3 537
Машарипов: Роналдиньодек "Барса"да ўйнашни ният қилишим керак эди, мен эса Худодан "Пахтакор"дан жой беришини сўрадим. Энди эса кетолмаяпман...
27 ёшли “Пахтакор” етакчиси ҳар доим муҳокамалар марказида. Унинг қачон легионерга айланиши ҳамманинг унга берадиган биринчи саволи бўлиб қолмоқда. Машарипов ўз олдига катта мақсадларни қўядиган футболчи бўлгани учун унинг ўзи ҳам хорижда тўп суришни орзу қилмоқда.
Биз у билан суҳбатлашишни анчадан бери режалаштириб юргандик. Ниҳоят, узоқ уринишларимиздан сўнг, Жалолиддин sports.uz учун интервью беришга рози бўлди. Айтиш мумкинки, у анчадан бери бундай очиқ-ойдин гапирмаганди. Ўзаро суҳбат давомида футболчи ҳаммани қизиқтираётган саволларга аниқ-тиниқ жавоб берди. Шу ўринда суҳбатни уюштиришда яқиндан ёрдам бергани учун "Пахтакор" матбуот хизматига миннатдорчилик билдирамиз.
- “Пахтакор” клуби навбатдаги чемпионлик остонасида турибди. Рақибларини ўзи истаган ҳисобларда мағлуб этяпти. Суперлигада рақобатдан ҳоли равишда иштирок этиш сизларга қандай туюляпти?
- Эсингизда бўлса, ўтган йили ҳам мавсум тугашига 4-5 та тур қолганида чемпион бўлгандик. Ўшанда чемпионликни ҳал қилиб бўлганимиздан сўнг, мураббийимиз энди кўпроқ захирадаги ўйинчиларга имконият берса керак, деб ўйлаганмиз. Бу йил ҳам иккита учрашувдан кейин чемпионликни расмийлаштирсак ҳам мураббийимиз асосий таркиб футболчиларини тонусда ушлаб туриш учун майдонга туширади. Чемпион бўлганимиздан кейин ҳам мураббий бизга шундай вазифалар қўядики, ҳеч кимнинг бўшашига йўл қўймайди.
Масалан, ўтган йили чемпион бўлганимиздан сўнг, Арвеладзе олдимизда ҳали жиддий ўйинлар кўплиги, айниқса, Осиё Чемпионлар лигасига тайёрланишимиз кераклигини айтганди. Бунинг учун ҳамма спорт формасини йўқотмаслиги муҳимлигини таъкидларди. Бу йил ҳам шунақа бўлади, деб ўйлайман.
- Биз “Пахтакор”дан Осиё Чемпионлар лигасида нимадир кутгандик. Клуб эса чорак финалгача етиб борди. Аммо бундай катта мусобақаларда майда деталлар ҳам кўп нарсани ҳали қилади. Ўша қизил карточка олган вазиятни унутдингизми ёки сизга ҳали ҳам оғриқли зарба беряптими?
- Қатарга боргач, биринчи ўйинни “Ал-Ҳилол”га қарши ўтказдик. Ўша ўйиндан олдин матбуот анжуманида уларнинг мураббийи Ўзбекистон чемпионатининг савияси паст, биз бемалол юта оламиз, деб айтиб ўтганди. Бизга шунақа гап керак эди. Ўзбекистонда яққол кучлилигимизни ҳамма билади. Осиёда ҳам ҳозирги пайтда “Пахтакор”нинг қандай кучга эгалигини кўрсатмоқчи эдик. “Ал-Ҳилол”га 10 киши бўлиб гол уриб ҳисобни тенглаштирдик. Лекин охирги сонияларда омад уларга кулиб боқди. Футболчиларга ҳеч ким эътироз қилмади. Ҳатто, ўша куни ютқазган бўлсак ҳам, жамоадошларимда шундай кайфият эдики, худди биз ютгандек эдик.
Биласизлар, “Ал-Ҳилол”да кучли легионерлар бор. Битта ўйинчисининг бир йиллик маоши 6 миллион доллар. “Пахтакор”нинг барча футболчиларининг йиллик маошини йиғса, ҳам бунча пул бўлмайди. Лекин биз шундай ўйин кўрсатдикки, ўша футболчилардан кам жойимиз йўқ. Иккинчи учрашувда эса, “Ал-Ҳилол” жуда ўзгарди. Энди улар биздан чўчиб ўйнашни бошлашди. Биринчи ўйиндан сўнг, бошқа клублар ҳам “Пахтакор”нинг кимлигини билди. Ўшанда бутун Ўзбекистон бизга мухлислик қилиб турганини ҳам биламиз. Ўйиндан-ўйинга “Пахтакор” кучайиб борди. Гуруҳдан чиқишимизни билардик, чунки футболчиларнинг ўзларига бўлган ишончи юқори эди.
“Истиқлол” билан учрашувда биринчи голни ўтказиб юборгандик. Шунга қарамай, футболчиларимиз саросимага тушиб қолишмади. Негаки, ғалаба қозонишимизга ишонч катта эди. Натижада ўйлаган барча режаларимиз ўхшади. Кейинги босқичга тўртта жамоа чиққан бўлса, учаласи “Пахтакор” билан ўйнамайлик, деб турганди. Жамоамиздан чўчиб қолишганди. “Персеполис”га қарши ўйин олдидан ҳам бизда тайёргарлик кучли эди. Футболчилар бир-бирини руҳлантириб, қўллаб-қувватлашди. 15 дақиқа давомида 11 га 11 ўйнаган бўлсак, иккита вазият яратдик.
“Персеполис”нинг ўйинини кўриб чиққанимизда улар асосан қарши ҳужумларда ўйнашини билгандик. Мураббийларимиз эса уларнинг қарши ҳужумларини кичкина фол орқали бўлса ҳам тўхтатишимизни тайинлаганди. Менинг қизил карточка олган пайтимда эса кичкина фол қилмоқчи эдим. Аммо вазият жуда тез юз берди ва ўзим истамаган ҳолда рақибнинг оёғини босиб олдим. Тўғри, ўша эпизод жуда хавфли бўлиб кўринди. Аммо охиригача оёғини босганим йўқ. Ўзим ҳам буни истамагандим. Камчилик бўлиб қолсак қийналиб қолишимизни билардим. Афсуски, майдондан чиқиб кетганимдан сўнг, йигитларда руҳан пасайиш бўлди.
Ўйинга катта таъсир қилди. “Ал-Ҳилол” билан баҳсда 10 киши бўлиб гол ургандик. Мен эса ўйнагандим. Лекин “Персеполис”га қарши учрашувда майдондан чиқиб кетганим жамоамизга таъсирини кўрсатди. Жамоадошларим ҳам агар бошқа ўйинчи чиқиб кетганида ҳам унчалик билинмасди, аммо сенинг йўқлигинг жиддий таъсир қилди, дейишди. Ўйиндан кейин жамоадошларимга хато қилганимни айтиб узр сўрадим. Ваҳоланки, биз бемалол финалгача бора олардик. “Персеполис” ҳам қўрқиб турганди. Футболда майда деталлар ҳам натижага таъсир кўрсатади. Майдондан чиқиб кетгач, ўйинни ичкарида кузатиб, футболчиларимизнинг ҳаракатини кўриб ич-ичимдан эзилиб ўтирдим. Барибир ўзим ҳам етишмаганимни билдим.
- Бундан ташқари, Қатардаги мусобақа давомида сиз билан боғлиқ яна бошқа вазият ҳақида ҳам эшитдим. Яъни, Қатар клублари сизга жиддий қизиқишган, музокаралар олиб борилган, аммо келишув амалга ошмаган. Аслида у ерда нималар бўлди?
- Ундан олдин ҳам менга кўплаб клублардан таклифлар бўлаётганди. Чунки менга бошқалар кўп ёзишади, сени ўз жамоамизда кўришни хоҳлаймиз, деб. Ўзимизда ҳам мухлислар доим мендан қачон кетасан, деб сўрашади. Кўчада ҳам юра олмайман. Чунки кимнидир кўриб қолсам, менга берадиган саволи битта: қачон кетасан?! Ҳаттоки, уйда ўтирганимда ота-онам ҳам четга қачон кетасан, деб сўраб қолишади. Бошқалар ота-онамдан ҳам ўғлингиз хорижга қачон кетади, деб сўрашади. Ўзимни ҳам четда ўйнагим келади.
