16:14 / 06.12.2022
1 631

Қатарда карнавал. Бундай Бразилияни ким тўхтата олади?

Қатарда карнавал. Бундай Бразилияни ким тўхтата олади?
Қатардаги жаҳон чемпионатининг ўн олтинчи кунидаги асосий воқеалар.
Амалдаги жаҳон вице-чемпионлари яна пеналтилар сериясида ғолиб келди ва Японияни ортда қолдириб, чоракфиналга чиқди.

ЖЧ-2022. 1/8 финал
Япония – Хорватия 1:1. Пенальтилар серияси: 1:3
Голлар
: 1:0 – 43 Маэда, 1:1 – 55 Перишич.
Япония – Гонда, Йосида, Танигути, Томиясу, Нагатомо (Митома, 64), Эндо, Морита (Танака, 105), Камада (Сакаи, 75), Ито, Доан (Минамино, 87), Маэда (Асано, 64).
Хорватия – Ливакович, Юранович, Ловрен, Гвардиол, Баришич, Модрич (Маер, 99), Ковачич (Влашич, 99), Брозович, Перишич (Оршич, 105), Крамарич (Пашалич, 68), Петкович (Будимир, 62; Ливая, 105).
Огоҳлантиришлар: Ковачич (90), Баришич (116).

Ким фаворит эди?

Бу 1/8 финал жуфтликлари орасида натижасини олдиндан тахмин қилиш қийин бўлган жуфтлик эди. Қоғозда Хорватиянинг имкониятлари яхшироқ кўринарди, аммо уларни яққол фаворит дейиш қийин эди. Шу билан бирга амалдаги вице-чемпионлар плей-оффнинг илк раундидаёқ Испания ёки Германия каби кучли рақиблардан қутулиб қолганидан енгил тин олганди.

Улар Япониядан келган рақибларга қандай қарашарди? Ҳурмат билан, аммо оптимизм ҳам йўқ эмасди. Осиёликлар жаҳон чемпионатида икки грандни мағлуб этишди, улардан бирини гуруҳда қолдириб кетишди. Уларни олдинда мустаҳкам бўлса-да, Испания ва Германия каби хавфли бўлмаган рақиб кутаётганди. Қолаверса, Японияда ўзига хос юқори иштиёқ бор эди: тўрт йил муқаддам жамоа 1/8 финалда Белгияга қарши ўйинда иккинчи бўлим ўрталарига қадар 2:0 ҳисобида олдинда бориб, якунда ютқазиб қўйганди.

Умуман олганда, Хорватия японлар учун қулай рақибдек кўринарди. «Шашкачилар» мудофаа чизиғини олдинроқда ўрнатишни хуш кўради, кам гол уради ва топ-форвард йўқлиги туфайли имкониятлардан самарали фойдалана олмайди. Япония тўпга эгалик қилишни хаёлига ҳам келтирмади, чунки уларнинг қуроли шиддатли қарши ҳужумлар: Коста-Рикага улар кўп жиҳатдан ўйинда биринчи рақамда ўйнашига тўғри келгани ҳам ютқазишди, гуруҳдаги бошқа икки рақибдан эса тезкор қарши ҳужумлар эвазига устун келишганди. Оддийроқ қилиб айтганда, Хорватияни оғир синов кутаётганди.

Осиёликларнинг кучли бўлими

Японлар 5-4-1 блокида саф тортишди, бу Испания билан учрашувда ўзини оқлаганди. Унгача Хадзимэ Мориясу жамоаси икки марказий ҳимоячи билан ўйнаётганди, энди эса нисбатан ҳимоявий вариант танланди.

Аммо японлар ўйинини «автобус қўйиш» деб атаб бўлмайди. Полша Франция ва Аргентинага қарши ўйинларда 0:0 ҳисоби учун ўйнаб, ҳимояга ётиб олганди ва якунда ҳеч нарсага эриша олмади. Япония эса дарҳол нафақат қарши ҳужумлар, балки бурчакдан жарима зарбалари орқали ҳам рақибни қийнашга киришди — Маэда ва Танигути қулай имкониятлардан фойдалана олмади. Барчаси тахмин қилинганидек кеча бошлади: европаликлар бесамар позицион ҳужумлар амалга оширишди, осиёликлар эса қарши ҳужумлар ва стандарт вазиятлар билан таассурот қолдиришди.

