15:26 / 14.01.2022
2 538

Бой бўлишнинг оддий йўли — холис эҳсони сабаб орзуси ушалган йигит ҳикояси

Бой бўлишнинг оддий йўли — холис эҳсони сабаб орзуси ушалган йигит ҳикояси
Иллюстрация: «Дарё» / Дилзода Ҳамиджонова
«Яхшилик» лойиҳаси доирасида «Дарё» ҳаётий ҳикояларни тақдим этишда давом этади. Навбатдаги ҳикоя ишсиз бир йигитнинг холис эҳсони сабаб орзуси амалга ошгани ҳақида. Суҳбатдошнинг илтимосига кўра унинг исм-шарифи ошкор этилмади.

2019 йилнинг баҳорида тўйга тараддуд бошладик. Маросимни келин томон билан келишиб, кузда ўтказадиган бўлдик. Бор масъулият менинг бўйнимга тушди. Чунки уйимизда қурилиш ишлари кетаётганди. Кузгача янги уй қуриб, борларини эса таъмирлаб олишга улгуриш керак эди. Хуллас, бор кучим билан ишга киришдим.

Қурилиш билан банд бўлиб, севимли ишим — косибчиликни ҳам ташлаб қўймадим. Ҳунарим ортидан яхшигина даромад топардим. Аммо битта ёмон томони, янги йилдан кейин бозоримиз тўхтаб, баҳоргача ишсиз, бекор қолиб кетардик. Шунинг учун қўшимча иш қидира бошладим.

Вилоятимиздаги Асака автомобиль ишлаб чиқариш заводининг кичик бир цехидан иш топдим. Тезда бориб, ҳужжатларимни топширдим. Одатдагидай, «кутинг, ўзимиз чақирамиз» дейишди.

Бу орада уйдаги қурилиш тугади, тўйни ҳам ўтказдик, лекин ҳадеганда ишга чақираверишмади.

Биттасига ишониб қолмай, яна бошқа жойлардан иш қидиравердим. 2-3 та корхонага бориб кўрдим. Аммо тайинли жавоб берилмади. Умуман олганда, вилоятнинг чекка ҳудудларида яшайдиганларнинг қишда тузукроқ иш топиши амри маҳол, деҳқончиликдан тортиб қурилиш ишларигача тўхтайди.

Шундай қилиб, 2020 йилни ҳам кутиб олдик. Бошида айтганимдай бозоримиз тўхтади. Икки ойча ишсиз, уйда бекор қолиб кетдим.

Дадам: «озиқ-овқат арзонласаям, олгани пулинг бўлмаса — ҳаммаси бир тийин» дерди ва совуқ тушиши билан керакли маҳсулотларни қишга ғамлаб қўярди. Шунинг учун 2-3 ой қора қозон бемалол қайнайверарди.

Бир куни кечки пайт амакиваччам билан гаплашиб ўтирганимизда у: «Сенга бой бўлиш йўлини айтайми?», деб қолди ва телефонидан бир қорининг жума намозидаги маърузасини қўйиб берди.

Унда одам бойми, камбағалми — қай ҳолатдалигидан қатъи назар, албатта, эҳсон қилиши кераклиги, айниқса, эрталаб бомдод намозидан кейин берилгани рўзғорга барака киритиши ҳақида айтилганди.

Шу кундан бошлаб ҳар куни бомдод намозидан кейин эҳсон қутисига 500, 1000 сўмдан ташлаб қўйишга одатландим. Орадан бир ойга яқин вақт ўтди. Орада яна кўп корхоналарнинг эшигини тақиллатдим, тузукроқ юмуш ва маош илинжида бормаган жойим, сўраб-суриштирмаган одамим қолмади ҳисоб. Ёлланиб ишлай десам, қишлоқда тузукроқ юмуш топилмайдиям. Ҳамма кам-кўстини ўзи қилади-қўяди.

Бир куни намоздан кейин ўнг чўнтагимни ковласам, битта 1000 сўмлик пул чиқди. Бу энг охирги пулим эди (анчадан бери ишсиз юрганим учун пулим тугаганди).

Ичимда ўзимга ўзим «майли бугун пулим борида эҳсон қилиб қолай, эртага Аллоҳ яна қаердандир ризқимни беради» дедим-да, ишонч билан пулни қутига ташладим.

Эрталаб соат 09:00 ларда телефоним жиринглади, тугмачани боссам, дадам шоша-пиша:

— Тезроқ тур, ишга боришинг керак экан! — деди.

— Дада, ҳазиллашманг, ахир мен ҳеч қаерда ишламайман-ку? — дедим ажабланиб.

Кейин эсласам, бундан қарийб бир йил олдин цехга иш сўраб борганимда, қайта алоқа учун дадам билан ўзимнинг телефон рақамимни ёзиб келгандим. Улар дадамга боғланиб, тезда корхонага етиб келишимни тайинлашган экан. Шу тариқа, ўша куни иш бошладим.

Хонзодабегим Аъзамова ёзиб олди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Бой бўлишнинг оддий йўли — холис эҳсони сабаб орзуси ушалган йигит ҳикояси