Қизиқ жамиятда яшаймиз. Орадаги тўсиқларни йўқотишни эмас, борини мустаҳкам қилишни ўйлаймиз. Оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ва турли тадбирларда миллий анъана, қадрият ва менталитетларимиз ҳақида бонг уриб гапирамиз-да, аммо унга амал қилишга келганда эса... барчаси кўр-кўрона, ҳисобот учун, "юқоридагилар"нинг кўзига яхши кўриниш мақсадида қилинаётгани баъзи кезларда яққол сезилаб қолади. Афсуски, биз мана шу иллатлардан холи бўлолмаяпмиз.
Рўмолга хавф сифатида қараш ҳамон йўқолмаяпти
Сўнгги кунларда рўмол билан боғлиқ воқеалар яна жамоатчилик диққат-марказида бўлиб турибди. Соқол қўйиш, рўмол ўраш атрофида кўплаб муҳокамалар юзага келмоқда. Аввало, инсон қилаётган ишининг моҳиятига эътибор бериши лозим. Хўш, рўмол нега ўралади? Ҳаё, иффатни асраш учун, номаҳрамнинг кўзи аёлнинг, қизнинг очиқ жойларига, ҳатто бошию сочига ҳам тушмаслиги учун. Аслида, сочини ёйиб, бошяланг юриш момоларимиз, оналаримиз учун уят саналган. Рўмол бизга чет элдан эмас, она-момоларимиздан қолган мерос. Биз рўмол ўрашни телевизор кўриб, турк сериалларини кўриб эмас, улуғларимизга қараб ўрганганмиз. Ўзбекнинг ўз рўмоли бор, азалдан.
Таълим масканларида яна рўмолга қарши “рейд” бошланди
Сўнгги кунларда рўмол мавзуси яна “тренд”га чиқди. Хусусан, ижтимоий тармоқларда Андижондаги мактабларнинг бирида рўмол ўраб келган қизлар мактабга киритилмасдан ҳақорат қилингани акс этган видео тарқалди.
Айни кунларда Қўқондаги бир қатор мактабларда ҳам рўмолга қарши тадбирлар бошланган. Маълум бўлишича, рўмол ўраган қизлар ўқув жараёнига қўйилмаган.
Хабарга кўра, уларга 2 шарт қўйилган: ёки рўмолни орқадан ўраб мактабга киради, ёки мактабга кирмайди. Бу шартга кўнганлар мактабларга кирган, кўнмаганлар киритилмаган, уйига қайтиб кетган. Хабар жўнатувчилар аниқ кўзлари билан кўрган ҳолатлар шаҳардаги 3-,6-,13- ва 18- мактабларда бўлган.
Бундай тадбирларга бугун Қўқон мактабларига юқори мартабали раҳбарлар келиши муносабати билан «Ўзбекистон 24» канали съёмкага келиши (мактаб расмийларининг баҳонаси, ҳозирча бу тасдиғини топмаган хабар), съёмкада рўмолли қизлар чиқмаслиги кераклиги сабаб қилиб кўрсатилган.
Айтиб ўтиш керакки, Қўқондаги ҳамма мактабларда рўмолга қаршилик бўлмаган, бир нечта мактаб масъуллари рўмолли қизларга индамаган.
Куни кеча ижтимоий тармоқларда Сирдарё вилояти Янгиер шаҳридаги 5-мактабда ўқувчи қиз ва мактаб директорнинг ўзаро суҳбати акс этган аудиоёзув юқоридагилардан ҳам ўтиб тушди. Унда директор рўмолга очиқчасига қарши экани, мусулмон бўлса ҳам, иффатли кийинган қизлар кўзига ёмон кўринишини айтиб, бундайларга тупуришини, рўмолга оёғини артишини айтган. Рўмол билимли бўлишга, тараққиётга тўсиқ бўлишини, ҳеч кимдан қўрқмаслигини қўшимча қилган.
Бизга келиб тушган маълумотларга кўра, ушбу “ботир” директор мактабга рўмол ўраб келадиган ўқувчи қизларга ҳар доим рўмол масаласида тақиқ қўйиб келган. Рўмолли қизлар дарсдан олиб чиқиб кетилиб, директор хонасида соатлаб йиғилишлар ўтказилган. Бунинг ортидан ўқувчиларнинг оилаларида нотинчликлар юзага келган.
“Арвоҳ”, “нинза”... — рўмолли қизлар мактабда мана шундай лақаблар билан чақирилади
Анчадан бери жиянларининг бундай тахқирланаётганига чидаб туролмаган холаси аудиони эшитгач, унинг ҳам нафсониятига тегадиган гаплардан аччиқланиб, аудиоёзувни ижтимоий тармоқларга тарқатади.