Вақти-вақти билан хорватлар барибир Гонда дарвозасига таҳдид сола бошлади — Крамаричда ҳам, Петковичда ҳам, Перишичда ҳам голли вазиятлар юзага келди. Аммо ҳисоб 0:0 кўринишида қолди, хорватиялик мухлислар эса йўққа чиқарилган вазиятлардан кейин жамоанинг асосий муаммосини ёдга олишди — Манжукич ёки Шукер каби тўпурар ҳужумчи йўқлиги.

Японларда ҳам қотил-форвардлар йўқ, аммо уларга бундай футболчи керак ҳам эмас — комбинацияларни маромига етказиб ижро этиш ва интизомга риоя этиш етарли. Хорватиялик ҳимоячилар биринчи бўлим давомида асабий ҳаракатланишди ва танаффус арафасида барибир гол қўйиб юборишди: навбатдаги бурчак зарбаси ўйналганида Маэда ҳисобни очди.

Танаффусда кўпчилик Мориясудан яна икки футболчи алмаштиришини кутишганди, бу Япониянинг турнирдаги ўзига хос имзосига айланганди. Мураббий бунга қадар барча ўйинларда иккинчи бўлим арафасида футболчиларни алмаштирганди ва бу ўзгаришлар «Кўк самурайлар»га Германия ва Испанияни енгишда ёрдам берганди.

Аммо бу сафар Мориясу барчани ўз жойида қолдиришга қарор қилди, чунки ҳисоб унинг жамоаси фойдасига эди ва у Далич ўз юришини қилмагунча таркибни янгиламади — 63-дақиқада хорватлар сафида Будимир Петкович ўрнига туширилди.

У алмаштиришларни кечиктирганига афсусланган бўлиши ҳам мумкин. Иккинчи бўлим бошида айнан хорватлар гол уришди. Бунда бу сафар ўхшаб қолган позицион ҳужум ёрдам берди, бу пайтда японлар ўзига хос бўлмаган тарзда ўз жарима майдонида тўпланиб қолганди. Ловрен ўнг қанотда бемалол узатма бериш имкониятига эга бўлди — Перишич эса баланд сакраб йирик турнирларда миллий жамоа сафидаги ўнинчи голини урди ва бу кўрсаткич бўйича мамлакат тарихидаги энг яхши футболчига айланиб олди.

«Шашкачилар» учун одатий сценарий

Японлар худди тўп ўтказилишига тайёрдек эди — жавоб ҳужумида Эндо яна жамоани олдинга олиб чиқиши мумкин эди. Аммо хорватларда ҳам шу даражадаги хавфли вазият юзага келди, Перишич жарима майдони ташқарисидан кучли зарба берди. Икки ҳолатда ҳам олқишларга дарвозабонлар Ливакович ва Гонда сазовор бўлишди. Ўйинда зарбалар бўйича ҳам деярли тенглик кузатилди - японлар 12 бор зарба берди, шундан 4 таси дарвоза соҳасига аниқ борган, хорватларда бу кўрсаткич 16-4.

Биринчи бўлимни футболчилар анча тетик ўтказишганди, 60-дақиқадан кейин рақибларнинг фаоллиги секинлашди. Рақиблар хатога йўл қўйишдан чўчиётгандек кўринди, шу туфайли ўйин клинч ҳолатига ўтди ва қўшимча бўлимларга етиб борилди. Хорватлар учун овертайм қадрдон бўлиб қолган. Тўрт йил муқаддам Россияда улар плей-оффдан финалга қадар уч ўйинда ҳам 120 дақиқадан ўйнашган ва бу ўйинларнинг барчасида ҳисобда ортда бориб, мувозанатни тиклашганди. Бу сафар ҳам барчаси «Шашкачилар» кейинги босқичга ўтишига ишора қиларди.

Далич пенальтилар сериясига тайёрлана бошлади: овертайм вақтида у тўрт нафар ҳужумкор футболчини туширди, Модрич ва Ковачич ҳам захирага олинди. Мориясу эса қўшимча вақтларда фақат бир футболчини алмаштирди.

Катта эҳтимол билан бу учрашув якунига таъсир кўрсатди. Пеналтилар сериясида японлар дастлабки икки зарбани жуда кучсиз ижро этишди (Ливакович қийинчиликсиз икки зарбани ҳам қайтарди), хорватлар эса ўз имкониятларидан аниқ фойдаланишди. Кейин эса Ливаянинг зарбаси устунга тенгди, аммо Ливакович дарҳол японларнинг умидини сўндирди — хорватиялик дарвозабон уч пенальтини қайтарди ва сўзсиз кеча қаҳрамонига айланди. «Шашкачилар» эса яна 120 дақиқа ва пенальтилар сериясидан ўтишди.

Бразиллар Жанубий Корея мудофаасини яксон қилишди ва чоракфиналда Хорватия билан ўйнайдиган бўлишди

ЖЧ-2022. 1/8 финал
Бразилия — Жанубий Корея 4:1
Голлар
: Винисиус (7), Неймар (13, пенальти), Ришарлисон (29), Пакета (36) — Пайк Син Ҳо (76).
Бразилия – Алиссон (Уэвертон, 80), Милитао (Алвес, 63), Силва, Маркиньос, Данило (Бремер, 72), Каземиро, Пакета, Неймар (Родриго, 81), Ришарлисон, Рафинья, Винисиус (Мартинелли, 72).
Жанубий Корея – Ким Син Гю, Ким Мун Ҳван, Ким Ён Гвон, Ким Мин Жэ, Ким Жин Су (Ҳон Чҳоль, 46), Ли Чжэ Сон (Ли Кан Ин, 74), Чон Ву Ён (Сон Жун Ҳо, 46), Ҳван Ин Бом (Пайк Син Ҳо, 65), Сон Ҳён Мин, Чо Гю Сон (Ҳван Ий Чо, 80), Ҳван Ҳи Чҳан.
Огоҳлантириш: Чон Ву Ён (44).

Бразиллар гуруҳ босқичида ўз ўйинини намойиш этишида Неймарнинг жароҳати ҳам тўсқинлик қила олмаганди. Футболчининг отаси машҳур нашрларга берган интервьюсида ўғли финалда иштирок этишига ишонишини айтганида унинг сўзларини турлича талқин этиш мумкин эди - у ўғли финалда ўйнашини орзу қиляптими ёки унинг сафга қайтиши кечикишини прогноз қиляптими?

Мавзуга Неймарнинг ўзи нуқта қўйди ва барчаси жойида эканини ёзди. Бунга машғулот жараёнида олинган суратни илова қилди, кейинроқ ижтимоий тармоқда «Селесау» лагерида олинган ролик ҳам пайдо бўлди, унда бразиллар «ўнлиги» Сербия билан ўйинда шишиб кетган ўнг оёғи билан дарвоза сари зарба йўллаётгани акс этган. Бразилиялик мухлислар шундан кейин енгил тин олишди, чунки бунгача Габриэл Жезус учун жаҳон чемпионати муддатидан олдин якунлангани ва икки қанот ҳимоячилари — Алекс Сандру ва Алекс Теллес ҳам сафдан чиқишгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди.

Неймар ўн кунлик интенсив даволанишдан кейин тўлиқ соғайиб кетгани факт эмас, аммо бу жаҳон чемпионати. Бу турнир барчани оғриқлар ва ўз соғлигига хавфлар ҳақида унутишга мажбур қилади. Буни кореяликларнинг асосий юлдузи Сон Ҳёнг Мин билан боғлиқ тарих ҳам кўрсатади. Бир ой олдин у кўзи атрофидан жиддий жароҳат олган, жарроҳлик амалиётини бошдан кечирган ва Қатардаги турнирда махсус ниқоб таққан ҳолда ўйнади. У суперқаҳрамонлар каби ҳаракат қилиб, доҳиёна паси билан жамоани плей-оффга олиб чиқди.

Аммо ҳозирги Бразилияга қарши ўйинда тўлақонли топ-таркибда ўйнаш талаб этилади. Бу ўринда Камерунни эслашга ҳожат йўқ, чунки пентакампеонлар деярли ҳеч нарсани ҳал қилмайдиган ўйинда иккинчи таркибни туширган ва иштиёқ билан ўйнамаганди, ўз дарвозаси олдида ҳам, рақиб дарвозаси атрофида ҳам. Аммо энди катта ўйинлар бошланди ва мухлислар максимал куч билан ҳаракатланувчи бразилларга гувоҳ бўлишади. Улар яккакурашларда аёвсиз, тўпни ҳаракатлантиришда ҳам, фикрлашда ҳам тезкор.

