16:50 / 27.02.2023
422

«Дадамга пул керак. Мени сотиши аниқ» — йўқотилган болалик ҳақида асар

«Дадамга пул керак. Мени сотиши аниқ» — йўқотилган болалик ҳақида асар

Болангизни жазолаётганда бу ишни унинг хатосини англатиш учун эмас, аслида ҳеч кимдан ололмаган аламзадалигингиздан қутулиш учун қилаётганингизни англайсизми? Ишингиз юришмаслиги, ўзингиздан қониқмаслик, турмушдаги етишмовчиликлар... барча ҳислар сиғган сабр косангизга болангизнинг биргина эркалиги, шўхлиги сиғмайдими?

«Азизим, Пўртахол» асарини ўқир экансиз, беихтиёр фарзандингиз билан муносабатингизни тафтиш қилишни бошлайсиз. Асар қаҳрамони Зезе тимсолида гавдаланган кичкинтойингизнинг шўхликлари аслида сизнинг эътиборингизни тортиш, меҳрингизни қозониш учун қилинаётган ҳаракатлар эканини англаб етасиз.

Азизим, Пўртахол (португалча: Meu Pé da Laranja Lima) — Жозе Мауро де Васконселоснинг романи. Китоб биринчи марта 1968 йилда нашр этилган ва Бразилиядаги бошланғич мактаблар учун адабиёт дарсларида ишлатилган. У АҚШ, Европа ва Осиёда ҳам таржима қилинган ва нашр этилган.

Ўзбек тилига илк маротаба Мирзоҳид Музаффар таржима қилган бўлиб, 2021 йилда «Faktor books» нашриёти томонидан нашр этилган.

Мазкур асарга ёзувчи ўзининг ҳаёти, қашшоқликда ўтган болалик йилларини сингдириб юборган. Қалбининг тубида нақ 20 йил сақлаган асарини ёзувчи 12 кунда қоғозга туширган (роман 224-бетдан иборат).

Фото: Factor books

Сюжет

Зезе — Рио-де-Жанейронинг Бангу шаҳрида камбағал оилада яшайдиган ёш бола. Уйидаги ҳамма рўзғорга пул топиш учун банд бўлгани сабабли, Зезе одатда укаси Луис билан ёлғиз қолади. Ўзининг хаёлот дунёсидаги ҳайвонот боғи, гапирувчи кўршапалак ва ҳинду дўстлари билан хаёлан ўйинлар ўйнайди.

Ёқимтойгина беш ёшли болакайнинг шўхликлари, катталар эътиборини тортиш учун қилган ҳаракатлари ота-онаси ва ака-укаларининг ғазабини қўзғатади, улар қилган иши учун уни аёвсиз калтаклашади (тасаввур қиляпсизми, беш ёшли миттигина болакайни).

Зезенинг отаси ишдан бўшатилгандан сўнг, бутун оила нисбатан кичикроқ уйга кўчиб ўтади ва у ерда  ака-укаларнинг ҳар бири ўзи учун дарахт танлайди. Боғдаги барча дарахтлар эгаллангач, Зезе хафа бўлади. Лекин унинг опаларидан бири Глория ҳовлининг орқа томонидаги кичик апелсин дарахтини танлашни тавсия қилади.

Укасининг кўнглини кўтариш учун опа ҳали навниҳол бўлган апелсин дарахтини мақтайди. Дастлаб, Зезе ўз дарахтини ёқтирмайди, лекин у дарахт билан гаплаша бошлагач ҳаммаси ўзгаради. Унга ном беради ва иккаласи энг яхши дўст бўлишади.

Ҳали кичик бўлишига қарамай ўқишни ўрганиб олган болакай мактабга чиқади. Уни қабул қилишлари учун ёшини олтида деб ёлғон гапиришади. Ерга урса кўкка сапчийдиган, безориликлари билан одамларни безор қилган болакай мактабда шундай ақлли, сипо ўқувчига айланадики, биров у ҳақида ёмон гапирса, ўқитувчиси ишонмайди. Зезени мақтайди, унга ишонч билдиради.

Ўқитувчисининг меҳридан қувонган Зезе мактабда асло безорилик қилмайди. Ҳатто ўқитувчисига боғдан гул ўғирлаб келтиради. Ҳар тонг ўқувчиси келтираётган гуллар ўғирланган эканини билгач, устози уни урмайди, ота-онаси каби бақириб ҳақоратламайди.

Аксинча, барча ўқувчилар кетганидан сўнг, уни олдига олиб гаплашади. Бундай қилмаслигини сўраб йиғлайди. Калтаклар таъсир қилмайдиган болакайга кўз ёшлар шу қадар таъсир қиладики, у қайтиб ўғирлик қилмасликка сўз беради ва ваъдасининг устидан чиқади.

У оила аъзоларини шу қадар яхши кўрадики, уларга тинимсиз меҳр беради. Акасининг илтимоси сабаб, ўзидан катта болалар билан олишиб, ўлар ҳолатга келади. Муштлашгани учун уйда отасидан ҳам калтак ейди. Отасини хурсанд қилиш учун эртадан кечгача ўзидан катта қутисини кўтариб одамларнинг оёқ кийимини тозалайди. Топган пулига отаси учун сигара олади.

