
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг таркибий бўлинмаси бўлган “Ўзжелдўрпасс” йўловчи темир йўл оператoри Нукус ва Урганч орасидаги шаҳарлараро йўналиш чипталари нархининг ўзгариши ҳақида маълум қилди. Жорий йилнинг 22 ноябридан бошлаб ушбу йўналишда қатновчи поезд чипталари нархи икки баравар ошади.
Эълон қилинган маълумотга кўра, катталар учун чипта нархи 20 минг сўмдан 40 минг сўмга ошади. Болалар учун эса чипта нархи 11 500 сўмдан 21 500 сўмга кўтарилади.
Компания ушбу чораларнинг сабабини “хизмат сифатини яхшилаш ва йўловчилар учун қулай муҳит яратиш” зарурати билан изоҳлади. Қорақалпоғистон пойтахти Нукус ва Хоразм вилоятининг маъмурий маркази бўлган Урганчни боғловчи мазкур йўналиш 27 сентябрда ишга туширилган эди.
Электр поезд (6354/6353 рейслари) белгиланган жадвал асосида ҳар куни қатнайди. Поезд Нукусдан соат 05:30 да жўнаб, 08:50 да Урганчга етиб боради.
Қайтиш поезди эса Урганчдан 15:30 да жўнаб, 18:50 да Нукусга етади. Мазкур тарифларнинг оширилиши айниқса Миллий статистика қўмитасининг октябрь ойидаги маълумотлари фонида эътиборга молик.
Ушбу маълумотларга кўра, мамлакат бўйлаб шаҳар атрофи электр поездларида йўловчи ташиш ўртача нархи 2,5 фоизга ошган бўлса, узоқ масофага қатновчи поездлар чипталари нархи ўтган ойда 0,2 фоизга пасайган. Бундан ташқари, октябрь ойининг охирида Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов давлат транспорт компаниялари, жумладан, “Ўзбекистон темир йўллари”, “ЎзAirways” ва “Uzbekistan Airports”га йил якунида хизматлар таннархини 20 фоизга қисқартириш вазифаси қўйилганини маълум қилган эди.
Шунингдек, у давлат компаниялари харажатларини оптималлаштириш ва 2026-йилгача таннархни пасайтиришга қаратилган қарор тайёрланаётганини ҳам эълон қилган.
Нукус–Урганч поезди чипталари икки баравар қимматлашади
Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар