00:23 / 12.01.2022
3 516

Элдор "Рома"дан кетиши керакми?

Элдор "Рома"дан кетиши керакми?
Тўғриси, ўзи Рим клубининг ишлари юришмаётган бир пайтда, Жозе Моуриньонинг ҳамюртимиз ҳақидаги кескин фикрлари барчани ўйлантириб қўйди. Бунга унинг нечоғлик ҳаққи бор? Наҳотки, “бўрилар“ сафига ўтиш ҳужумчимиз учун хато қарор бўлган бўлса?! Бугун, шу мавзу ҳақида атрофлича фикр юритамиз.

Элдорни Моуриньо нега танқид қилди? Жозе шогирдларидан нимани талаб қилмоқда?
Аслида, айб Жозе Моуриньода ҳам бор. Мутахассис, "Ювентус"га қарши учрашув бошида танланган ўйин режасига кўра Аллегридан уддабуронроқ чиқди. Қаҳрамонимиз 4-2-3-1 схемасини танлаб илк дақиқаларданоқ кучли прессингни майдон марказида юзага келтирди. Натижада, “Юве“ илк 45 дақиқаликда анча қийин аҳволда қолди. Дибаланинг голи эса, марказдаги футболчиларнинг прессингга жуда ҳам берилиб кетгани сабабли юзага келди. Дарвозадан 25-20 метрлар узоқликда турган аргентиналик футболчи бўш зонага чиқди ва аниқ зарба билан ҳисобни тенглаштирди. Ўша пайтда, таянч зонасида бўлиши керак бўлган Верету ва Кристантелар рақибни анча илгарироқ кутиб олиш ва жамоавий прессингда иштирок этиш учун анча олдинга чиқиб кетган эди. Ўша эпизоддан кейин, “Ювентус“ биринчи бўлимда айтарли вазият ярата олмади. “Рома“ эса кетма-кет 7 бор бурчак тўпи тепди ва тўлиқ устунликни ўзида ушлаб турди.

Иккинчи бўлимда эса режага киритилмаган 2 та гол Рим клубини ғалабага жуда яқинлаштирди, аммо шу ерда Жозе Моуриньо хатога йўл қўйди. У агрессив прессингга таянган 4-2-3-1 схемасини 3-5-1 га алмаштирди. Буни кўриб турган Аллегри дарров марказни тўлиқ эгаллаш мақсадида Артурни “жангга“ ташлади.

Қарабсизки, “Рома“нинг асосий устунлиги - майдон маркази “Ювентус“ қўлига ўтиб кетди. Тўп назорати туринликлар томон ўтишни бошлагач, яккама-якка вазиятларда яхши ҳаракат қиладиган Альваро Мората ўйинга қўшилди. Натижада, “Рома“ ўз хатоси қурбонига айланди. Моуриньо, Элдорни бежизга танқид қилгани йўқ.

У схемани ўзгартиргач, Афена-Гьян қанот ҳимоячисига айланишга ва Куадрадони персонал қўриқлашга мажбур бўлди. Унинг ўрнига майдонга тушган ҳамюртимиз эса, гол киритилган вазиятда қанотда ҳимоядаги вазифасини уддалай олмади.

Аслида, Моуриньо Элдорни ҳужумга эмас, қанотдан бўладиган ҳавфни камайтириб, қарши ҳужум чоғида тўпни рақиб жарима майдончасигача олиб бориш учун майдонга туширди. Ўйин чоғида тактик реформ ўтказилгани боис, “бўрилар“нинг ўйини бир неча дақиқага сочилиб кетди. Ўша 480 сония “зебралар“га 3 та гол уриш учун етарли бўлди. Моуриньо ўйиндан сўнг, шогирдларини руҳий босимга дош бермагани учун айблади. Бунга унинг ҳаққи бор. Сабаби, 3:2 дан кейин позицион ҳимояда жамоа жуда бўш ҳаракат қилди. Қарабсизки, яна иккита гол Руй Патрисиу қўриқлаётган дарвозадан ўрин эгалламоқда. Аслида, Моур ҳисоб ўзи учун қулай бўлгач, бошланғич ўйин режасидан чекинмаганида, балки ўша учрашув тақдири ўзгариб кетармиди?!

“Женоа“да қолса, нима бўлар эди?
Ўринли савол. Кўплаб футбол мухлислари шу саволнинг жавобини излаш билан банд. Келинг, статистикага эътибор қаратамиз. Жорий мавсумда “Женоа“ умумий ҳисобда рақиб дарвозаларини А Серия баҳсида 20 бор ишғол этишга муваффақ бўлди. Бу ҳар 94 дақиқада биттадан гол дегани. Жамоа ортда қолган 21 тур давомида фақат бир маротаба ғалаба қозонган холос. Ҳатто, ундан кейинги ўринда бораётган “Салернитана“да ҳам ғалабалар сони 3 та. Киритилган голларнинг 7 таси Маттиа Дестрога тегишли. Ўйин давомида голга тортадиган вазиятлар яратиш борасида ҳам “Женоа“ А Сериянинг энг ёмон кўрсаткич қайд этаётган клуби саналади. Ҳар бир ўйинда ўртача 1,5 та гол киритиш имконияти пайдо бўлмоқда. Агар Элдор яна бир мавсум “Женоа“да қолганида нима бўлар эди? Максимум яна 10 та гол киритиши мумкин эди. Бундан ортиғини у тўп сураётган жамоадан кутиш ғалати.

