date

«Милан» «Пиза» сафаридан қийинчилик билан уч очко олди

«Милан» «Пиза» сафаридан қийинчилик билан уч очко олди

Италия А Сериясининг 25-турида «Милан» сафардa «Пиза»га қарши мураккаб кечган баҳсда ғалабани қўлга киритди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.

Учрашув аввалида мезбонлар ҳам хавфли вазият яратди: Филип Стойлкович жарима майдони чап четидан офсайддан зарба йўллади, бироқ «Милан» дарвозабони жамоасини қутқариб қолди. 39-дақиқада эса Закари Атэкаме ўнг қанотдан аниқ узатма берди ва Рубен Лофтус-Чик бош билан ҳисобни очди — 0:1.

Иккинчи тайм бошида «Милан» яна гол урди, бироқ у бекор қилинди: Никлас Фюлкругнинг узатмасидан сўнг Адриен Рабо тўпни дарвозага жойлади, аммо эпизодда Фюлкруг қўл билан ўйнагани қайд этилди. Кўп ўтмай Фюлкруг 11 метрликдан ҳам фойдалана олмади — зарбаси сус чиқиб, тўп устунга тегиб майдонни тарк этди.

71-дақиқада «Пиза» ҳисобни тенглаштирди: Стойлкович чап қанотдан паст узатма ташлади, курашда тўп Страхиня Павловичдан қайтиб Фелипе Лойоланинг оёғи остига келди. У бироз силжиб, тўпни ўнг бурчакка аниқ йўллади — 1:1.

Ўйин сўнгида «Милан» ғалаба голини урди. 85-дақиқада Лука Модрич ҳужумни бошлаб берди: Самуэле Риччига узатма ташланди, Риччи йиқилаётган ҳолатда тўпни қайта Модричга оширди. Лука жарима майдони ичида марказга силжиб, оёқ ташқи томонида ўнг бурчакка йўллади — 1:2.

90-дақиқада Рабо ҳакам билан тортишиб қолди ва биринчи огоҳлантиришидан кейин тезда иккинчи сариқ карточкани ҳам олиб, майдонни тарк этди.

Ушбу ғалабадан сўнг «Милан» пешқадамдан 5 очко ортда бормоқда. «Пиза» эса турнир жадвалида сўнгги ўринни бўлишиб турибди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » «Милан» «Пиза» сафаридан қийинчилик билан уч очко олди