date

Қозоғистон Авраам келишувларига қўшиладими?

Қозоғистон Авраам келишувларига қўшиладими?
Қозоғистон Республикаси Авраам келишувларига қўшилиш ниятини эълон қилиши кутилмоқда. Бу Марказий Осиё ва Яқин Шарқ учун муҳим дипломатик қадам бўлиши мумкин.

Америка маъмуриятидаги манбаларига кўра, президент Қосим-Жўмарт Тоқаев бу баёнотни Вашингтондаги ташрифи давомида, "Марказий Осиё - АҚШ" саммити доирасида қилиш эҳтимоли бор. Axios портали маълумотларига кўра, эълон Тоқаевнинг АҚШ президенти Дональд Трамп билан учрашуви чоғида берилиши мумкин.

Қозоғистоннинг Исроил билан ўттиз йилдан ортиқ давом этаётган дипломатик алоқаларига қарамай, бу қадам Авраам келишувларига янги туртки берувчи рамзий қадам сифатида баҳоланмоқда. Вашингтонда Қозоғистоннинг иштироки бу форматнинг жозибадорлигини намоён этади ва Исроилнинг мусулмон дунёсидаги мавқеини тиклашга ҳисса қўшиши мумкинлиги таъкидланмоқда.

Ташриф чоғида Қозоғистон ва АҚШ ўртасида танқидий аҳамиятга эга минераллар соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Таҳлилчиларнинг фикрича, бу стратегик шерикликни мустаҳкамлашга қаратилган қадам.

2020 йилда бошланган Авраам келишувларига дастлаб БАА, Баҳрайн, Судан ва Марокаш қўшилган эди. Бу АҚШнинг ўша даврдаги президенти Дональд Трамп маъмуриятининг муҳим ташқи сиёсий лойиҳаси ҳисобланади.

Оқ уйнинг умид қилишича, Қозоғистоннинг қарори Саудия Арабистони каби давлатларни ҳам ушбу келишувларга қўшилишга рағбатлантиради. Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмоннинг АҚШга кутилган ташрифи бу ғояни илгари суриш учун имконият сифатида кўрилмоқда.

Қозоғистон дунёдаги энг йирик уран ишлаб чиқарувчи бўлиб, бу стратегик ресурснинг қарийб 40 фоизини таъминлайди. Шунингдек, мамлакат АҚШнинг ички уран эҳтиёжининг деярли 25 фоизини қоплайди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қозоғистон Авраам келишувларига қўшиладими?