Бунинг учун ўзимда ишончим бор, легионер бўлиб ўйнай олишимга кўзим етади. “Пахтакор” билан шартномам бор, бошқалар мени сотиб олмоқчи, аммо клубим қўйиб юборишни хоҳламаяпти. Мураббийимиз ҳам сен бизга кераксан, Осиё Чемпионлар лигасида чемпион бўлишимиз керак, дейди. Унга эса менинг кетадиган вақтим бўлганини тушунтираман. Барибир “Пахтакор” мени қўйиб юборгиси келмаяпти. Бунинг учун жамоам билан жанжаллашгим келмаяпти. Ундан кўра, насиб қилгани, деб ўйлайман.
Қатарда ҳам биринчи ўйиндан сўнг, менга яна бошқа клублар алоқага чиқишни бошлашди. Аммо менга унчалик таъсир ўтказмади. Тўғри, ўзим ҳам ўша клубларга қизиқдим. Лекин ўйинга тайёргарлик кўраётган маҳалда клубдан барибир кетаман, деган ўй-хаёллар менда бўлмайди. Учрашувдан аввал шуни ўйлайманки, майдонга чиқиб бундан-да яхшироқ ўйнаб, “Пахтакор”га ёрдам бериб, кейинчалик янада кучли клубларга кетмоқчи бўламан. Шунчаки, клуб мени қўйиб юборишни хоҳламаяпти, бор гап шу.
- Қолаверса, сизга Хавининг ўзи қўнғироқ қилиб, “Ал-Садд”га таклиф қилганини ҳам эшитгандик. Бу ҳақиқатга тўғри келадими?
- Ҳа, ҳақиқатга тўғри келади. Ўзи билан гаплашганман. Бу воқеа ўтган йили “Ал-Садд”га қарши ўйиндан сўнг юз берган. Хави мени клубида кўришни хоҳлаган. Ўшанда ҳам “Пахтакор” рад жавобини берган. Шу билан бу мавзу ёпилиб кетган.
- Бунинг икир-чикирлари қандай содир бўлган? Сизга қўнғироқ қилганида бу Хави эканлигига шубҳа бўлмаганми?
- Тошкентдаги ўйинда 2:2 ўйнагандик. Ўша беллашувдан кейин матбуот анжуманида Хави мен ҳақимда гапириб, “Пахтакор”нинг қанот ярим ҳимоячиси бизга катта муаммо туғирди, деган. Кейин Қатарга бориб “Ал-Садд”га ютқазгандик. Ўша учрашувдан кейин Хави билан формамизни алмашгандик. Ўйин тугаганидан кейин мухлисларимизга миннатдорлик билдираётган пайтимизда Акром Комилов ёнимга келиб, ичкарида Хави сизни сўради, кутиб турибди, деган. Шунда у билан гаплашдик, ўйин учун раҳмат айтди. Биз илиқ муносабатда хайрлашдик. Тошкентга келгач, бироз вақт ўтгач, у қўнғироқ қилиб, “Ал-Садд”га олиб кетмоқчилигини айтди, “Пахтакор” эса рози бўлмади.
- Хави телефон рақамингизни ўзингиздан сўраб олганмиди?
- Футболчининг ўзи билан тўғридан-тўғри алоқага чиқилмайди. Ўртада агентлар бор. Хавининг ёнида юрадиган агентлари бўлади. Ўшанда у агенти билан бирга ўтириб, биз билан алоқага чиққан. Кўришиб гаплашганмиз. Сени “Ал-Садд”да кўрмоқчиман деганида, сизнинг жамоангизда тўп суриш мен учун ҳам шараф, қолаверса, сиз билан ишлаш жуда ёқади, деганман. Кейин агентларим менинг масалам бўйича гаплашишганида “Пахтакор” хоҳламаган.
- Сизга Сардор Рашидов ўйнаган “Қатар СК”дан ҳам таклиф тушган экан, чиндан ҳам музокаралар бўлганми?
