш зарур. Масалан, бу йил пиёзни 15–20 фоиз кам экиш керак, деган хулоса берилса, яхши бўларди. Бу масалаларда ҳукуматга таклифларимизни бердик.

Ҳозирги кеча-кундузда брокколи ва шунга ўхшаш кўкатларга талаб юқори. Экспортёрларимиз уларни қидириб юрибди. Лекин биз пиёз экканмиз. Яъни таҳлил йўқ. Агар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги шу вазифани бўйнига олиб, таҳлилларни олиб борса, миллионлаб деҳқонларимизга енгиллик қилган бўларди. Чунки кўпчиликнинг иқтисодий аҳволи шунга боғлиқ. Бу муаммога бугун ечим керак, эртага кеч», деди Мухтор Умаров.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Тонналаб гилослар сотилмай туриб қолди, пиёз нархи – 300 сўм» - Экспортчилар уюшмаси раиси