Кореяликлар илк ҳужумлар ёмғиридан ўзига келишга улгурмади ва таблода «2:0» рақамлари ёна бошлади. Улар шунчаки рақиб ҳаракатларига улгурмай қолишди. Аввалига Рафиньянинг пасини ўтказиб юборишди. Кейин — жарима майдони ичида Ришарлисонга нисбатан қоида бузилди. Биринчи ҳолатда барча Неймарни қўриқлашга эътибор қаратди ва у тўпга тега олмаганида пас нариги қанотда бўш қолдирилган Винисиус Жуниорга етиб борди, у эса хотиржамлик билан зарба бериб, жаҳон чемпионатларида урган голини ўзига хос рақс билан нишонлади.

Кейин эса жамоа пенальтини аниқ ижро этган Неймар билан хурсандчилик қилди, энди Неймар терма жамоада 77 гол урган Пелега етиб олиши учун бир гол қолди. У ҳозирнинг ўзида учта жаҳон чемпионатида гол уриш бўйича футбол қироли ҳамда Роналдо билан тенглашиб олди. Нейнинг терма жамоада урган сўнгги олти голи 11 метрлик жарима зарбасидан урилгани аҳамиятга эга эмас.

Ришарлисон ҳимоячи билан тўп учун кураш вақтида боши билан жонглёрлик қилган комбинацияда у тўпни аввал Маркиньосга ташлаб берди, кейин Каземиродан қабул қилиб олиб, яккама-якка вазиятда дарвозабонни ортда қолдирди — бу унинг турнирдаги иккинчи энг чиройли голи бўлди. Бразиллар футбол байрам ҳисобланган қандайдир бошқа галактикадан келгандек, бу мамлакатда ҳатто 61 ёшли Тите ҳам жамоа билан бирга рақс тушади.
[media=https://twitter.com/MyGreatest11/status/1599851171421691904?ref_src=twsrc^tfw|twcamp^tweetembed|twterm^1599851171421691904|twgr^58d3ab4a4cfe5220cdc1d06e499c379314cb77cb|twcon^s1_&ref_url=https://kun.uz/news/2022/12/06/qatarda-karnaval-bunday-braziliyani-kim-toxtata-oladi]
Қатардаги турнирдан кейин жамоани тарк этадиган мураббий ўз жамоаси ўйинидан ҳайратда эди. Буни англаш учун у Лукас Пакетанинг голини қандай нишонлаганига қараш кифоя. Бу ерда худди ўйиннинг сўнгги дақиқаларида ҳисоб тенглаштирилганида бўладиган ҳиссиётлар ҳукмрон эди. Кимдир бу атиги Кореяга қарши ўйин эканини эътиборга олиб ҳайрон бўлиши мумкин. Аммо Тите ўз иши самарасидан тўлиқ роҳатланишга ҳақли, у хайрлашув гастролидаги ҳар бир дақиқани қадрламоқда ва ўйин охирида учинчи дарвозабон Вевертонга ҳам ўйнаш имкониятини берди.

Бу чемпионат мутахассис фаолиятининг чўққиси бўлмоқда ва ҳозирда уни алмаштира оладиган номзод кўринмаяпти. Бразилияда ҳозирда у каби нуфузга эга мутахассис шунчаки йўқ. Шу билан бирга, Тите ҳозирнинг ўзида кетмаяпти ва жамоа билан финалга етиб бормоқчи. Ҳар бир кейинги раундда рақиблар даражаси ўсиб борса-да, Бразилия олтинчи чемпионликни орзу қилмоқда ва бу ўйинда Сон Ҳенг Миннинг икки зарбаси йўлига ташланган Маркинос каби курашишга тайёр.

Ҳозирда ўйин савияси бўйича бу жамоага фақат Франция тенг келиши мумкин. Шу билан бирга, ўтган йили Америка Кубоги финалида бразилларни мағлуб этган Аргентинанинг ҳам бу борада ўз фикри борлиги аниқ.


Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Қатарда карнавал. Бундай Бразилияни ким тўхтата олади?