date

ФИФА: Азизбек Абдумўминов Ўзбекистоннинг яширин қуроли бўлди

ФИФА: Азизбек Абдумўминов Ўзбекистоннинг яширин қуроли бўлди

Қатарда бўлиб ўтаётган 17 ёшли футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъло дебют билан барчани ҳайратга солди. ФИФА расмий сайтида эълон қилинган таҳлилий мақолада ўзбек футболининг ёш иқтидори Азизбек Абдумўминов ҳақида алоҳида таъкидланди. Ташкилот мутахассислари уни мусобақанинг илк қаҳрамонларидан бири, деб баҳолади.

ФИФА экспертларига кўра, бош мураббий Ислом Исмоиловнинг интуицияси Парагвайга қарши учрашувда тўлиқ ўзини оқлади. Ҳужумкор ярим ҳимоячи сифатида танилган Азизбекга кутилмаганда ҳужумда асосий роль берилди ва у бу ишончни тўлиқ оқлади — жамоага 2:1 ҳисобида ғалаба келтирди.

“Футболда тактик сир сақлаш қийин бўлган замонда Исмоиловнинг бу қарорини мукаммал деб айтиш мумкин. Азизбек нафақат ҳужумда фаол, балки қанотларда ҳам жуда ҳаракатчан бўлди. Унинг рақиб ҳимоячилари билан дуэллардаги устунлиги бутун жамоани илҳомлантирди”, — деб ёзади ФИФА таҳлилчилари.

Ўзбекистон жамоаси ФИФА томонидан жаҳон чемпионатидаги илк беллашувда ғалаба қозонган илк Осиё чемпиони сифатида қайд этилди. Ислом Исмоиловнинг сўзларига кўра, Абдумўминов бу учрашув учун “яширин қурол” бўлган. “Биз ҳар бир ўйинга икки мақсад билан чиқамиз: ватанимиз шарафини ҳимоя қилиш ва ҳар бир футболчининг салоҳиятини тўлиқ очиш. Абдумўминов биринчи ўйин учун тўлиқ тайёр эди ва буни майдонда кўрсатди”, — деди мураббий.

Шогирди ҳақида гапирар экан, Исмоилов унинг меҳнатсеварлиги ва интизомига алоҳида тўхталиб ўтди: “Азизбек ҳар бир машғулотда борини беради. Унинг меҳнати майдонда натижа берди”.

Аслида Абдумўминовнинг терма жамоа тарихидаги натижалари катта эътиборга арзимас эди — у илгари 13 та ўйинда майдонга тушиб, бирорта гол урмаганди. Бироқ Қатардаги дебюти уни бутун дунёга танитди. У Парагвай дарвозасига икки бор тўп киритиб, “ўйин қаҳрамони” совринини қўлга киритди.

“Бу туйғуни сўз билан ифода этиш қийин. Бу фақат менинг эмас, бутун жамоамизнинг ютуғи. Мураббийлар менга ишонгани учун миннатдорман”, — деди Азизбек ўйиндан кейинги суҳбатда.

Бош мураббийнинг тўпурар Асилбек Алиевни захирада қолдириб, Азизбекка ишонгани катта таваккал бўлган, аммо у тўлиқ ўзини оқлади. Энди ёш футболчи ўз олдига яна катта мақсад қўйган: “Биз бу ерга шунчаки қатнашиш учун келмадик. Биз соврин учун курашамиз ва Ўзбекистон шарафини юксалтиришга ҳаракат қиламиз”, — деди у.

Азизбек болалигидан Криштиану Роналду ва Жуд Беллингемни ўзига ибрат қилиб келган. Шунинг учун ҳам у биринчи голни ургач мураббийни қучоқлади, иккинчисидан кейин эса Роналду услубида байрам қилди.

ФИФА мақоласида ёзилишича, бу ғалаба нафақат Ўзбекистон ёшлар жамоаси учун, балки бутун мамлакат футболи учун катта қадам ҳисобланади. Абдумўминовнинг ҳаракатлари эса ёш авлод учун янги умид рамзи сифатида баҳоланди.

Эндиликда Ислом Исмоилов шогирдлари гуруҳ босқичининг иккинчи учрашувида Ирландияга қарши беллашади. Ушбу муҳим ўйин 8 ноябрь куни соат 20:45 да старт олади ва футбол ишқибозлари яна бир ёрқин томошани кутмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » ФИФА: Азизбек Абдумўминов Ўзбекистоннинг яширин қуроли бўлди