
Туркиянинг йирик компанияларидан бири "Heyal Holding" Фарғона вилояти Қува туманида замонавий саноат ҳудуди қуриш учун 350 миллион доллар сармоя киритишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Истанбулда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ва "Heyal Holding" асосчиси Вахдеттин Ҳейал ўртасида эришилган келишувда маълум қилинди.
Янги саноат ҳудуди минтақа иқтисодиёти учун муҳим ўсиш нуқтасига айланиши кутилмоқда. Лойиҳада 15 дан ортиқ кўп функцияли объектлар, жумладан, кўп қаватли ишлаб чиқариш цехлари, савдо марказлари, меҳмонхоналар, конференция заллари ва тайёр маҳсулотлар кўргазма хоналари қурилиши режалаштирилган.
Лойиҳада технологик ва экологик стандартларга алоҳида эътибор қаратилган. Ишлаб чиқариш қувватлари "ақлли тизимлар" тамойили асосида барпо этилади.
Энергия самарадорлигини ошириш учун қуёш панеллари ўрнатилади, атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш мақсадида чиқиндиларни қайта ишлаш тизимлари жорий этилади. Шунингдек, янги корхоналарда ишлаш учун маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш мақсадида касб-ҳунар ўқув маркази ташкил этилади.
Ўзбекистон делегациясининг Туркияга ташрифи давомида "Heyal Holding" билан музокаралар билан чекланиб қолмади. Хайрулло Бозоров Туркиянинг яна 30 га яқин компаниялари вакиллари билан учрашиб, Фарғона вилоятига инвестиция киритиш истиқболларини муҳокама қилди.
Музокараларда автомобилсозлик, қурилиш, заргарлик, энергетика ва ахборот технологиялари каби соҳалар қамраб олинди. Хусусан, "Aktiv Group" директори Мехмет Нюкто Фарғонада янги меҳмонхона қуриш ва тарихий биноларни қайта тиклаш лойиҳаларида иштирок этиш имкониятларини муҳокама қилди.
"Aydin Gold" раҳбари Ибрагим Айдин заргарлик соҳасида янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича қизиқиш билдирди. "SMTR Group" вакиллари автомобиллар учун ёнилғи бакларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш имкониятларини ўрганди.
Шунингдек, "Seyhan Ambalaj Makina" қадоқлаш ускуналари ишлаб чиқариш линиясини Қува логистика маркази базасида очишга тайёр эканлигини билдирди, "Cabani Shoes" эса Фарғонада Ўзбекистондаги учинчи расмий бутикини очишни режалаштирмоқда. Октябр ойида Хайрулло Бозоров "Heyal Holding" асосчиси Вахдеттин Ҳейал билан икк маротаба учрашиб, келажакдаги саноат ҳудудида 25 та йирик лойиҳа амалга оширилиши масаласини муҳокама қилди.
Уларнинг олтитаси бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқилган эди. Яқин кунларда "Heyal Holding" эксперт гуруҳи Фарғонага ташриф буюриб, лойиҳа ҳужжатларини батафсил ишлаб чиқиш ва қурилиш тайёргарликларини бошлаши кутилмоқда.
Якунда Фарғона вилояти ҳокимияти ва "Heyal Holding" ўртасида халқаро ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланди.
Фарғонада $350 млнлик саноат ҳудуди қурилади
Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар