Евро-2024 учун саралашнинг асосий босқичи якунланди. Мураккаб саралаш турнирини тушуниш, кимлар турнирга тўғридан тўғри йўлланмалар орқали ўтганини сарҳисоб қилиш ва қолган уч йўлланма учун плей-оффда кимлар кураш олиб боришини кўриб чиқишнинг айни вақти.
Эътиборли жиҳати, саралаш турнирида интригани охирги тургача сақлаб турган, аммо йўлланмани мос равишда Словения ва Италияга бой берган Қозоғистон ва Украина жамоалари ҳали ҳам Европа чемпионатига бориш учун имкониятга эга.
Гуруҳ босқичи якунлари
22 ноябр куни сўнгги гуруҳларда сўнгги ўйинлар ўтказиб бўлингач, Евро-2024 турнирининг мезбон Германиядан ташқари 20 иштирокчиси номи аниқ бўлди: Франция, Португалия, Белгия, Испания, Шотландия, Туркия, Австрия, Англия, Венгрия, Словакия, Албания, Дания, Нидерландия, Швейцария, Руминия, Сербия, Италия, Чехия, Словения ва Хорватия.
Гуруҳ босқичининг энг яхши жамоаси Португалия бўлди – 30 имкониятдан 30 очко тўпланган. Бошқа ҳеч ким 22 тадан ортиқ очко жамғара олмаган (гуруҳларнинг кўпчилигида жамоалар 6 та эмас, 5 та бўлгани туфайли 8 тадан тур ўтказилган). Португаллар – урилган голлар (36) ва ўтказилган голлар сони (2) бўйича ҳам энг яхши натижа қайд этган. Саралашнинг энг ёмон жамоаси – Гибралтар (0 очко, 0 гол ва 41 ўтказилган гол).
Саралашнинг энг яхши тўпурари белгиялик Ромелу Лукаку бўлди, у 8 ўйинда 14 гол уришга эришган (ўртача 42 дақиқада гол урган). Ундан кейинги ўринларни Криштиану Роналду (10 гол) ва Килиан Мбаппе (9) банд этди. Энг кўп голли узатмани португалиялик Бруну Фернандеш берган – 10 ўйинда 8 пас.
Плей-оффда кимлар ўйнайди ва бу қандай бўлади?
Шу тариқа, Европа чемпионатининг 24 иштирокчисидан 21 тасининг номи маълум. Қолган уч йўлланма 2024 йил мартида плей-офф босқичида ўйналади. Унинг иштирокчилари Миллатлар лигасининг 2022/23 йиллар мавсумидаги натижалари бўйича тақсимланади. Плей-оффда 12 ўрин бор – А, В ва С лигаларидаги энг яхши тўрттадан жамоа учун.
Миллатлар лигаси 2022/23 мавсумида кимлар ўз гуруҳларида ғолиб бўлганди?
А лига: Нидерландия, Хорватия, Испания, Италия;
В лига: Исроил, Босния, Сербия, Шотландия;
С лига: Гуржистон, Греция, Туркия, Қозоғистон.
Агар Миллатлар лигаси -2022/23 гуруҳлари ғолиблари саралаш турнири орқали тўғридан тўғри йўлланмага эга чиққан бўлса, уларнинг плей-оффдаги ўринлари ўз лигасидаги кейинги энг яхши рейтингга эга жамоага ўтказилади.
Юқоридаги гуруҳ ғолибларидан фақат бештаси 2024 йилги Европа чемпионатига саралаш турнири орқали ўта олмаган ва иккинчи имкониятдан фойдаланади – булар Исроил, Босния, Гуржистон, Греция ва Қозоғистон.
Агар битта лигадан плей-оффга чиққан жамоалар сони 4 тадан кам бўлса, бўш қолган слот D лигасида энг яхши рейтингга эга гуруҳ ғолибига берилади – бу эса Эстония.
Шу тариқа, плей-оффда қуйидаги 12 жамоа ўйнайди:
А лигаси: Полша, Уэлс, Эстония ва Финландия/Украина/Исландия учлигидан биттаси;
В лигаси: Исроил, Босния ва Финландия/Украина/Исландия учлигидан иккитаси;
С лигаси: Гуржистон, Греция, Қозоғистон, Люксембург.
