17:36 / 30.08.2017
5 390

Ўқимаганлар учун энг қизиқ латифа! (бу шунчаки ҳазил)

Ўқимаганлар учун энг қизиқ латифа! (бу шунчаки ҳазил)
Жаҳон чемпионати саралашининг сўнгги босқичини яна-да яхшироқ ўтказишни ният қилган Самвел Бабаяннинг боши қотибди. Нима қилсам экан? Ниҳоят ечим топибди, бориб, Луис Энрикедан маслаҳат сўрабди. Ахир айнан шу Луис Энрике охирги йилларда жуда кўп совринларни ютиб олган еди-да. Бежизга эмасдир?

Бу фикр терма жамоалар марказига ҳам ёқиб тушибди ва зудлик билан Бабаянни Испанияга жўнатиб юборишибди.

— Луис, ука, сенга қойил. Ўйинларингни кўриб, жуда завқ оламан.

— Раҳмат.

— Тўғриси, менинг жамоам ҳам «Барселона»дек ўйнашини орзу қиламан. Маслаҳат берсанг-чи, нима қилсам, худди сизлардақа ўйнай оламиз?

— Буни йўли осон, — дебди Луис Энрике.

— Хўш?

— Асосий таркибга ўйинчи танлаётганда нималарга эътибор берасан?

— Масалан, футболчининг легионер эканига. «Пахтакор»да ўйнайдиган бўлса ҳам яхши сабаб. Ёшроқ бўлса, янаям яхши, номи чиқса, чет элга сотиб юбориш мумкин.

Луис Энрикенинг юзи қизариб кетибди ва каталончасига бир нималар деб ғулдирабди.

— Унақа бўлмайди-да, — дебди Бабаянга қараб, — масалан, мен футболчиларнинг ақлий қобилиятларига ҳам алоҳида эътибор қаратаман. Ақлли футболчилар тактикани ҳам яхши тушунадилар.

— Зўр-ку?! Раҳмат!

Шундай деб, Бабаян кетиб қолибди. Лекин ярим йўлдан яна қайтиб келибди. Терма жамоалар маркази ярим йўлнинг чиптасини ҳам ташкил қилиб берибди. Уларга ҳам раҳмат айтамиз.

— Луис, лекин мен уларнинг қайси бири ақлли эканини қаердан биламан?

— Буни йўли осон! — дебди Энрике ва олдига Бускетсни чақирибди. — Мана, Бускетс — жамоамдаги энг ақлли ўйинчилардан бири. Мен унга мантиқий савол бераман ва жавобига қараб, аниқлашим мумкин.

— Қани, кўрайлик-чи…

— Серхио, менга айтчи, — Бускетсга юзланибди Энрике, — дадангнинг ўғли, лекин сенинг аканг ҳам эмас, уканг ҳам эмас. У ким?

— Ким бўларди, мен, — деб жавоб берибди Бускетс.

— Қойил! — дебди Луис Энрике.

— Қойил, — дебди Бабаян.

Мураббийимиз хурсанд бўлиб уйга қайтибди. Зудлик билан олдига Станислав Андреевни чақирибди.

— Стас, менга қара, бўлди, ҳаммаси ўзгарди, энди терма жамоада ўйнашга лойиқ эканингни исботлашинг керак.

— Хўп, устоз, нима қилишим керак?

— Энди таркибни янги услубга кўра танлаймиз. Ҳамма ўйинчиларга мантиқий савол бериб, тўғри жавоб берганларни таркибга оламиз, тушундингми? Сенга савол: Дадангнинг ўғли, лекин аканг ҳам эмас, уканг ҳам эмас, у ким? Вақт кетди.

Станислав Андреев жуда кўп ўйлабди. Ўйлайверибди, ўйлайверибди. Мураббий унга эртагача муҳлат бериб, чиқариб юборибди.

Ўйга чўмган Андреев йўлда кетаётса, Гейнрих турганмиш.

— Эҳ, Саша, сени менга Худонинг ўзи етказди.

— Тинчликми, Стас?

— Самвел ака менга битта савол берди. Жуда қийин экан. Шуни топа олмасам, терма жамоага чақирмасмиш. Бошим қотиб кетяпти.

— Хўш, қанақа савол экан?

— Қара, дадангнинг ўғли, лекин сенинг аканг ҳам эмас, уканг ҳам. Ким у?

— Эҳ, шуниям билмадингми? Ким бўларди, мен-да.

— Қойил, — дебди Андреев ва Бабаяннинг олдига югуриб кетибди.

— Топдим, устоз, топдим! — дея бақир-чақир қилиб келибди Андреев.

Бабаян билан Асқар Толибжонов бўлажак ўртоқлик ўйинларини муҳокама қилиб, яъни чой ичиб ўтирган эканлар.

— Ҳа, намунча, тинчликми?

— Устоз, бояги саволингизга жавобни топдим.

— Йўғ-е, маладес, айт-чи, дадангнинг ўғли, лекин сенга ака ҳам эмас, ука ҳам, қани ким у?

— Гейнрих, устоз, Гейнрих!

Бабаяннинг истимаси кўтарилиб кетибди. «Иван Васильевич ўз касбини ўзгартиради» фильмидаги шоҳга ўхшаб бақирибди:

— Йўқо-о-о-о-о-о-о-о-о-о-о-ллл!!!

Станислав Андреев қочиб кетибди.

— Ҳа, Самвел, тинчлик-ми?

— Қарамайсизми, Асқар ака буни. Гейнрихмиш, ахир тўғри жавоб Бускетс-ку!

Қаҳрамон Асланов

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ўқимаганлар учун энг қизиқ латифа! (бу шунчаки ҳазил)