date

Туркияда ноқонуний пул тикиш можароси: 600 футболчи сўроққа чақирилди

Туркияда ноқонуний пул тикиш можароси: 600 футболчи сўроққа чақирилди

Туркия футбол жамоатчилигини ларзага солган янги можаро ҳақида маҳаллий ОАВлар кенг ёзмоқда. Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тақиқланган онлайн ўйинларга пул тикиш билан боғлиқ катта миқёсли тергов ишини бошлади.

Маълумотларга кўра, мазкур иш доирасида мамлакатдаги турли лига ва клубларда фаолият юритаётган тахминан 600 нафар футболчи сўроққа чақирилади. Улар ноқонуний букмекерлик сайтларида иштирок этганликда гумон қилинмоқда.

Turkiye нашри ёзишича, тергов ишларига халқаро полиция ташкилоти — Интерпол ҳам қизиқиш билдирган. Тергов натижаларига кўра, айрим футболчилар, мураббийлар ва клуб менежерлари Албания, Болгария ҳамда Шимолий Кипрда фаолият юритаётган онлайн платформалар орқали пул тикиш операцияларида қатнашган бўлиши мумкин.

Ҳозирча аниқ исмлар ошкор қилинмаган бўлса-да, манбалар айрим Суперлига клублари вакиллари ҳам тергов доирасига тушганини таъкидламоқда.

Бу воқеа Туркия футболида охирги йилларда кузатилаётган букмекерлик билан боғлиқ можаролар силсиласининг давоми бўлди. Аввалроқ Туркия футбол федерацияси (TFF) махсус текширув ўтказиб, букмекерлик ҳисобларига эга бўлган 149 нафар ҳакамни фаолиятдан вақтинча четлатган эди.

Ташкилот қарорига кўра, улар мусобақалардан 8 ойдан 1 йилгача бўлган муддатда дисквалификация қилинган. Ушбу ҳаракат спортдаги шаффофликни таъминлаш ва футболда ишончни тиклашга қаратилган деб таъкидланди.

Шу билан бирга, Истанбул бош прокуратураси ҳакамлар билан боғлиқ жиноят иши доирасида 18 нафар гумонланувчини қўлга олиш ҳақида ордер берди. Текширувлар давомида ушланганлар орасида ҳатто Суперлига клуби президенти ҳам борлиги маълум бўлди.

Маҳаллий манбаларнинг қайд этишича, мазкур жиноят ишлари орқали мамлакатда ноқонуний букмекерлик тизимлари орқали катта маблағлар айланиши фош этилмоқда. Терговчилар айни пайтда пул оқимининг йўналишини, чет эл билан боғлиқ схемаларни ва гуруҳли жиноятчилар фаолиятини ўрганмоқда.

Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари бу ҳолатни “футболнинг шаънига доғ туширадиган жиноят” сифатида баҳоламоқда. Мамлакат спорт вазирлиги ва федерацияси эса футболда тозалик ва қонунийликни таъминлаш мақсадида барча иштирокчиларни жиддий назорат остига олишни бошлади.

Шунингдек, Интерполнинг аралашуви тергов ишига халқаро тус берди — бу эса нафақат Туркия, балки Европа футбол ҳамжамиятида ҳам катта қизиқиш уйғотди.

Ҳозирда сўроқ жараёнлари давом этмоқда, тергов натижалари ва эҳтимолий жазо чоралари яқин ҳафталарда маълум бўлиши кутилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Код ноаниқ бўлса, расмни янгилаш учун устига босинг
Янгиликлар » Спорт » Туркияда ноқонуний пул тикиш можароси: 600 футболчи сўроққа чақирилди