Барчани шошириб қўйган коронавирусга бироз кўниккан дунёда аста-секин ҳаёт тикланмоқда. Жумладан футбол ҳам. 13 июндан Суперлига ўйинлари бошланади. Октябрда эса Осиё миллий жамоалари ЖЧ-2022 саралаши доирасида ўйинларни давом эттиришади.
Бу янгилик мухлисларни хурсанд қилди. Биз уларни янада хурсанд қилиш мақсадида FootWeek лойиҳасининг иккинчи сонида миллий жамоа бош мураббийи Вадим Абрамов билан суҳбат уюштирдик. ОАВ билан мулоқотдан ҳеч ҳам қочмаган Абрамов вақт топиб саволларимизга жавоб берди. Доимгидек хушчақчақ кайфиятда бўлган миллий жамоа устози мухлислар учун қизиқарли янгиликларни айта олди, бизнингча.
«Бунақасини нафақат биз, балки бутун инсоният кўрмаганди...»
Вадим Абрамов карантин ҳақида қандайдир янги гап айтиш қийинлигини таъкидлар экан бунақа синов нафақат ўзбекистонликлар, балки бутун инсоният учун кутилмаган бўлганини айтди:
«Бу борада янги гап айтиш қийин. Бунақа синов нафақат бизда, балки бутун инсониятда бўлмаганди. Анча вақт ўтди, энди нима бўлишини вақт ўтиши билан кўрамиз. Карантиндан кейин жароҳатлар кўпайиши ҳақида гапиришмоқда, лекин унутмаслик керакки, жароҳатлар футбол учун янгилик эмас, улар доим бўлган. Биз мураббийлар бундай ҳолатда қандай йўл тутишимизга кўп нарса боғлиқ. Вазиятдан тўғри чиқиб кетишга ҳаракат қиламиз.
Футболчилар пандемия вақтида уйда индивидуал машғулот ўтказишди. Биз уларни назорат қилган бўлдик. Ахир ҳозир ҳар хил техник воситалар орқали мулоқот қилиш урф бўлган. Тўғриси, бу одатий машғулотлардек эмас. Ҳозир ҳаммаси яхши, кўришдик, машғулотларни бошладик. Ҳар қанча ажабланарли бўлмасин, ҳеч кимда ортиқча вазн йўқ. Афтидан ҳамма ҳолатга тўғри баҳо берган. Футболчилар доим тайёр бўлиш кераклигини, акс ҳолда уларнинг ўрнини кимдир эгаллаши мумкинлигини тушуниб етган. Шу сабаб йигитларнинг бундай масъулият ҳис қилганидан хурсанд бўлдим».
«Бундай тўхталишдан кейин жароҳат бўлиши табиий»
Абрамовнинг айтишича, тўхталишдан сўнг майдонга тушган футболчиларда жароҳатлар бўлиши табиий, лекин қўрқадиган даражада эмас:
«Анча вақт тўхталиш бўлди ва бундай ҳолатда жароҳат бўлиши табиий, лекин қўрқадиган даражада эмас. Яна такрорлайман, футболда жароҳатлар олдин ҳам бўлган».
«Бошида умуман захирага рухсат беришмаган...»
Вадим Абрамовнинг футболдаги янгилик – ўйин давомида бешта футболчини алмаштириш бўйича фикрини билдик. Миллий жамоа бош мураббийи бу саволга ҳам доимгидек ўзига хос оригинал жавоб топа олди:
«Ҳар қандай янгиликнинг яхши ва ёмон томонлари бор. Мен масалан, буни нормал қабул қилдим. Майдон ташқарисидаги ҳар хил гаплар билан одам ўзини оқлашга уриниши мумкин, лекин унутмаслик керакки, барчаси майдонда ҳал бўлади. Қизиқ даврлар келди, энди бешта футболчини алмаштириш мумкин. Бошида ўйинлар вақтида умуман футболчи алмаштириш мумкин бўлмаган. Ҳаттоки кимдир жароҳат олса ҳам, унинг ўрнига ҳеч ким тушмаган. Кейинчалик битта, иккита, учта ва мана энди бешта ўзгаришга рухсат беришмоқда...».
«Жалолиддиновга Москванинг «Локомотив»идан таклиф бор»
«Бунёдкор» ҳақида гапирган Абрамов жамоанинг ёш юлдузи Жасур Жалолиддиновга чиндан Москванинг «Локомотив» клуби қизиқиш билдирганини айтди:
«Москванинг «Локомотив» клуби Жалолиддиновга қизиқиш билдирди. Билишимча, бу жиддий қизиқиш. Бу қизиқишлигича қоладими ёки давом этадими – барчаси «Локомотив»га боғлиқ. Тўғриси, улар қанча таклиф қилганини ҳам билмайман. Менимча, айтилаётган суммалар ошириб юборилган.
Бу трансферга қандай қарайман? Биласизми, футболнинг тижорий ва спорт мақсадларидан келиб чиқиб бунга ҳар хил жавоб бериш мумкин. Мураббий сифатида унинг жамоадан кетишини истамаган бўлардим, чунки ҳар қандай мураббий ҳам яхши футболчи ўз жамоасида қолишини истайди. Миллий жамоа мураббийи сифатида эса футболчилар кучли чемпионатларда тажриба орттиришини истайман.