У тинимсиз меҳр беради, аммо ўз ташвиши билан банд бўлган катталар буни сезмайди. Унга меҳр бериш эса хаёлларига ҳам келмайди. Ҳатто оёғини шиша бўлаги икки қарич кесиб юборганда ҳам уйдагиларига айтишга қўрқади. Бу учун ҳам калтак ейишини сезади.

Ўлар ҳолда судралиб мактабга кетаётганида унга бутунлай бегона, бир ҳафта олдин машинасининг орқасига осилмоқчи бўлганида ушлаб олиб ҳамманинг ичида изза қилган португалиялик Мануэл Валадарес исмли киши ёрдам беради.

Аввалига Зезе бу португалияликнинг машинасига ўтиришни истамайди. Чунки камситилгани учун Зезе ундан қасос олишга ҳамманинг олдида ваъда берган эди. Бироқ Валадарес Зезенинг муносабатини унинг болалиги билан боғлайди ва болани даст кўтариб машинага ўтирғизиб, докторга олиб кетади. Бу муносабат билан Зезе ҳақиқий меҳр нима эканини билиб олади.

Уларнинг иккаласи яхши дўст сифатида кўплаб хотираларни баҳам кўришади, лекин афсуски, Валадарес поезд ҳалокатида вафот этади. Бундан Зезе жиддий руҳий жароҳатланади. Шокка тушади. Чунки бу воқеага қадар унинг оиласидан, отасидан батамом кўнгли совиган, қалбида уларни ўлдириб бўлган эди.

Опаси, акаси ва отасидан еган калтак натижасида икки ҳафта тўшакдан туролмай қолган болакай нафақат жисмоний, балки руҳий шикастланган, руҳи синган эди. Отасини хурсанд қилиш мақсадида айтган қўшиғи сабаб шу қадар калтакланадики, алалоқибат онасини қучиб, «ойи, мен туғилмаслигим керак эди», дейишгача бориб етади.

Бу калтаклардан қолган изни кўрган португалиялик дўсти даҳшатга тушади:

«Индамади. Лекин кўзлари даҳшат ва исёнга тўлган эди. Мен еган калтаклардан қолган излар, яралар, кесиклар ва кўкариб шишган жойларини кўришини ҳеч истамасдим...»

Болакай ўзини оиласи учун шу қадар кераксиз ҳис қиладики, ҳатто Валадаресдан ўзини асраб олишини сўрайди:

«Мени ололсанг, бизникиларнинг бари хурсанд бўлганидан йиғлаб юборарди. Бу билан уларга жуда катта ёрдам қилган бўласан.Мени беришни исташмаса, сотиб олишинг ҳам мумкин. Дадамга пул керак. Мени сотиши аниқ...»

Ўзини Валадареснинг ўғлидек ҳис қилиб юрган бир пайтда эса, поезд ҳалокати унинг учун қаттиқ руҳий зарба бўлади. Ҳаётда уни ушлаб қоладиган ришта қолмагандек эди гўё. Тўшакка михланади. Охир-оқибат, Зезе хасталикни енгади, лекин апелсин дарахти билан гаплашиш қобилиятини йўқотади.

Отасидан янги ишга киргани, ҳаётлари яхшиланиши ҳақидаги хабарни эшитади. Бироқ Зезе отасини унга қилган шафқатсизлиги учун хаёлида ўлдирганини ҳис қилаётганини тан олади: «мен одамларни кўп ўлдираман, шунчаки, уларни унутиб, яхши кўришдан тўхтайман ва улар шу кўйи ўлиб кетаверади». «Ҳақиқий» отаси Мануэл Валадаресни йўқотганидан қайғуради.

Филмга мослаштириш

2012 йилда мазкур асар асосида филм суратга олинади. Франция, Германия ва Жанубий Корея каби бир неча мамлакатларда экран юзини кўради. Филмда режиссёр Зезенинг ҳақиқий дўсти сифатида ҳаётдаги муҳим шахсига айланган Португани (португалиялик дўстини у шундай атайди) кейинчалик филмда Зезенинг ёзувчи бўлишига бевосита таъсир қилган шахс сифатида кўрсатади.

«Менинг ширин апелсин дарахтим» филми чиққанидан бери кўплаб миллий шунингдек, халқаро кинофестивалларда иштирок этган. 2010, 2012 ва 2013 йилларда Канн, 2014 йилда Cinema Brazil Grand Prize, 2013 йилда Злин халқаро болалар ва ўсмирлар кинофестивалида болалар учун энг яхши бадиий филм ғолиби бўлди. Шунингдек, 2012 йилда 7-Рим кинофестивалида Элис мукофотини ҳам олган.

Мазкур асарда кичиккина вужудида улкан ғамни кўтариб юрган, қашшоқлик сабаб ота-онаси томонидан болалиги йўқ қилинган болалар ҳаётига кўзгу тутилади. Уни ҳар бир ота-она оила даврсида ўқиб чиқиши керак.  

Чарос Маннонова тайёрлади.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » «Дадамга пул керак. Мени сотиши аниқ» — йўқотилган болалик ҳақида асар