Конголиклар Ўзбекистоннинг кучини энди жиддий англамоқда (видео)

Жаҳон чемпионати яқинлашгани сари Ўзбекистон миллий терма жамоаси атрофидаги қизиқиш янада ортиб бормоқда. Айниқса, мундиалда вакилларимиз билан бир гуруҳдан жой олган рақиблар ҳам энди Ўзбекистонни аввалгидек оддий рақиб сифатида эмас, жиддий хавф туғдира оладиган жамоа сифатида баҳолай бошлагани кўзга ташланмоқда.
Бир неча кун аввал Конго терма жамоаси вакиллари Ўзбекистон ҳақида анча баландпарвоз гапирган, ҳатто “3:0 ҳисобида ғалаба қозонамиз, биз жисмоний жиҳатдан кучлимиз” деган фикрларни билдирган эди. Аммо вақт ўтгани, таҳлиллар кўпайгани ва Ўзбекистон терма жамоасининг сўнгги ўйинлари янада жиддийроқ ўрганилгани сари уларнинг қарашларида сезиларли ўзгариш пайдо бўлди.
Эндиликда Конго томонидаги футболчилар ва мутахассислар Ўзбекистон ҳақида анча эҳтиёткорлик билан, ҳатто хавотир аралаш гапиришмоқда. Илгари ишонч билан айтилган кескин гаплар ўрнини таҳлил, ҳушёрлик ва рақиб кучини тан олиш кайфияти эгаллаган.
Яқинда Конгода Ўзбекистон терма жамоасига қарши ЖЧ-2026 гуруҳ босқичининг учинчи туридаги учрашув ҳақида махсус давра суҳбати ташкил этилди. Унда футболчилар, мутахассислар ва кўрсатув бошловчилари иштирок этиб, Ўзбекистон миллий жамоасининг имкониятлари, кучли жиҳатлари ва Конго учун ушбу ўйин қанчалик муҳим экани ҳақида фикр алмашишди.
Кўрсатув бошловчиси Ўзбекистон билан баҳс улар учун учинчи тур ўйини бўлишини таъкидлаб, бу учрашувда Конго ҳар қандай ҳолатда ҳам ғалаба учун майдонга тушиши кераклигини айтди. У Ўзбекистон ўз қитъасида Эрондан кейин иккинчи ўринни эгаллагани, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари орасида тарихда биринчи марта Жаҳон чемпионатига йўл олган терма жамоа эканини алоҳида тилга олди.
Бошловчи Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро ҳақида ҳам тўхталди. У Каннаварони дунё футболи яхши танийдиган, мундиал муҳитини жуда яхши ҳис қиладиган, ҳатто футболчи сифатида Жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан шахс сифатида таърифлади. Бу эса Конго томони учун қўшимча ўйлантирадиган жиҳат экани сезилди.
Суҳбат давомида Абдуқодир Ҳусанов номи ҳам алоҳида тилга олинди. Конго вакиллари Ҳусанов ҳақида кўп гапирилаётганини, у Ўзбекистон ҳимоясида муҳим фигура эканини таъкидлашди. Шунингдек, улар Элдор Шомуродовни ҳам эслаб ўтишди. “Рома”дан “Истанбул Башакшеҳир”га ижарага берилган ҳужумчи Туркияда 22 та гол ургани алоҳида қайд этилди ва бу жуда яхши натижа сифатида баҳоланди.
Ўзбекистон терма жамоасининг яқинда Габонга қарши ўтказган ўйини ҳам муҳокама марказида бўлди. Бошловчи ва айрим иштирокчилар вакилларимиз Африка жамоаларига қарши қандай ўйнаш кераклигини ўзлаштираётганини таъкидлашди. Улар Ўзбекистон Габонни ишончли тарзда мағлуб этганини хавфли сигнал сифатида баҳолашди.
Бироқ давра суҳбатида бошқа мутахассис бу натижага бироз бошқача қараш кераклигини айтди. Унинг фикрича, Габон ўша ўйинга ўзининг энг кучли таркиби билан келмаган. Африка миллатлар кубогидан кейин жамоада ички муаммолар пайдо бўлгани, таркибда барқарорлик етишмагани ҳам тилга олинди. Шу билан бирга, Қатардаги Жаҳон чемпионатида Габоннинг Камерунни мағлуб этгани ҳам эслатиб ўтилди.