Мактабнинг 8-синфида таҳсил оладиган қизалоқнинг сўзларига кўра, ўтган йилнинг ноябрь ойида мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари рўмолда юрадиган 7-8 нафар қизни тўплаб, рўмолларини ечишини айтади. С. ва опаси унинг айтганини қилмаганидан сўнг, директор ўринбосари қизларнинг дадасига қўнғироқ қилади. Шу кундан бошлаб қизлар 2 ой давомида мактабга ҳам бормаган.
Икки ой ичида бу икки ўқувчининг нима сабабдан мактабга бормаётганини сўраб, уйига бир марта мактаб психологи келган, холос. Бошқа ҳеч ким бу икки ўқувчининг "йўқолиб" қолганига қизиқмаган ҳам.
"Шу икки ойдан сўнг мактабга қайтишим билан директор "рўмоллилар" учун яна бир йиғилиш ўтказди. "Сенлар ўзингни қийнаяпсан, маза қилиб юрмайсанми? Нариги дунё бўлмаган нарса. Жаннат-дўзах йўқ. Агар шунчалик ишонсанг, ҳозир рўмолингни ечгин-да, кўнглингни тоза қил. Ҳамма гап кўнгил тозалигида, рўмолда эмас..." деди директор.
"Бундай йиғилишлар мактабимизга жуда кўп бўлади. Дарслардан қолиб кетамиз. Директордан қочиб юрамиз. Чунки у бизни мактаб ҳовлисида кўриб қолса, исмимиз билан эмас, "арвоҳ", "нинза" деб лақаблар билан чақиради. Ҳаммани олдида бир тийин қилиб ташлайди. Уяламиз жуда. Шу сабаб ўқитувчилар билан ҳам муомаламиз ижобий эмас. Ижтимоий тармоқларда тарқалган аудиоёзув директорнинг "тупурдим" деган гапи ҳолва...
Бир дугонам бобо-бувиси умрага кетгани учун ҳам рўмол ўрасам, Рамазонда савоб бўлади, деган мақсадда рўмол ўради. Аммо мактабимиздаги тазйиқлар сабаб у рўмолини ечишга мажбур бўлди", — дейди ўқувчи қиз.
Директорнинг бу гап-сўзлари, хатти-ҳаракатлари нафақат бир инсоннинг шахсий ҳуқуқларини топташ, балки ҳали мурғак бўлган ўқувчи қизга руҳий босим ўтказиш ҳамдир. Қолаверса, омма олдида, жамоат жойида бу каби сўзлар билан ҳақорат қилиш, камситиш директорнинг қандай ҳаққи бор?!
Биз ушбу масала юзасидан мактаб директори Раҳматилло Ёдгоровнинг ўзидан муносабат олмоқчи, масалага янада ойдинлик киритмоқчи бўлиб унга қўнғироқ қилдик. Афсуски, қайта-қайта қилинган қўнғироқларимиз жавобсиз қолди.
Бундан ташқари, ҳозирда С.нинг ўқитувчиси ўқувчисининг рўмоли билан шуғулланмагани учун синф раҳбарлигидан озод этилгани етмагандек, энди мактабдан ҳам ҳайдалиш арафасида.
Мактаб директорининг ўйламай қилган ишидан бир фуқаронинг Конституцион ҳуқуқи – таълим олиш ҳамда виждон эркинлиги ҳуқуқлари бузилмоқда. Аммо рўмол тупуриладиган, ер ёки оёқ кийимни артадиган чанг латта эмас. Балки у аёлликнинг зийнати, қиз боланинг ҳаёси, покизалик туйғуси, иймоннинг ҳаловатидир! Бироқ айрим мактабларда кийим, хусусан, рўмол ўқувчининг таълим олишига ҳеч қандай таъсир қилмаслигини ҳалигача англаб етмаган мураббийларнинг борлиги киши дилини хуфтон қилади.
Масаланинг ечими қаерда?
Рўмол масаласи анчадан бери халқни ташвишга, аламга солиб келаётган, тезда ечими топилиши зарур бўлган долзарб масалалардан биридир. Буни унга қарши кураш кампанияси ёрдами билан эмас, ҳукуматга ҳам, халққа ҳам манфаатли бўлган чора-тадбирларни амалга ошириш орқали ҳал этиш керак.
Зеро, рўмол муаммоси мамлакатимиз хавфсизлиги ва жамият осойишталиги учун қайғуришда, ўзаро тотувлик ва ҳамжиҳатлик руҳини қарор топтиришда, миллат ахлоқини, миллат оналарини ҳимоялашда муҳим масала. Бу ишга бепарволик билан муносабатда бўлиш, беписандлик билан қараш таназзулга юз тутишдан бошқа нарса эмас.
Миллийликни йўқотмайлик. Зеро, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, ўзбекнинг рўмолига ҳеч ким қарши чиқа олмайди, ҳеч кимнинг бунга ҳақи йўқ.
Баҳринисо Мадумарова
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Қозоғистонда яна 1 млрд доллар ноқонуний активлар давлатга қайтарилди