- Ҳа. Улар мени кейинги йилгача кутишларини айтишди. Ўша клубнинг хўжайини билан гаплашдим. Сени кейинги йилгача кутаман ва яна алоқага чиқамиз, деди. Унга ҳам вазиятни тушунтирдим. “Қатар СК” ҳам мени клубида кўришни истаётганини яширмади. Биз бир-биримизга катта ҳурмат билан қарадик.
- Шунингдек, бир неча ой илгари яна бир хабар тарқалди: Туркиянинг “Трабзонспор” клуби сизга қизиқаётгани ҳамманинг эътиборини тортганди. Амалда ҳам шундай бўлганми?
- Ўша вазиятда Шота Арвеладзе Туркияда эди. Журналистлар ундан интервью олишган. Шота Юстинович “Трабзонспор” клубида ҳам ўйнаган-ку. Шу сабабли “Пахтакор”да сиз ишонадиган яхши футболчилар борми, деб сўрашганида у мени айтиб ўтган. Машарипов ҳар қандай клубда ўйнай олади, деган. Унинг шу гапидан кейин “Трабзонспор”дагилар менинг ўйинларимни кўриб чиқишган ва қизиқиш билдиришган. Биласизми, кимдир сиз ҳақингизда гапирмагунча у ёқдан биров ўзбек футболчиларини қидириб топмайди. Турк клуби мени сотиб олиш учун қандайдир суммани таклиф қилган, “Пахтакор” эса ўз нархини айтган. Улар эса жуда катта нарх айтдинглар, деб бу мавзу ҳам ёпилиб кетган. 6 миллион доллар деган гапларни эшитгандим.
- Мана, энди “Трабзонспор” Арвеладзени қайтаришни истаяпти. Нима деб ўйлайсиз, у мавсум тугагач, Туркияга кетиши мумкинми? Агар кетадиган бўлса, бу сизнинг фаолиятингизга қанчалик таъсир қилади?
- Биласизми, Шота Арвеладзени “Трабзонспор” икки-уч йилдан бери чақиради. “Пахтакор” билан яхши натижаларга эришди ва Осиёда ҳам қандай мураббий эканлигини кўрсата олди. Унга битта “Трабзонспор” эмас, балки Осиёдан ҳам кўплаб таклифлар бор. Арвеладзе кетиб қолса, бизнинг фаолият қандай бўлишини билмайман. Пешонага нима ёзилган бўлса шуни кўрамиз. Аммо менга берилаётган трансфер суммасига клубим қўйиб юборгиси келмаяпти. Яхшигина трансфер суммасини беришга тайёр клублар ҳам бор. “Пахтакор” эса бермайман, деб туриб олди.
- Ҳаммаси қачон ҳал бўлиши мумкин?
- Шу йилни тугатиб олганимиздан кейин барибир яна шу мавзуга қайтамиз, деб ўйлайман. Чунки менга яна бошқа қизиқаётган клублар бор. Аммо бизда чемпионат тугамади, олдинда Кубок баҳслари турибди. Мен эса бошқа нарсага чалғимасдан ўйинларга эътиборимни қаратаман ва йил тугагач, кейин яна фаолиятим борасида гаплашамиз. Менга Россия клубларидан ҳам таклифлар бор. “Офсайд” кўрсатувига чиққанимда ҳам айтганман, Россияда ўзбек футболчиларига катта пул тўлаши қийин нарса. Мени хоҳлаётган жамоалар бор, фақат камроқ пулга келишимни исташади. Мен бразилиялик эмасман. Ўзбекистонда туғилганман. Биз эса ҳали жаҳон чемпионатига чиқмаганмиз. Араблар катта сумма берамиз дейишганида ҳам “Пахтакор” қўйиб юбормаган. Мен ҳам трансферимдан клубим фойда кўришини истайман.
- Сир бўлмаса, Россиянинг қайси клублари қизиқди?
- Бу ҳақида айтсам, гап-сўз бўлиб кетади. Аммо икки-учта клубларидан таклифлар бўлган. “Спартак” билан ўйнаганимиздан кейин ҳам яна қизиқишлар бўлган. “Пахтакор”га чиқишганида, бу футболчимизни бермаймиз, деб дарҳол мавзуни ёпишган. Бу хабарларни кейинчалик эшитдим. “Пахтакор” билан яна келаси йилнинг охиригача шартномам бор. Агар бу йил тугаганида сизга ҳозирданоқ кетаман, деб айтардим.
- Аслида сизнинг мақсадингиз Европада ўйнаш эди, буни илгари ўзингиз ҳам айтгандингиз. Аммо вақт ўтяпти, уч йилдан кейин 30 ёшга тўласиз. Европага кетиш учун эса футболчининг ёши катта аҳамиятга эга. Кейинчалик вақт ўтишидан афсусланиб қолмайсизми?
- Ёшлигимдан “Пахтакор”да катта бўлганман. Хоразмдан келган пайтимда “Пахтакор”нинг Қибрайдаги базасида яшардим. Ўша пайтда Одил Аҳмедов, Анвар Солиев, Сервер Жепаров, Илҳом Суюнов сингари футболчиларни кўриб, эй Худо, мен ҳам Аҳмедов каби футболчи бўламан, терма жамоада ҳам ўз ўрнимга эга бўламан, деб ният қилардим ва шунга яраша меҳнат қилардим.
Эсимда, ўша пайтларда бизга тушликдан кейин машғулот бўларди. Мен эса базада яшаганим боис эрталаб туриб икки маҳалдан ўз устимда ишлардим. Қандай меҳнат қилганимни ўзим биламан. Болалик чоғимда маҳаллаларда ўйнаб юрганимда ҳам ўзимдан катта болаларни алдаб юрардим. Менга эса кўпроқ куч кераклигини ўзим ҳис қилардим. Айниқса, “Пахтакор”да зўр ўйинчи бўлишим керак, деб қаттиқ меҳнат қилдим. Худога шукрки, ниятимга яраша берди. Лекин ўша пайтда мен Роналдиньога ўхшаб “Барселона”да ўйнашим керак, дейишим керак экан. Чунки Аллоҳ ҳар бир бандасини ниятига қараб беради, тўғрими? Мен эса “Пахтакор”да етакчи бўлиб ўйнашни қаттиқ хоҳлаганман.
Шу нарсаларга эришдим. Баъзида энди кетишим керак, ҳамма қачон кетасан, деб сўрашяпти, дея ўйланаман. Аммо яна ўйланиб қоламан: ношукрлик қилма, Аллоҳ сени шу кунларга етказди. Агар кетиш пешонамга ёзилган бўлса, албатта хорижга кетаман, деган ўй-хаёллар миямда айланади. Испания, Англия чемпионатларини кўриб ўтираман. “Барса” ёки “Реал”га қарши ўйнаётган жамоаларни кўраман ва ўзимга-ўзим: бемалол мен ҳам у ерда ўйнай оламан, дейман. Аммо ўша ергача қандай қилиб бора олиш керак? Бунинг учун кимдир биздан ўзини кўрсатиши керак. Аввало эса, биз жаҳон чемпионатига чиқишимиз лозим. Агар шундай бўлса, ўзбек футболчиларига қизиқиш катта бўларди...
- ...Ҳа, реклама керак!
- Реклама жуда ҳам керак. Четда ўйнаб ўзбекларнинг қандай кучга эгалигини кўрсатгим келади. Бизнинг йигитлар Россиядаги футболчилар ёки бошқалардан кам эмас. Ўзбеклар техника томондан кучли бўлишган. Тўғри, гавда ёки бошқа томондан кичикроқдир. Аммо ўзбеклар ақли билан ҳам кучли. Шунинг учун Европа чемпионатларида ҳам бизнинг ўйинчилар ўйнай олади. Бунинг учун дастлаб, биз жаҳон чемпионатига чиқишимиз керак. Ана шунда ҳамма бизни кўради. Унгача эса, Ўзбекистон чемпионатига кучли мутахассисларни олиб келиш керак. Кейин улар бизнинг футболчилар ҳақида бошқаларга гапирмаса, унда сизни кимдир билиши қийин.