Шунга қарамай, суҳбатда иштирок этган Конго футболчиларидан бири Ўзбекистоннинг ғалабасини камситишга уринмаслик кераклигини билдирди. У “нима қипти, барибир улар Габоннинг асосий жамоасини мағлуб этишди”, деган маънода фикр билдирди. Бу гап Конго лагерида Ўзбекистон натижаларига нисбатан эҳтиёткор муносабат шаклланаётганини кўрсатади.
Бошловчи эса вазиятни янада кескинроқ баҳолади. У “келинг, ўзимизни ўзимиз алдамайлик”, дея Ўзбекистоннинг 3 та гол ургани ва ғалаба қозонгани барибир эътиборсиз қолдириб бўлмайдиган натижа эканини таъкидлади. Аммо шу билан бирга, Конго терма жамоаси Жаҳон чемпионатига шунчаки қатнашиш учун бормаслиги, ҳар бир ўйинда ғалаба учун жанг қилиши шартлигини ҳам қайд этди.
Унинг фикрича, Конго Португалия, Колумбия ёки Ўзбекистон бўлишидан қатъи назар, рақиб номига қараб чекинмаслиги керак. Жамоанинг гуруҳ босқичида атиги учта ўйини бор ва уларни уч мағлубият билан якунлаб, уйга қайтиш Конго учун қабул қилиб бўлмас ҳолат сифатида баҳоланди.
Давра суҳбатида яна бир футболчи Ўзбекистон таркибида Ҳусанов, Шомуродов ва бошқа кучли футболчилар борлиги ҳақида кўп гапирилаётганини айтди. Аммо у Конго таркибида ҳам топ лигаларда тўп сураётган футболчилар борлигини таъкидлаб, ўз жамоаси ҳам рақибдан қўрқмаслиги кераклигини билдирди.
Бошловчи ҳам айнан шу руҳда гапирди. У “нега биз улардан қўрқишимиз керак, нима учун ўз ғалабамизга ишонмаслигимиз лозим?” деган фикрни илгари сурди. Бу сўзлар Конго томонида икки хил кайфият борлигини кўрсатади: бир томондан, Ўзбекистон кучини тан олиш, иккинчи томондан эса ўз имкониятига ишончни йўқотмаслик.
Айниқса, яна бир футболчининг гаплари эътиборга лойиқ бўлди. У дастлаб Ўзбекистон терма жамоасини жиддий қабул қилмаганини тан олди. Аммо мундиал яқинлашгани сари Ўзбекистон ҳақиқатан ҳам хавфли рақиб эканини борган сари яхшироқ тушуниб бораётганини айтди.
Бу эътироф бежиз эмас. Ўзбекистон миллий терма жамоаси сўнгги йилларда ўйин сифати, тартиб-интизом, легионерлар даражаси ва руҳий ишонч борасида анча ўсди. Жамоа таркибида Европада танилаётган футболчилар, катта тажрибага эга етакчилар ва ёш, шижоатли ўйинчилар бор. Бундай жамоани паст баҳолаш — майдонга чиқмасдан туриб хатога йўл қўйиш билан баробар.
Бошловчи суҳбат якунида Конго учун орқага йўл йўқлигини таъкидлади. У терма жамоанинг ҳар бир футболчиси Жаҳон чемпионатида шунчаки иштирок этиш эмас, балки ғалаба учун курашиш масъулиятини чуқур ҳис қилиши кераклигини айтди.
Унинг фикрича, мақсад фақат бориб ўйнаб келиш эмас. Конго ҳар бир баҳсга ғалаба нияти билан чиқиши, ўз имкониятига ишониши ва майдонда охиригача жанг қилиши шарт. Аммо бу гаплар орасида Ўзбекистон терма жамоасига нисбатан эҳтиёткорлик ва ҳурмат ҳам яққол сезилиб турибди.
Бир сўз билан айтганда, Конго лагерида аввалги шовқинли ва ишончга тўла баёнотлар анча юмшаган. Улар энди Ўзбекистонни оддий рақиб эмас, пухта ўрганилиши керак бўлган, хавфли ва кучли жамоа сифатида кўришмоқда. Бу эса вакилларимизга бўлган муносабат ўзгарганини англатади.
Мундиалда ҳар бир ўйин алоҳида тарих. Ўзбекистон учун Конго билан баҳс ҳам катта синов бўлади. Аммо рақиб томондаги бундай муҳокамалар бир нарсани кўрсатмоқда: энди Ўзбекистондан қўрқмаслик ҳақида гапириш осон, аммо уни майдонда енгиш бутунлай бошқа масала.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!