
Португалиялик футбол юлдузи Криштиану Роналду яқинда журналист Пирс Морган билан бўлган суҳбатида ўзи ҳақидаги фикрларни очиқ баён қилди. Афсонанинг таъкидлашича, у нафақат спорт оламида, балки бутун дунёдаги энг машҳур шахслардан бири, ҳатто АҚШ президенти Доналд Трампдан ҳам машҳурроқ, деб ҳисоблайди.
Суҳбат давомида журналист Роналду билан қизиқарли мавзуда баҳс бошлади:
— Сиз икковингиз — сайёра миқёсидаги энг таниқли инсонлар. Сенда энг кўп обуначилар, у эса дунё сиёсатининг марказидаги шахс. Сенингча, ким машҳурроқ — сенми ёки Доналд Трамп?
Роналду табассум билан жавоб берди:
— Агар глобал миқёсда гапирадиган бўлсак, мен ундан машҳурроқман. Ҳатто дунё харитасидаги кичик оролларда ҳам одамлар мени танийди, — деди у ишонч билан.
Пирс Морган футболчининг жавобини қизиқиш билан қабул қилди ва шундай деди:
— Демак, сен ўзингни Трампдан ҳам кўра машҳур деб ҳисоблайсанми?
— Албатта, — деб жавоб қайтарди Роналду. — Менимча, дунёда мендан машҳурроқ инсон йўқ.
Роналдунинг бу сўзлари ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Кўпчилик унинг ишончини юқори баҳолаган бўлса, баъзилар бу фикрни ортиқча кибр деб қабул қилди. Бироқ барча тан олади — Криштиану Роналду футбол тарихида ўз изини қолдирган, унинг номи спорт чегараларидан чиқиб, дунё маданиятининг бир қисмига айланган.
“Ан-Наср” клуби ҳамда Португалия миллий жамоаси сафида ҳозир ҳам юқори даражада ўйнаётган Роналдунинг ижтимоий тармоқлардаги мухлислар сони 600 миллиондан ортиқ. Бу кўрсаткич билан у Instagram ва Facebook’даги энг кўп кузатилувчи спортчи сифатида рекорд ўрнатган.
Пирс Морган билан суҳбатда у шунингдек, Трамп билан шахсан учрашишни хоҳлашини, чунки у ҳам “яхши энергияга эга инсон” эканини айтди. “Мен дунёдаги турли етакчилар, спортчилар ва юлдузлар билан суҳбатда бўлганман. Бироқ мен учун асосий нарса — инсоннинг ички энергияси. Агар у ижобий бўлса, унинг қуввати бутун дунёга тарқалади”, — деди Роналду.
Унинг бу гаплари яна бир бор унинг ўзига ишончини ва табиий харизмасини намоён қилди. Роналдунинг сўзлари кўпчиликнинг эсидан чиқмайдиган даражада янгради:
“Менимча, дунёда мендан кўра машҳурроқ одам йўқ.”
Шубҳасиз, футбол тарихи бу даражадаги ишонч ва машҳурликни камдан-кам спортчида кўрган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!