Россияда чекловлар вақтида ҳам интернетга кириш таъминланади

Россия президенти Владимир Путин ҳукумат ва Федерал хавфсизлик хизматига (ФСБ) фуқароларнинг интернетга барқарор ва узлуксиз киришини таъминлаш бўйича топшириқ берди. Ушбу кўрсатма ҳатто тармоқда чекловлар жорий этилган даврларда ҳам амал қилиши лозимлиги таъкидланган. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Кремл сайтида эълон қилинган ҳужжатга кўра, асосий эътибор ўта муҳим рақамли сервисларнинг ишлашига қаратилади. Биринчи навбатда, соғлиқни сақлаш тизимлари, давлат хизматлари портали ҳамда тўлов тизимларини ўз ичига олган молиявий инфратузилманинг дахлсизлиги таъминланиши шарт.
Мазкур сервислар ҳар қандай чеклов чоралари қўлланилган тақдирда ҳам ўз иш қобилиятини сақлаб қолиши керак. Бу чора-тадбирлар рақамли иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг барқарорлигини сақлашга қаратилган стратегиянинг бир қисми сифатида кўрилмоқда.
Топшириқнинг ижроси ҳукумат раиси Михаил Мишустин ва ФСБ директори Александр Бортников зиммасига юклатилди. Масъуллар амалга оширилган ишлар бўйича ҳисоботни жорий йилнинг 1-июльига қадар тақдим этишлари лозим.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!