Тўғри, Россия чемпионатида ўзини кўрсатиш орқали кетса бўлади. Шомуродов бунга мисол. Унинг омади келди, Италия А сериясига кетганидан жуда хурсанд бўлдик. Элдорнинг кетгани бизга яхши. Чунки улар яна бошқа ўйинчиларимизни кўриши мумкин. Ўзи билан гаплашиб турамиз, ортингдан яна бошқа ўзбекистонлик футболчилар борсин, гол ур, ўзингни кўрсат, деб далда бериб турамиз. Масалан, мени “Милан” бирданига олиб кетмайди-ку. Аввал бизни кўришлари керак. Кейин ишонч бўлиши муҳим. Агар Европага кетиш насиб қилмаса, унда ҳеч бўлмаганда араб клубларида ўйнаб юраверамизда. Хитой ёки араб чемпионатларини қаранг.
Масалан, Саудияга кучли мураббийлар ва легионерларни олиб келишади. Шу йўл билан ўша чемпионат янада танилади. Савияси ошади, тўғрими? Бизга Арвеладзега ўхшаган 4-5 та мураббийлар керак. Янада яхши легионерлар ҳам зарур. Мана, Хитойни кўринг, у ердаги шароитга қаранг. Жанубий Кореяда тўп сураётган футболчиларимиз билан ҳам гаплашаман. Шароитлари худди Европадаги каби. Бизда қанақа? Яхши шароитга эга бўлган 3-4 та клуб бордир, аммо қолган жамоалар қандай қилиб ўсади? Оиласини боқиш учун югуриб юраверишади. Олдига катта мақсад қўймайди. Ютайлик, ойлик маошим ва мукофот пулини олайлик, деган нарса билан юришади. Бизнинг чемпионатни янада кучайтириш тарафдориман. Яқинда Термизга бордик, “Сурхон” билан ўйин учун.
Жамоанинг ечиниш хоналари жуда ачинарли-да. Бу ҳақида гапириш қийин. Агар гапирсам кейин “Сурхон”нинг мухлислари сен бунақа дебсан, деб эътироз билдиришлари мумкин. Мен уларнинг ишқибозларини эмас, клуби янада кучайсин, деган мақсадда айтмоқчиман. Футболчиларига яхши шароитларни яратиб берсин. Мана, бир марта “Андижон” ҳақида гапиргандим. Кейин “Қизилқум” билан “Бухоро”га тўхталгандим. Ўшанда клуб ишқибозларини гапирмагандим. Ёшлигимда ўша клубларнинг ўйинларини, савияларини кўрганман, даражалари яхшироқ эди. Масалан, “Андижон”нинг ишқибозлари жонкуяр.
Ҳокимлар ёки футболга пул тикадиганлар янада яхшироқ шароитларни қилиб берсин, клуб Осиё Чемпионлар лигасида ўйнасин, деган мақсадда гапирсам мени ишқибозлар нотўғри тушунишди ва танқид қилишди. Мени нима демоқчилигимни улар тушунмади. Вилоятларда мухлислар футбол билан яшайди, бунинг учун клубни янада кучайтириш керак, деган мазмунда айтгандим. Мен нимага ўзимизнинг вилоятни ёмонлайман? Андижонда қанча танишларим бор, у ерни яхши кўраман. Ахир бу ўзимизнинг юртимиз-ку. Фақат вилоят футболини кучайтириш, яхши ўйинчиларни олиб келиб, жамоани кўтариш кераклиги ҳақида гапирганман.
Барибир чемпионатимиз савиясини кўтаришимиз керак. “Пахтакор”га ўхшаган клублар кўпайсин. Бизда шароитлар яхши ва шунга яраша ишончни оқлаб келяпмиз, деб ўйлайман. Кўп одам Осиё Чемпионлар лигасидаги ўйинимизни кўриб хурсанд бўлди. Анчадан бери клубларимиз у ерда бундай ўйинлар кўрсатмаганди. ОЧЛда жамоаларимиз иккинчи рақам бўлиб ўйнаб қайтиб келишарди. Биз эса доим ҳужумкор футбол кўрсатдик. Буни мухлисларимиз биздан ҳам талаб қилади.
Бошида “Ал-Ҳилол”нинг биргина футболчисини йиллик маоши қанчалигини айтдим. Шунақа катта пуллар оладиган ўйинчиларнинг жамоасини биз “эзиб” қўйдик. Агар Ўзбекистонда “Пахтакор”га ўхшаган 2-3 та клуб бўлса ва Осиё Чемпионлар лигасида ўйнаса қандай зўр бўлади-а? Масалан, Намангандаги мухлисларни ҳам биламиз. Агар “Навбаҳор” ОЧЛда ўйнаса борми, бундай ишқибозлари билан “Навбаҳор” ўйинни 1:0 билан бошлайди. Бунинг учун савияни кучайтириш керак. Бизда иқтидорлар ниҳоятда кўп.
