
Туркия Суперлигаси 12-туридан ўрин олган баҳсда “Истанбул Башакшеҳир” сафарда “Генчлербирлиги” жамоасига қарши майдонга тушди. Беллашув анчагина кескин ва курашларга бой тарзда ўтди, аммо якунда Элдор Шомуродовнинг голи меҳмонларга очко олиб бериш учун етарли бўлмади.
Биринчи бўлимда майдон эгалари фаол ҳаракат бошлаб, 35-дақиқада Келвеннинг аниқ зарбаси орқали ҳисобни очишди. “Башакшеҳир” жавоб қайтариш учун бир неча бор хавфли ҳужумлар уюштирди, аммо устунликни голга айлантира олмади.
Иккинчи тайм бошланиши биланоқ ўзбек мухлислари интизор бўлган ҳолат рўй берди — Элдор Шомуродов рақиб дарвозасига гол урди ва ҳисобни 1:1 кўринишига қайтарди. Унинг голи нафақат жамоага умид, балки шахсан ўзининг тўпурарлик пойгасидаги етакчилигини мустаҳкамлаб қўйди.
Бироқ “Башакшеҳир”нинг қувончи узоққа чўзилмади. Орaдan атиги 7 дақиқа ўтиб, Мбай Ньянг 11 метрлик жарима зарбасидан аниқ фойдаланиб, жамоасини яна олдинга олиб чиқди — 2:1. Қолган вақтда меҳмонлар ҳисобни тенглаштириш учун бир неча бор имконият яратди, лекин “Генчлербирлиги” дарвозабонининг ишончли ўйини ва ҳимоядаги қатъиятли ҳаракатлар натижани сақлаб қолди.
Генчлербирлиги — Башакшеҳир 2:1
7 ноябр. Анқара. «Эряман»
Голлар: Келвен (35), Нянг (51, пеналти) — Шомуродов (46).
Генчлербирлиги — Велю, Келвен, Гутас, Зузек, Перейра, Деле-Баширу, Улгун (Мимарўғли, 76), Гурпуз (Демир, 76), Койта (Онур, 67), Тонгуя (Онекуру, 90+5), Нянг (Османўғли, 90+5).
Башакшеҳир — Шенгезер, Булут, Дуарте, Опоку, Шаҳинер (Кемен, 68), Ўздемир (Ҳарит, 58), Гунеш, Сари (Туруч, 77), Креспо (Зелке, 68), да Кошта (Калужински, 58), Шомуродов.
Огоҳлантиришлар: Опоку (49), Калужински (72), Онур (84), Перейра (88), Дуарте (88).
Шу тариқа, “Башакшеҳир” яна очко йўқотди ва 12 та учрашувдан сўнг 13 очко билан турнир жадвалида 10-ўринда қолмоқда. Жамоа сўнгги пайтларда барқарор натижа кўрсата олмаётган бўлса-да, Элдор Шомуродовнинг голлари унинг жамоаси учун асосий умид манбаи бўлиб турибди.
Маълумот учун, Шомуродов бугунги учрашувдаги голи билан Суперлига тўпурарлар рўйхатида пешқадамлигини янада мустаҳкамлади — у жорий мавсумда 8 та гол урган ҳолда энг самарали ҳужумчилардан бири бўлиб қолмоқда.
“Башакшеҳир”нинг навбатдаги баҳси 24 ноябрь куни кучли рақиб — “Трабзонспор”га қарши бўлади. Мухлислар Шомуродовдан яна гол ва жамоасидан муваффақият кутмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!