Агар Жалолиддиновдек ёш футболчи Россия чемпионатида ўйнаб кетса, бутун ўзбек футболи учун яхши бўларди. Футбол имижи жиҳатдан ҳам. Биласизми, ўзбек футбол бозорига россиялик мутахассислар ҳамон юқори баҳо беришмайди. Агар футболчиларимиз Аҳмедов каби ўзини кўрсатиб кетса, кейинчалик бизнинг йигитларга ҳам ишонч билдира бошлашади. Бизда бунақа истеъдодли футболчилар оз эмас. Тўғриси, бу борада футболимиз Бразилияникига ўхшашини хоҳлайман.
Бошқа футболчиларга ҳам таклифлар бўлмоқда. Чунки жамоа яхши ўйнаб турса, унинг футболчиларига таклиф бўлиши табиий. Мен футболчи бошқа клубга ўтиш орқали олдинга қадам ташласа, бундан фақат хурсанд бўламан. Масалан, Жалолиддинов «Локомотив» каби жиддий жамоага ўтишини фақат олқишлайман. Лекин бизнинг футболчилар Хитой, Корея, БААнинг иккинчи дивизионларига кетишса... Буни қўллай олмайман.
Бизда Ғиёсов Корея иккинчи лигасида ўйнайди. Мен ундан қолишини сўрагандим, лекин футболчининг ўзи кетишни истади. Албатта, мен унинг Кореяда яхши ўйнашини истайман, лекин Ғиёсов ўзимизда қолганида, бу ўзи учун ҳам, ўзбек футболи учун ҳам яхши бўларди».
«Саудия пандемия вақтида ҳам шуғулланганини эшитдим...»
Саудия билан жавоб ўйинининг қандай об-ҳавода ўтиши муҳим эмаслигини айтган Абрамов қизиқ маълумот билан бўлишди. Унинг айтишича, Саудия Арабистони миллий жамоаси карантин вақтида ҳам машғулотларда қатнашган:
«ОФК ўйинлар қачон ўтказилишини эълон қилди. Ҳозир биз энг аввал кейинги босқич йўлланмасини ҳал қилишимиз керак. Пандемия сабаб бу ишимиз бироз ортга сурилди. Бунинг яхши ва ёмон томонлари ҳам бор. Саудия билан ўйинимиз жуда иссиқ вақтда ўтиши керак эди ва энди бундай бўлмаслиги ҳақида айтишмоқда. Аммо буни ҳам устунлик беради дея олмаймиз. Кузда ҳам, ёзда ҳам бизга қарши ўша йигитлар ўйнайди. Ёзда уларга ҳам осон бўлмасди-ку, тўғрими?
Энди иссиқда ўйнамаслигимиз яхшидир, лекин ёмон томони шундаки, биз узоқ вақт машғулот ўтказмадик. Саудия эса мендаги маълумотларга кўра, карантин вақтида ҳам шароитини қилиб машғулот ўтказган. Йўқ, мен олдиндан оқловчи гап тайёрлаб қўймаяпман. Биз ҳам қараб турмаймиз, тайёргарлик кўрамиз. Афсуски, бизнинг режалар ўзгариб кетди. Тошкентга Арманистон миллий жамоаси келиши керак эди. Энди сентябрда ва Яманга қарши ўйиндан олдин (учрашув 13 октябрда бўлади) ўртоқлик ўйини учун иккита рақиб топишимиз керак».
«Голбан Ўзбекистон фуқаролигини олганини эшитдим...»
Абрамов миллий жамоага янги номлар чақирилиши ҳақида гапирар экан «Навбаҳор» футболчиси Игорь Голбан ҳақида гапирди:
«Янги номлар? Эшитишимча, Голбан фуқаролик олган экан. У ҳам ўз-ўзидан миллий жамоага номзод бўлади. Галиулинни ҳам кузатяпмиз. Албатта, Яхшибоев ҳам. У тўхтаб қолгани йўқ, ўйинларда қатнашди. Беларусь чемпионатида ўзини кўрсатаётгани одамни хурсанд қилади».
«Агар жаҳон чемпионатига чиқа олмасак...»
«Агар жаҳон чемпионатига чиқа олмасак нима бўлади? Мен ҳозир бу ҳақда эмас, Саудиягача бўлган иккита ўйин ҳақида ўйлаяпман. Бу ўйинлардаги (Яман ва Сингапурга қарши) натижалар жуда муҳим. Мана шу ўйинларни ўтказиб бўлгач, олдинга қараб юраверамиз. Кўп нарса шу ўйинларга боғлиқ. Бизни кутиб турган Яман ноқулай рақиб. Чунки уларнинг чемпионати тўхтатилган ва миллий жамоа алоҳида шуғулланади. Бунинг ўзига хос устунликлари бор.
Ҳаммаси бизнинг тайёргарлигимизга боғлиқ. Кейин эса Саудия ҳақида ўйласак бўлади. биз жаҳон чемпионатига чиқишни мақсад қилганмиз ва бу йўлда ҳар битта ўйинни ютиш учун майдонга тушиш керак. Ҳеч қанақа оқловга йўл йўқ. Биз аввало ўзимизга, кейин эса дунёга Ўзбекистон футбол давлати эканини исботлашимиз керак.
Ўртоқлик ўйинларида кучли жамоаларга қарши ўйнашни истайман. Ҳар икки ўйиннинг биттасида кучли жамоа билан ўйнайверсак, ўйинимиз ўзгаради. Футболчилар ҳам ўзгаради. Қанийди Бразилия ва Аргентина билан ўйнасак... Бу эса имконсиз иш эмас. Бизга ўз вақтида Месси, Роналду келган, лекин ўйнамаган. Улар фақат келиб-кетса эмас, бизга қарши ўйнаса, зўр иш бўларди», деди Абрамов.
Бобур Акмалов суҳбатлашди
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»