- Юқорида Шомуродов ҳақида айтиб ўтдингиз. Сизнингча, у Италия А сериясида ўзбек футболчиларини муносиб реклама қила олармикин?
- Элдорга “Ростов” мураббийи каби “Женоа”да ҳам ишонч билдирилса, у оқлайди, деб ўйлайман. Уни кучли томонлари кўп. Фақат мураббий ишонч билдириши лозим. У томонларда эса вазият бошқачароқ. Сизга 2-3 та ўйинда имконият беради, агар гол ура олмасангиз ўрнингизга бошқасини ўйнатади. Шомуродовга бироз вақт керак.
- Сизга дангал савол: Машариповга Суперлигамизда ўйнашнинг қанчалик қизиғи қолди?
- Футболчиларни ҳурмат қилган ҳолдатда қизиқ. Жамоадошларимнинг меҳнатини кўриб, уларга нисбатан ҳурматсизлик қила олмайман. Чунки мен шунинг ортидан нон еяпман. Барибир майдонга катта иштиёқ билан чиқаман. Юрагимдан ўйнайман. Лекин тан оламан, хорижга кетгим келаверади. Биламанки, бу савиядан кетгим келади.
- Шу ҳақида айтмоқчи эдим. Сизнинг нималарга қодирлигингизни кўриб бўлганмиз. Энди сиздан бундан ортиғини кутмаймиз ҳам...
- Биласизми, шундай гаплар айтишим мумкин, аммо кейин менга танқидлар отилади. Масалан, сизларга қизиқ, чунки журналистсизлар. Нимадир десам шуни матбуотга олиб чиқасизлар, бу эса сизларга плюс бўлиши мумкин, аммо менга минус бўлиб қолади. Ҳаммага бир хил ёқавермайсиз. Гапимни ҳамма ҳар хил тушуниши мумкин. Лекин мен оддий оиланинг боласиман. Ота-онам ҳамма билан қўлинг кўксингда бўлсин, ҳурмат қилгин, деб уқтирган. Шу пайтгача ҳеч кимга қўпол муомала қилмаганман ва қилмайман ҳам. Ўзим ҳам кетишни исташимни айтдим. Савиям Ўзбекистон чемпионатиникидан ўтиб кетганини ҳам биламан.
Майдонда қандайдир финтлар қилсам энди бу мухлисларимизга қизиқ эмас. Чунки улар кўриб бўлишган. Икки йилдан бери рақиблар менга қарши иккита ҳимоячи билан ўйнаяпти. Бундан хурсанд бўламан. Бу сизни янада яхшироқ тайёрланишга ундайди. Қанақа футболчигимни бошқа жойларга бориб кўрсатгим келади. Ўзимга-ўзим хорижда ўйнаб, бошқаларни ҳам ҳайрон қолдиргим келади. Лекин айтдим, ҳаммасини клубим ҳал қилади. Мен эса раҳбариятга, мураббийларга ҳурматсизлик қила олмайман. Уларнинг ҳам фикрларини ҳурмат қиламан. Аммо менинг ҳам фикримни ҳурмат қилишларини истайман.
- Сиз ҳам вақти келиб клубга ўз шартингизни аниқ айта оласизми?
- Бунақа нарсани ҳам айтдим. Кимдир мендан хафа бўлгандек бўлди. “Пахтакор”га 10 ёшимда келганман, 17 йилдан бери шу ердаман. Шуларни гапириб ўтдим. Баъзида Тоттига ўхшаб битта клуб футболчиси бўлиб, қолиб кетаманмикин, деб ўйланиб қоламан. Раҳбариятимизни хафа қилмаган ҳолатда жим бўлдим. Ўзимнинг истагимни тушунтирдим, илтимос ҳам қилиб кўрдим. Аммо бир хил пайтда шунчалик кераклигимдан мени қўйиб юборишмаяпти-ку, деб ўзимни овутиб қўяман ва ичимдан хурсанд ҳам бўламан.