Иштирокчилар ўз лигаларида ички яримфинал ва финал ўйинларини ўтказишади. Яримфинал жуфтликлари Миллатлар лигасининг 2022/23 йиллар мавсуми натижалари бўйича рейтингига кўра ҳосил қилинади: биринчи жамоа уйда тўртинчи жамоани, иккинчи жамоа учинчисини қабул қилади.
Яримфинал жуфтликлари қуйидагича кўринишда бўлади (A ва B лигаларидаги иштирокчилар таркиби 23 ноябр кунги қуръадан кейин аниқ бўлади):
А йўл
Полша — Эстония
Уэлс — Финландия/Украина/Исландия
В йўл
Исроил — Украина/Исландия
Босния ва Герцеговина — Финландия/Украина
С йўл
Гуржистон — Люксембург
Греция — Қозоғистон
Яримфинал ўйинлари 2024 йил 21 март куни, финаллар – 2024 йил 26 март куни ўтказилади.
Финалда ким мезбонлик қилишини, шунингдек Украина, Финландия ва Исландия қайси жамоаларга рақиб бўлишини 23 ноябр куни УЕФАнинг Нион шаҳридаги бош қароргоҳида ўтказиладиган қуръа ташлаш маросими белгилаб беради.
Шу тариқа, Гуржистон ва Қозоғистон ўз тарихидаги илк Европа чемпионати учун йўлланмани ҳал қилиш учун ўзаро ўйин ўтказиши эҳтимоли бор. Украина эса, ЖЧ-2022 йўлланмаси учун плей-оффда бўлгани каби яна Уэлсга сафар қилишига тўғри келиши мумкин.
Евронинг финал босқичи ҳақида
Евро-2024 гуруҳ босқичи учун қуръа 2 декабр куни Швейцарияда ўтказилади. Турнирнинг ўзи 2024 йил 14 июнидан 14 июлигача Германиянинг 10 та шаҳрида бўлиб ўтиши белгиланган.
Қуръадан олдин саватчалар қуйидагича кўриниш олган:
1-саватча: Германия, Португалия, Франция, Испания, Белгия, Англия.
2-саватча: Венгрия, Туркия, Руминия, Дания, Албания, Австрия.
3-саватча: Нидерландия, Шотландия, Хорватия, Словения, Словакия, Чехия.
4-саватча: Италия, Сербия, Швейцария, плей-оффдаги А, B ва C лигалари ғолиблари.
Германия турнир мезбони сифатида биринчи саватчадан жой олган, плей-офф ғолиблари тўртинчи саватчага жойлаштирилган. Қолган жамоалар саралаш рейтингига кўра (саралаш босқичидаги очколари, гуруҳлардаги ўрни, голлари, тўплар нисбати, ғалабалар сони, интизом рейтинги, шунингдек Миллатлар лигаси ўтган мавсумидаги рейтингига қараб) саватларга тақсимланган.
Шу тариқа, гуруҳларда энг яхши натижаларга эга беш жамоа биринчи саватчада Германияга қўшилган, иккинчи саватчани гуруҳнинг яна беш ғолиблари ва иккинчи ўринлар орасидаги энг яхши натижага эга Австрия ташкил этган.
Италия эса тўртинчи саватчадан жой олган. Бунинг учун италияликлар ўзи айбдор. Европа чемпионатининг амалдаги ғолиби саралаш босқичидаги саккиз ўйинда тўрт ғалаба, икки дуранг ва икки мағлубият қайд этишди ва 14 очко билан иккинчи ўринлар орасидаги энг ёмон кўрсаткич туфайли қуръада қийналадиган бўлди. Энди ушбу жамоа иштирокида Евро-2024 финал босқичида «ўлим гуруҳи» юзага келиши мумкин: қуръа Италияни Франция (ёки Англия, Испания, Германия, Португалия ва Белгиядан бири) ва Нидерландия каби Европа грандлари билан битта гуруҳга ташлаши. Евро-2020 турнирида ҳам италияликларга гуруҳда Германия, Португалия ва Франция каби жамоалар рақиб бўлганди.
«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг