21:55 / 11.06.2021
3 555

Ўзбекистонда ким ва нима учун истеъмолга яроқли ҳашаротларни етиштирмоқда?


Фото: Deep Food Tech Conference
Сингапурнинг Entomo Ventures компанияси кўплаб давлатларда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам истеъмол қилса бўладиган чигирткаларни кўпайтирмоқда, деб хабар беради Spot.

Компания вакили Алексей Проничкин Deep Food Tech Conference доирасида бу қандай амалга оширилиши ва ҳашаротлар нимага келажак егулигига айланаётганини сўзлаб берди.

Ким ва нима учун ҳашаротларни емоқда?

Ер аҳолисининг ярми барибир ҳашарот еб кўрган. Бу, албатта, асосан Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари аҳолиси ҳисобланади, аммо ҳозирда бу каби маҳсулотлар дунёнинг бошқа нуқталарида, масалан, Европада ҳам пайдо бўла бошлаган.
Бу адаптация ҳисобга олинган ҳолда табиий усулда амалга оширилади — Европада ҳашаротлар қарсиллаган чигиртка ёки чигирткалардан иборат консервалар кўринишида сотилмоқда. Шу орқали одатдаги кўринишдаги ноодатий маҳсулот пайдо бўлади.

Маҳсулотлар линейкаси анча кенг — чигиртка унидан кўплаб маҳсулотлар, масалан, енгил таомлар, кулчалар ва ҳатто шоколад тайёрланади. Ҳозирда сотувда чигирткалардан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган протеин шариклари, бизе, печенье, паста ва обакидандонлар мавжуд.

Чигирткалар таркибида оқсилдан ташқари, темир, фосфор, магний, кальций, полисахаридлар, шунингдек, А, B2 ва C витаминлари борлиги учун танланган. Буларнинг барчаси озиқ-овқат элементлари ҳисобланади.

Алексей Проничкиннинг сўзларига кўра, чигирткалар таркибида кальций сутдагидан кўп; темир эса исмалоқдан, целлюлоза дуккакли ўсимликлардагидан кўп:

Фото: Deep Food Tech Conference

Ўзбекистондаги чигиртка фермалари

Компаниянинг ҳозирда олтита мамлакатда — Россия, Швейцария, БАА, Вьетнам, Индонезия ва Ўзбекистонда лойиҳалари бор. Проничкиннинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда чигиртка фермаларини яратиш бўйича бутун бошли дастур ишга туширилган:

Фото: Deep Food Tech Conference
Ўзбекистондаги компаниянинг вазифаси чигирткаларни классик усулда катта фермаларда кўпайтириш ўрнига махсус контейнерларда фойдаланишдан иборат. Ушбу махсус контейнерлар қишлоқ аҳолисига берилиб, унда чигирткалар кўпайтирилади ва улар марказий фермага топширилади. У ерда «ҳосил» қайта ишланади.

Бу харажатларни сезиларли даражада камайтиришга ёрдам беради, чунки чигирткаларни қайта ишлаш учун одамларни ушлаб туриш керак эмас — фермалар етиштиради, марказ ходимлари қайта ишлайди.

Проничкиннинг сўзларига кўра, битта контейнердаги «ҳосил» фермерларга фойда олиш ва кейинчалик ҳам бу билан шуғулланиш имконини беради.
Контейнерлар ва марказий ферма:

Фото: Deep Food Tech Conference
Контейнерлар ичи:

Фото: Deep Food Tech Conference
Проничкиннинг сўзларига кўра, Ўзбекистон иқлим жиҳатидан чигирткалари кўпайтириш учун маъқул келади, ҳукумат эса бунга қарши чиқмаган — Entomo Ventures барча рухсатларни олган.

«Ўзбекистон ушбу маҳсулотнинг экспортига, жумладан, Европага сотилишига жуда катта қизиқиш билдирган. Бу каби масалалар шахсан мамлакат президентининг назоратида. Мамлакат жуда тез жавоб бериб, ушбу соҳанинг пайдо бўлишига ёрдам бериш учун барча зарурий ўзгартиришларни амалга оширди. Бу тўғри ва узоқни кўзланган ҳаракат: Европага унни Вьетнам ва Таиланддан олиб келиш қиммат. Ўзбекистон тўғри стратегияни танлади», — дейди у.

Entomo Ventures вакилининг қўшимча қилишича, мамлакатда чигирткаларни ТNVED (Ташқи иқтисодий фаолиятнинг товар номенклатураси) қоидалари бўйича классификация қилиш имкони пайдо бўлган, бу эса жараёнга ёрдам берган. Проничкиннинг айтишича, масалан, Россияда бундай эмас.

Ҳозирда компания янги технологиялардан фаол фойдаланмоқда. IоТ-датчиклар, видеокамералар, микрофон ва нейротармоқлар ёрдамида мутахассислар ҳашаротларнинг ҳаракатини ўрганмоқда.

Видео чигирткаларнинг жинсини ва уларнинг касалликка чалинган турларини, чириллаш аудиоёзувлари — ҳарорат, заҳарланиш, очлик ва иссиқлик сабаб стрессни аниқлашга ёрдам беради. Буларнинг барчаси жараённи автоматлаштириш ва қўл меҳнатини камайтиришга хизмат қилади.

Қайта ишлаш жараёнига келинадиган бўлса, чигирткалар нар ва урғочига автоматик равишда ажратилади. Урғочилар пиво учун газак мақсадида қадоқланса, нарларидан ун тайёрланади. Ҳашаротлар шокли музлатиш орқали ўлдирилади.

Проничкиннинг сўзларига кўра, компания ҳашаротлардан тайёрланган протеинни истеъмол қилувчи учта драйверни кўрмоқда:
  • Инсоният учун кураш — оғир шароитларда етиштирилаётган йирик шохли қорамоллар сони камаймоқда;
  • Табиатга зиён етказишни камайтириш учун кураш — карбонат ангидриднинг ҳавога чиқиши анчага камаяди;
  • Фойдали — витаминлари кўп.
Ҳашаротлардан тайёрланган озиқ-овқат маҳсулотлари бозорда тез ўсмоқда — ўртача йиллик темп 38 фоиз.
Entomo Ventures прогнозларига кўра, 2026 йилда бу борадаги ҳажм 1,4 миллиард долларга баҳоланади (2018 йилда 152 миллион доллар бўлган). Бунга чигиртка уни Осиё, Европа ва Шимолий Америкада қонунийлаштирилгани туртки беради.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда ким ва нима учун истеъмолга яроқли ҳашаротларни етиштирмоқда?