- Вазиятга реал қарасак, энди Европа томонлардан умидингизни узиб, Осиё майдонларига қараяпсизми?
- Менда Осиёдан ҳар доим таклиф бор. Ҳали ўзимнинг организмимни ва қанақа меҳнат қилишимни биламан. Улар мени олишса, бу 28 ёшга кирибди дейиши мумкин. Фақат ёшимга эътибор қилишлари мумкин, аммо мен томондан ҳали ҳеч нима сўнгани йўқ. Ҳар куни ота-онамдан дуо қилишларини сўрайман. Бўлди, қолгани Худодан.
- Боя реклама бўлиш учун жаҳон чемпионатига чиқишимиз керак дедингиз ва бу тўғри. Агар мундиалга чиққанимизда балки аллақачон кетган бўлардинглар. Ҳар сафар ҳаракат қиламиз, яқин келамиз, аммо битта гол ёки бир очко етмай қолаверади. Мураббийлар келяпти-кетяпти, аммо мундиалдан қуруқ қоляпмиз. Бу нима билан боғлиқ?
- Ҳар доим бизга бир қадам қолади ва бундан ўзимиз ҳам ҳайрон бўламиз. Фақат битта нарсани айтаман: янада кўпроқ меҳнат қилишимиз лозим. Тўхтаб қолмаслигимиз керак, бўлди, бошқа нарса дея олмайман. Қайсидир мураббийни гапирганим билан нима ўзгаради? Агар кимнидир айтсам, бошқаси эртага мен ҳақимда ҳам гапиради деб ўйлаши мумкин. Аммо ҳеч қайси мураббийни гапиришни хоҳламайман. Агар эсингизда бўлса, шоуда чиқиб Самвел Бабаянни гапирганман.
Шу фурсатдан фойдаланиб айтмоқчиман, Бабаянни қаттиқ ҳурмат қиламан. У инсонга ҳеч қандай ёмонлигим йўқ. Ҳаттоки, Бабаян терма жамоамизни энг юқори чўққига олиб келди деб ўйлайман. Уйдаги ўйинни ютсак жаҳон чемпионатига чиқардик. Уни эса ҳамма танқид қилди. Агар биз ўшанда ғалаба қозониб мундиалга чиққанимизда Самвел Бабаянга хайкал қўйишарди, деб ўйлайман. Уни кучли руҳшунос деса бўлади. Фақат ўша пайтда телевидениеда шоу эди, одамлар кўп, ҳамма қизиқарди. Бабаян фаолиятимда катта ёрдам берган мураббийлардан бири. Кейин биз футболчилар битта машина ёки уй олсам бўлди, деган тушунчани йўқотишимиз керак. Биз ундан-да, катта мақсадларни олдимизга қўйиб, шунга яраша меҳнат қилишимиз даркор. Бугун нима қиламан дам олиб ёки бугун чойхонага бориб нима қиламан, деб унинг ўрнига фақат меҳнат қилишимиз муҳим.
- Абрамов Ўзбекистонни жаҳон чемпионатига олиб чиқа оладими?
- Худо хоҳласа, чиқамиз. Вадим Карленович ҳам ўзининг ўйин услуби бор бўлган мураббий. У ҳам яхши руҳшунос. Футболчиларни яхши билади. Ўйинчиларига ҳеч қанақа босим ўтказмайди. Тошкентда Саудияни ютаётиб охирида ютқазиб қўйдик. Учрашувдан олдин бизга шундай гапларни айтди, улар жаҳон чемпионатида ўйнаган. Лекин улар билан сизларни қаранглар! Рақибдан кучлисизлар, фақат ўзингларга ишонинглар, ўзбеклар ҳар доим кучли бўлган, мен сизларга ишонаман, Саудияни ютасизлар, деди. Шунақанги кайфиятни кўтардики, ўйин ҳам яхши бошланганди. Фақат бизда шундай “касаллик” борки, охирги дақиқаларгача мувозанатни сақлаб қола олмаймиз. Ўшанда қўлимиздаги ғалабани уларга бериб юбордик. Абрамов билан мундиалга чиқамиз, деб ўйлайман.
Шуҳратбек Жўраев
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда