Фото: Getty Images
Футболда шундай эпизодлар бўладики, одамлар футбол деганда айнан ўша ҳаракатларни эслайди. Масалан, Роналдиньонинг «Челси» дарвозасига урган голи, Моуриньонинг «Барселона»ни мағлуб этгач «Ноу Камп»даги мухлисларга «қўлини бигиз қилгани», Бебетонинг машҳур голни нишонлаши, Балотеллининг «Why always me» ёзувли футболкаси...
Бундай эпизодлар кўп, аммо уларнинг ҳар бирини мухлислар эслаб қолишган. «Барселона» ва «Реал» жамоалари ўртасидаги ўйинда мана шундай воқеа содир бўлди.
Класико тақдирини ҳал қилган Винисиус Жуниорнинг голи Тони Кроос томонидан тайёрланди. Йўқ, бу Крооснинг ажойиб узатмаси ҳурматига қилинган навбатчи хушомад эмас, немис чинакамига голни тайёрлади! Тони ўйин давом этаётган вақтда пауза ушлаб (!) гол урган футболчига қандай ҳаракат қилиш кераклигини кўрсатиб турди. Ишонинг, бунақасини доим ҳам кўравермайсиз. Кроос шунчалик совуққон футболчики, ўйин вақтида тўхтаб «онлайн тарзда» режа туза олади.
Нега Кроос бунчалик хотиржам деб ўйлайсиз? Чунки у жаҳон чемпиони бўлган, ЕЧЛни уч марталаб ютган. Мана шунинг учун ҳам футболчи совринлар ютиши муҳим ҳисобланади.
Эътибор берган бўлсангиз, Рамос ҳам пенальти тепаётганда мана шундай совуққон ҳаракат қилади. Ахир унинг ютмаган соврини қолмаган – жаҳон чемпионати, Европа чемпионати, ЕЧЛ.
Таққослаш учун, «Барселона» етакчиси Лионель Мессида мана шундай совуққонлик баъзан етишмайди. Лео хоҳласа-хоҳламаса, жаҳон чемпионатини ютмагани хаёлининг бир бурчагида унга тинчлик бермай айланаверади. Барча мусобақаларни ютган футболчи эса ўзгача босиқлик билан ҳаракат қилади.
Бу билан ҳамма жаҳон чемпионлари ҳаяжонсиз ўйнайди демоқчи эмасмиз. Кроос каби футболчилар шубҳасиз, истисно. Сўнгги йилларда «Реал»да кўп ўзгаришлар бўлди. Натижалар, ўйинлар ва умуман Мадриддаги жараёнларни кузатсангиз, Кроос қайсидир маънода ўтиш даври ҳисобланган мураккаб даврда Мадрид учун асосий фигурага айланди.
Бундай вақтда футболчиларнинг кайфиятида ва ҳатто ўйинида ўзгариш пайдо бўлади. Масалан, Лопетеги вақтидаги Марсело биз билган дунёнинг энг зўр қанот ҳимоячиси эмасди, Бэйл-ку умуман ўз даражасидан тушиб кетди, аммо Кроос барқарор ўйнашда давом этди. Тони «Реал»нинг бошқа футболчилари каби ижтимоий тармоқдаги чиқишлари билан ҳам машҳур эмас. У шунчаки майдонда ўзининг ишини қилади, тамом.
Крооснинг «Барселона»га қарши ўйиндаги ҳаракати бир неча воқеани эслатади. Бу шунчаки оддий ҳаракат эмас, рақибга руҳий зарба берадиган «жест» эди. Евро-2012 чорак финалида Италия Англия билан тўқнашган ва пенальтилар сериясида яримфиналга чиққанди. Серияда Андреа Пирло Паненка услубида тўпни Жо Ҳартнинг устидан ташлаб қўйган ва бу билан рақибга руҳий зарба берганди. Бундай масъулиятли паллада таваккал қила олиш эса чинакам катта футболчиларга хос.
ЖЧ-2014 саралашидан ўрин олган Ўзбекистон – Тожикистон ўйинини эслайсизми? Абрамовнинг кўрсатмаси билан футболчилар атай сариқ карточка олган ўйин. Бу ўйинда Ўзбекистон 3:0 ҳисобида ғалаба қозонганди. Шу куни Александр Гейнрих томонидан қилинган бир ҳаракат мухлислар ёдида қолган. Саша тўпнинг устига икки оёғи билан чиқиб қўлини пешонасига қўйган кўйи атрофга қараган ва бу билан рақибларга қанисизлар, сизларни кўрмаяпман, деганди гўё. Гейнрихнинг бу ҳаракатини пайқаган мухлислар уни олқишлаганди. Принципиал рақибга қарши ўйинда Гейнрих мана шундай тарзда уларга зарба берганди. Ҳа, Гейнрих шубҳасиз, катта футболчи эди.
30 миллионли инвестиция
Кроос 2014 йил 17 июль куни «Реал» билан шартнома имзолаганди. Мадрид унинг трансфери учун 30 миллион евро тўлаган. Трансфер эълон қилинганидан 3 кун олдин Кроос Германия миллий жамоаси сафида жаҳон чемпиони бўлганди. Тони «немис машинаси»да ҳам асосий футболчилардан эди, шу боис Перес уни Мадридга олиб келди. Кроос учун тўланган 30 миллион евро аллақачон ўзини оқлаб бўлган.
«Реал» учун 30 миллион ўша вақт ҳам катта пул эмасди, бундай пулларга клуб қанчадан-қанча ўзини кўрсата олмаган футболчиларни сотиб олган. Аммо Кроосга сарфланган пул чинакам инвестицияга айланди. Тони нафақат ўзи жамоага фойда келтирмоқда, унинг ёш футболчилар ўсишида ҳам хизмати катта.
Кроос аллақачон маэстро даражасига кўтарилди десак, бўрттириш бўлмайди. Уни Зидан, Дель Пьеро, Пирло, Хави, Иньеста каби футболчилар қаторида маэстро деб аташ мумкин.
Футбол ва интеллект
Юқорида Кроос «Реал»нинг ўтиш даврида муҳим футболчи бўлганини айтдик. Чиндан Тони клубда ҳар томонлама балансни ушлаб турган футболчидир. Майдон марказида унинг ҳаракатлари ҳеч қандай рақибга «Реал» жарима майдончасига осон кириш имконини бермайди. Майдон ташқарисидаги баланс учун ҳам Тони муҳим инсон.
Жаҳон футболида катта обрўга эга яна бир футболчи Андреа Пирло футбол ҳақида шундай деганди: «Футбол бош билан ўйналади, оёқ шунчаки восита».
Айнан Кроос ва Пирло каби йигитлар футболни мана шундай чиройли ўйинга айлантирган. Улар майдонда ҳаяжонланиш нималигини унутган ва ақл билан ҳаракат қилади. Шу боис, бундай футболчилар катта ўйинлар тақдирини ҳал қила олишади. Бир сўз билан айтганда, улар футболни бош билан ўйнайди...
Ўткир Жалолхонов
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди