Барчангиз "Миллион" гуруҳининг охирги чиқишини кўрган бўлсангиз керак.
Ўз юморлари орқали жамиятимиздаги муаммоларини кўтариб чиқувчи ушбу гуруҳ учун футбол мавзуси ҳам бегона эмас. Хусусан, гуруҳнинг бу йилги концертида дастлабки саҳна кўринишиёқ футбол муаммоси кулги ила кўрсатилди.
Кўрган бўлсангиз, Бразилия ва Ўзбекистон миллий терма жамоси футболчиларининг ролини ўйнаган йигитлар даставвал ўз юртлари ҳақида таъриф бериб баҳс бошлашади. "Бразилиялик"лар ўз термасининг беш карра жаҳон чемпиони экани, уларда "Маракана" стадиони борлиги-ю, машҳур футболчилари ҳақида айтган гапига, "Ўзбекистонлик" футболчи бир хил тарзда "Бизда "Бунёдкор" стадиони бор" дея жавоб беради. Кулгули, лекин ўйга соладиган ҳолат. Ростдан ҳам бизнинг бошқа мақтанадиган жойимиз йўқми?
Мактаб давримда телевизор орқали қизиқарли футбол ўйинлари намойиш этиладиган бўлса, қилиниши керак бўлган уйга вазифалар мен учун иккинчи планга тушиб қоларди. Лекин футбол кўриш орқали ўз-ўзидан баъзи фанларни ўзлаштирган эдим. Масалан, география фани. Футболга қизиқишим ортгани сари Жорж Веа сабаб Либерия давлатини, Дуайт Йорк туфайли Тринидад ва Тобаго деган давлатларни ўзим учун кашф этганман.
Футбол бу шундай ўйинки, унда биргина футболчи сабаб бутун бир давлат кўз олдингизга келиши мумкин. Айрим давлатлар бор, уларни жаҳон харитасидан топишнинг ўзи мушкуллик туғдирса-да, машҳур футболчиси орқали билиб оламиз.
Хўш, бизда-чи? Терма жамоамиз жаҳон чемпионатига чиқа олмаётганига яраша дунё танийдиган футболчимиз борми? Афсуски, йўқ. Миржалол Қосимов, Максим Шацких, Одил Аҳмедов, Виталий Денисов каби футболчиларимизни ҳам собиқ иттифоқ ва Осиё давлатларидан бошқа жойда танишлигига ишониш қийин. Шу вақтга қадар "Кучли бешлик"да бир футболчимизнинг саноқли дақиқалар ўйнаганини айтмаса, бу борада ишлар анча чатоқ эканини кўриш мумкин.
Айтайлик, бизни сўнгги иккита жаҳон чемпионатидан мосуво қилган Жанубий Корея футболчилари учун аллақачон Англия ва Германия каби чемпионатлар оддий ҳол бўлиб улгурган. Биз эса чемпионатимиздаги бирор футболчига Россия клуби қизиқса, дўппимизни тепага отгудек хурсанд бўладиган ҳолга келдик. Бахтимизга Осиё футбол конфедерацияси 2009 йилдан бошлаб миллий чемпионатлар учун осиёлик футболчиларга аталган +1 лимити жорий этган экан, ҳар ҳолда футболчиларимиз Осиёнинг кучли биринчиликларида тўп суришяпти. Лекин бу ҳам вақинча бўлиши мумкин, сабаби бу мавсумдан Хитой чемпионатида йўққа чиққан осиёлик футболчи қонуни, келаси мавсумдан БАА ва Қатарда ҳам бекор бўлиши кутилмоқда.
Демак, футболимиз йўлида аллақачонлар қилиниши керак бўлган ислоҳотларни (болалар футболи, олий ва биринчи лига савияси) амалга оширмасак, футболчиларимизни Европа майдонларида кўриш орзулигича қолиб кетиб, нафақат саҳнада, балки реал ҳаётда ҳам қуруқ стадионлар билангина мақтаниб қолишимиз мумкин.
Мақсуд Яҳёев
Манба: championat.asia «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Хитой 15 та сунъий йўлдошга эга тижорий ракетани учирди