date

Алекс Фергюсон Пеп Гвардиолани 1000-ўйини билан табриклади

Алекс Фергюсон Пеп Гвардиолани 1000-ўйини билан табриклади

Футбол оламида муҳим рамзий воқеа содир бўлмоқда — “Манчестер Сити” бош мураббийи Пеп Гвардиола ўзининг мураббийлик фаолиятидаги 1000-ўйинини ўтказиш арафасида турибди. Бу тарихий баҳс 9 ноябрь куни АПЛнинг 11-туридан ўрин олган “Манчестер Сити” — “Ливерпул” учрашувига тўғри келади.

Бундай нуфузли босқичда испаниялик мураббийни футбол дунёсидаги энг буюк номлардан бири — “Манчестер Юнайтед”нинг афсонавий устози Сэр Алекс Фергюсон табриклади. Унинг самимий сўзлари Пепнинг фаолиятига бўлган катта ҳурмат ва тан олишни ифода этди.

“Пеп! Сенга Премьер-лига менежерлар ассоциациясининг 1000лик клуби шон-шараф залига хуш келибсан, дейман. Сенинг футболга бўлган муҳаббатинг ва иштиёқинг доимо барчага намунали бўлиб келган. Сен бутун жаҳон футболида қолдирган изинг билан фахрланишинг керак”, — деди Фергюсон.

Шунингдек, у Гвардиоланинг фаолиятидаги ютуқларни алоҳида эътироф этди:
“1000 та ўйинда бош мураббий сифатида ишлаш — ҳар ким ҳам эришолмайдиган босқич. Сен Европанинг учта кучли лигасини забт этдинг, ички чемпионатлар ва халқаро мусобақаларда ғалабаларни қўлга киритдинг. Бу ҳақиқий буюк муваффақият”, — деб қўшимча қилди афсона.

Ҳақиқатда ҳам, Пеп Гвардиоланинг фаолияти замонавий футболнинг энг ёрқин саҳифаларидан биридир. У “Барселона”да шонли даврни бошлаб берди — Лионель Месси, Хави ва Иньеста каби юлдузлар билан бирга етук жамоа қурди ва футболдаги янги услубни яратди. Кейинчалик “Бавария” билан Бундеслигада ҳукмронлик қилди, кейин эса “Манчестер Сити” билан Англия футболида янги стандартлар ўрнатди.

Ҳозиргача Гвардиола умумий ҳисобда 39 та совринни қўлга киритган. Улар орасида 9 та ички чемпионлик, 3 марта Чемпионлар Лигаси ғалабаси ва қатор миллий кубоклар бор. Бу натижалар уни XXI асрнинг энг муваффақиятли мураббийларидан бирига айлантирди.

“Манчестер Сити”даги фаолияти давомида ҳам Пеп ўз инновацион ёндашуви ва тафаккури билан жамоани Европанинг энг кучли клубларидан бирига айлантирди. Унинг бошқарувида “Сити” нафақат Англияда, балки халқаро майдонда ҳам ўз услуби билан ажралиб туради.

Келгуси “Ливерпул”га қарши учрашув нафақат икки гранд жамоа беллашуви, балки Гвардиоланинг тарихий 1000-ўйини сифатида ҳам футбол мухлислари томонидан узоқ кутилаётган воқеага айланди.

Фергюсоннинг самимий табриги эса икки даврнинг буюк мураббийлари ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва футболга бўлган умумий муҳаббат рамзи бўлди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Алекс Фергюсон Пеп Гвардиолани 1000-ўйини билан табриклади