date

Археологик мерос йўқоладими? Хитой ва “Толибон” Тўхорда олтин қазишни бошлади

Археологик мерос йўқоладими? Хитой ва “Толибон” Тўхорда олтин қазишни бошлади
Афғонистоннинг шимолий Тўхор вилоятида жойлашган қадимий Ай Хоним шаҳри ҳудудида Хитой компаниялари ва “Толибон” ҳукумати ҳамкорлигида олтин қазиб олиш ишлари бошланган. Бу ҳақда маҳаллий манбалар хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, қазиш ишлари Дашти Қалъа туманида, Қизил дарё бўйида жойлашган археологик ҳудуд яқинида олиб борилмоқда. Ҳудуд қадимдан Юнон-Бақтрия давлати марказларидан бири сифатида тарихий ва маданий аҳамиятга эга.

Мутахассислар қазиш ишлари қадимий ёдгорликларга жиддий зарар етказиши мумкинлигидан ташвиш билдирмоқда. Уларнинг фикрича, бу ҳудуд нафақат Афғонистон, балки бутун минтақанинг тарихини ўрганишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

Ай Хоним шаҳри милоддан аввалги III асрда бунёд этилган бўлиб, қадимий Юнон-Бақтрия даврининг маданий ва иқтисодий марказларидан бири саналади. Олимлар бу жойда ўтказилган аввалги қазишмалар давомида қадимий театр, ибодатхоналар, ёзувлар ва турли артефактларни топган.

Шунга қарамай, “Толибон” ҳукумати табиий ресурслардан фойдаланиш орқали иқтисодиётни тиклаш ва давлат бюджетини тўлдиришни асосий мақсад сифатида белгилаган. Улар олтин, нефт, литий ва бошқа қазилма бойликларга катта эътибор қаратмоқда.

Хитой эса сўнгги йилларда Афғонистондаги фойдали қазилмалар соҳасига фаол кириб келмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, бу ҳамкорлик Пекиннинг минтақадаги геоиқтисодий таъсирини янада кучайтириши мумкин.

Аммо тарихшунослар ва археологлар бу жараённинг маданий меросга салбий таъсири ҳақида огоҳлантирмоқда. Уларнинг фикрича, олтин излаш номи остида ўнлаб асрлик тарих излари бутунлай йўқолиб кетиш хавфи остида қолмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Археологик мерос йўқоладими? Хитой ва “Толибон” Тўхорда олтин қазишни бошлади