17:34 / 08.05.2023
310

Равшан Ҳайдаров Умид Султоновни Тошкентда қолдирди...

Равшан Ҳайдаров Умид Султоновни Тошкентда қолдирди...

20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида ўтадиган жаҳон чемпионати стартига оз қоляпти. Бугун ЎФА матбуот хизмати кичик мундиалда қатнашадиган таркибимизни эълон қилди. Равшан Ҳайдаров Аргентинага қуйидаги номлар билан йўл оларкан:

Дарвозабонлар — Отабек Боймуродов ("Пахтакор"), Асрорбек Кенжаев ("Нефтчи"), Эден Неманов ("Чиғатой");

Ҳимоячилар — Абдуқодир Ҳусанов ("Энергетик-БГУ"), Маҳмуд Маҳамаджонов ("Бунёдкор"), Саидафзалхон Ахроров ("Турон"), Жаҳонгир Ўрозов ("Бунёдкор"), Абубакир Ашуров ("Пахтакор"), Диёр Ортиқбоев ("Пахтакор"), Иззатилло Пўлатов ("Металлург"), Зафармурод Абдираҳматов ("Насаф");

Ярим ҳимоячилар — Беҳруз Асқаров ("Пахтакор"), Шерзод Эсанов ("Андижон"), Шаҳзод Раҳматуллаев ("Пахтакор"), Шаҳзод Акрамов ("Насаф"), Нодир Абдураззоқов (ОКМК), Аббосбек Файзуллаев ("Пахтакор"), Умарали Раҳмоналиев ("Рубин", Россия);

Ҳужумчилар — Шаҳзод Неъматжонов ("Металлург"), Пўлатхўжа Холдорхонов ("Пахтакор"), Рустам Турдимуродов ("Пахтакор").

Эътибор қилсангиз, март ойида юртимизда ўтказилган Осиё кубогида қатнашиб, чемпион бўлган йигитлардан 3 нафари — Жавоҳир Ўтамуродов ("Насаф"), Шаҳриёр Жабборов ("Пахтакор") ва Асадбек Жўрабоев ("Навбаҳор") Лотин Америкасига олиб кетилмади. Таркибга битта янги ном қўшилган: "Пахтакор"дан Рустам Турдирмуродов.

Биз эса диққатингизни бутунлай бошқа ўйинчига қаратмоқчимиз.

Суратда кўрганингиз Умид Султонов (Хоразм футболи ишқибозларига яхши таниш бўлган Вали Султоновнинг фарзанди). "Бунёдкор" шарафини ҳимоячи қилаётган футболчи универсаль ҳужумчи ҳисобланади. Яъни, олдинги чизиқнинг исталган нуқтасида ўйнай олади.

Унинг энг катта устунлиги тўғри жой танлаш ва "портловчи" тезлик (вазиятларни бир лаҳзада кескинлаштириб юборади). Шунинг ҳисобига захирадан майдонга чиқиб, "Бунёдкор" ўйинини яхши томонга ўзгартира оляпти (гол+ассистлар билан). Ҳужумчиларга хос айёрлиги билан Суперлиганинг бир қанча ўйинларида пенальти ишлашга муваффақ бўлди. Хусусан, "Навбаҳор"ни олдинги мавсум чемпионлигидан маҳрум қилган ўйинда ҳам айнан Умид наманганлик ҳимоячиларни жарима майдони ичида хато қилдирган эди.

Очиғи, унинг Аргентинага олиб кетилмаётгани бизни ажаблантирди. Аммо бу учун мураббийни айбламоқчи эмасмиз. Чунки Ҳайдаров Осиё кубогида Умидсиз ҳам энг яхши натижани қайд эта олди. Ғолиблар эса ҳеч қайси замонда суд қилинмайди.

Шу жойида биттагина "лекин"и бор. Ўша биз чемпион бўлган Осиё кубоги ютуқлар билан бир қаторда жамоамизнинг камчиликларини ҳам кўрсатиб берди. Турнир давомида ҳаммадан кўпроқ вазият яратган йигитларимиз уларни голга айлантириш борасида жуда оқсашгани ёдингизда бўлса керак. 6 ўйинда 4та тўп киритилди. Уларнинг 3таси стандарт вазиятлар натижасида ҳосил бўлганини инобатга олсак, Ўзбекистон U-20 терма жамоаси мусобақа давомида комбинацион ҳужумлардан биттагина гол урган.

Бу рақамлар реализация бўйича каттагина муаммомиз борлигини кўрсатяпти. Шундай бўлса-да Милан Митровичга гол уриб, ОКМК ва "Навбаҳор" ҳимоячиларини қийнаб юрган ҳужумчидан воз кечдик. Юқорида айтилганидек, ҳозир ҳеч кимга нисбатан эътироз йўқ. Лекин вазиятларни якунлаш борасидаги муаммолар мундиалда ҳам давом этса, Равшан Ҳайдаровга автоматик саволлар пайдо бўла бошлайди: нега Умид эмас, унинг катта футболда ҳеч қачон гол урмаган 3 нафар рақобатчиси танланди?..

Сўзимиз охирида юртимиз шарафини жаҳон чемпионатида ҳимоя қиладиган барчага омад тилаймиз. Бу материал кимнидир ранжитиш ёки танқид қилиш эмас, финал эмоцияларидан чиқиб кетолмаётганлар (бўлса) тезроқ ерга тушиши ва елкасида турган юкни яхшироқ ҳис қилиши учун ёзилди. Сиз камида 2015 йилги натижани (чорак финал) такрорлашингиз шарт. Бу йўлнинг ҳар қадамида Яратган ёрдамчингиз бўлсин!

Фахриддин Рўзиев


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Равшан Ҳайдаров Умид Султоновни Тошкентда қолдирди...