Бу мавсумда “Гриффонлар“ керагидан ортиқ очкони қўлдан бой бериб бўлди ва Б Серияга йўл олиш учун асосий даъвогар бўлиб турибди. Сизнингча, қуйи лигага йўл олган футболчи учун Италия грандлари таклиф билан чиққан бўлармиди? Менимча, йўқ. Сабаби, чўккан кемадаги барча омадсиз денгизчи саналади. Кимдир “Женоа“ “Рома“дан фарқли ўлароқ, ўйин амалиёти тақдим этишини пеш қилиши мумкин, аммо жамоалар ўртасидаги даражани унутманг! Элдор “Женоа“да бутун мавсум асосий таркибда ўйнаса ҳам дунё даражасидаги ҳужумчига айланмаган бўлар эди.

Майли, Рим клуби камроқ ўйин амалиётини тақдим этар, аммо Жозе Моуриньонинг жамоаси аниқ бир ғоя асосида ҳаракатланмоқда. Элдор яна бир мавсум “Женоа“да қолганида, ҳеч қачон Италия грандлари эътиборини тортмаган бўлар эди. Футбол оламида “фонарь“ атамаси бор. Буни соддароқ қилиб “ўхшаб қолди“ десак ҳам бўлади. Ваҳоланки, ҳамюртимиз Италияда тўп суриш учун эмас, Топ форвардга айланиш мақсадида Европани танлаган. У мақсади йўлида “Женоа“да қолмай тўғри қилди деб ҳисоблайман. “Бўрилар“ сафидаги захира ўриндиғи эса, умуман бошқа мавзу.

“Рома“да қолиш идеал вариантми?
Жозе Моуриньо бошқарувидаги “Рома“ прессинг уйуштириш борасида лигадаги энг фаол жамоа. Ҳатто, марказий ҳужумчилар ҳам 90 дақиқа ичида тинмай ҳаракатда бўлиши шарт. Римликлар футболчилари ҳар бир ўйинда ўртача босим ўтиладиган км борасида ҳам етакчи. Бу эса ўз-ўзидан жамоа бутун мавсум давомида кенг захира ўриндиғига эга бўлиши шартлигини англатади. Моуриньо истаса ҳам прессингга суянган жамоада тўлиқ Абраҳам билан тўп суриши имконсиз. Тэмми қанчалар кучли бўлмасин, у бутун мавсум 90 дақиқа фаол бўла олмайди. Бу вазиятда, Элдор ротация учун биринчи рақамли даъвогар. Ҳа, афсуски, асосий таркиб учун курашда ҳамюртимиз енгилди, аммо ҳали мавсум якунлангани йўқ. Олдинда Конференция Лигаси (тахминан 6 ўйин), Италия кубоги (тахминан 4 ўйин) ва А Серия (17 ўйин) баҳслари турибди.

Бу 2430 дақиқа дегани. Элдорни иккинчи рақамли ҳужумчи эканлигини инобатга олиб, бу дақиқаларнинг 30 фоизида майдонда бўлади деб ҳисоблайлик. Демак, бизнинг ҳисоб-китоб бўйича 729 дақиқа Элдор “Рома“ учун майдонда тер тўкади. Бу минимал кўрсаткич. Мавсум сўнггида зич тақвим, Конференция Лигасидаги ўйинлардаги ротацияни инобатга олсак, минутлар бемалол 1000дан ошиб кетиши мумкин. Шундай экан, Элдор таслим бўлмаслиги керак. У ўзини кўрсатмоқчи бўлса, мавсум сўнггига қадар майдонда ўтказган ҳар бир дақиқасини қадрлаши шарт. Абраҳам кеча келиб, бугун асосий таркибнинг муқим аъзосига айланмади. Унга берилган имконият мавсум стартида Элдорга ҳам тақдим этилди.

Фарқи шундаки, ҳамюртимиз ундан фойдалана олмади. Тэмми эса “отни“ қамчилади. Вазият 180 градусга ўзгариб кетиши учун олтинга тенг дақиқалардан унумли фойдаланишдан бошқа чора йўқ. Кетишнинг эрта-кечи бўлмайди. Кетишни фақат чиройли ва ёқимсизи бўлади. Ҳозир бошқа жамоага ўтиш борасида Элдор ўйламаса ҳам бўлади. У бутун футбол олами кўз ўнгида “Рома“да ўз ўрнини топа олмаган ҳужумчи амплуасида. Бу қолипни “синдириб“ ташласа, унинг кетиши ҳам, қолиши ҳам фаолиятидаги улкан ғалабадан бирига айланади.

Яҳёхўжа Улуғхўжаев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Элдор "Рома"дан кетиши керакми?