16:15 / 16.08.2020
3 048

Дунёни китоб қутқаради

Дунёни китоб қутқаради
...Анча йиллар олдин Германиянинг Франкфурт шаҳрида ҳар йилги халқаро китоб ярмаркасига бордик. Тадбир ўтадиган бинонинг пештоқига «Дунёни китоб қутқаради», деб ёзиб қўйилганди. Бир қараганда бир оз истеҳзоли бу эътироф барибир кишини ўйга солиши, мулоҳазага чорлаши тайин. Бу, айниқса, бугунги пандемия шароитида анчайин жозибадор, ҳақиқатга яқин кўринади.

Пайғамбаримиз (С.А.В) вабо келганда «уйда қолинг» деган эканлар. Ибн Сино ҳам бу гапнинг ҳақлигини соф тиббий аснода исботлаб берган. Ҳамонки шундай экан, бу халқ, айниқса, ёш-яланг нега уйда ўтирмайди-ўтиролмайди?! Ойнаи жаҳонга бир қаранг, бизни ҳамиша соғинтиргувчи мумтоз фильмлар, концертларгача қўйилмоқда. Яна нима керак? Тарихий футбол ўйинлари — жаҳон чемпионатлари, афсонавий бокс жанглари...

Нафсиламрини айтганда, ­томошалар қанча яхши бўлмасин, одамни толиқтириши ҳам бор гап. Балки шундай кезларда, бир оз чанг тортиб қолган мўъжазгина китоб жавонингизни очиб, қанча ўқилса ҳам зериктирмайдиган китобларни бир сидра қўлга олиб, варақлагингиз келмайдими?.. Бу уйда қолишнинг мазмунини бойитиб, маънавий бўшлиқни тўлдириб, ҳаётимизга ажиб бир маъно бахш этган бўларди-ку!

Ахир китобга қайтиш виждонга, ҳақиқатга, инсофга, адолатга, маънавият ва маърифатга, умуман олганда, ҳаётга қайтишдир!
Китоб мутолааси бўйича ислоҳотларни ҳар биримиз, аввало, оиладан бошлашимиз, китоб лоақал мана шу балои азим — коронавирусдан сақлайди, деган умид билан унга ошно бўлиш керак эмасми?..

Китоб ўқиш инсонни тарбиялайди, ўйлашга, мулоҳаза ­юритишга чоғлайди, яхши-ёмонни ажратишни билдириб боради. Фақат ўзига манфаатли аснода ҳаракат қилишдан асраб, кенгроқ, ижтимоийроқ, кўпни ўйлаб, юрт, мамлакат миқёсида, унинг манфаатлари доирасида фикрлашни ўргатади, тафаккурни кучайтиради.

Мутолаанинг инсон учун манфаати чексиз. Хусусан, у шундай катта қудратга эгаки, инсоннинг руҳиятини тозалайди, уни тарбиялайди, адолатга чорлайди, ҳақиқатни сезиш туйғусини юксалтиради, эшик ортидаги ҳаётни кўришга ундайди. Китоб ўз мавқеига қараб қалбни тирилтирувчи, шуурни уйғотувчи, ҳақиқатни билдирувчи, инсонни тарбия қилувчи, жамиятни покловчи бир омилдир.

Энг асосийси, китоб ўқиган одамдан ёмонлик чиқмайди!

Прокурор биродарларим ­санкцияга қўл қўяётганда хонасида бўлганман. Маҳбусларни олиб чиқиб кетишгач, ҳукмни олиб, атай ўқиб чиққанман. Мақсадим — бирортаси китоб ўқиб бўлиб, жиноятга қўл урганми, йўқми, шуни аниқлаш эди.

— Йўқ, бунақаси йўқ. Бирорта ҳам ҳолатда китоб ўқиб бўлиб, ўрнидан туриб, жиноятга қўл урган эпизод йўқ, — деганди ўша вақтда Оҳангарон шаҳри прокурори бўлиб ишлаган қадрдоним Муҳиддин Мусаев.

Лоақал шунинг учун ҳам китоб ўқиш керак-ку, ахир биродарлар!

...Олти-етти йил аввал Корея Республикасининг Пажу шаҳрида «Китоблар шаҳарчаси» ташкил этилди. Бундан мақсад — инсонлар қалбини китобга, адабиётга ошно этиш...
...Немислар янги йил байрамида бир-бирига китоб совға қилади. Бу миллат дунёда энг кўп китоб ўқийдиган деб эътироф этилиши бежиз эмас.

Бу эътироф японлар, хитойлар, ҳиндларга нисбатан ҳам ­айтилади. Агар холис бўлиб, бу рўйхатнинг бирор муштарак жиҳатини ахтариб кўрсангиз, улардаги ривожланиш, тараққиёт шундан эканига амин бўласиз. Демак, миллатнинг тараққиёти ҳам кўп жиҳатдан китоб орқали эканлигига ишонч ҳосил қиласиз. Бугунги синовли кунларда серҳиммат халқимизнинг саховат тугунларидаги картошка-пиёз ёнига бир донадан китоб қўшилса, қандай яхши бўларди!

Яратганнинг гўзал неъмати шуки, китоб ҳадя этиш буюк аждодларимиздан, шарафли салтанатларнинг улуғларидан ­ке­лаётган қутлуғ анъанадир. ­Чунончи, ҳазрат Навоий айтади:

Не мулк ичраки бир фармон йибордим,
Анинг забтиға бир девон йибордим.


Бу гўзал байтдан маълум бўладики, китоб — яхшилик ва пок ният, дўстлик ҳамда тинчлик, самимият ва ҳамкорлик элчисидир...
«Тараққиётнинг умумий кўламида ҳар бир халқнинг ўрни ўша халқ ўқиётган китоб­ларнинг умумий сони билан белгиланади», деган француз адиби Э. Лабуле.

«Мен бирор шаҳар ҳақида ундаги китоб дўконларига қараб хулоса чиқараман», деганди А. Рубнштейн.
Френсис Бекон «Китоблар вақт тўлқинларида кезиб, ўзининг қимматбаҳо юкини авлоддан-авлодга ташиб ўтаётган тафаккур кемаларидир», деганда минг марта ҳақ эди.

Бундан ортиқ, бундан ошириб, бир гап айтиб бўлмайди.
Хулоса шуки, агар биз ҳозир, аввало, ўзимиз китоб ўқимасак, болаларимизни айнан шу кунларда китоб ўқишга ўргатол­масак, кейин ўргатолмаймиз.

...Мен китоб ўқимайдиган ­авлод шаклланишидан қўрқаман!

Аҳрор АҲМEДОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Дунёни китоб қутқаради