OpenAI ва Google DeepMind каби технологик компанияларнинг бир гуруҳ олимлари ва раҳбарлари ўз технологиялари хавфини пандемия ҳамда ядро урушига қиёсладилар ва инсониятнинг «йўқ бўлиб кетиш хавфи» ҳақида огоҳлантирдилар.
АҚШдаги сунъий интеллект хавфсизлиги маркази (Center for AI Safety) бир гуруҳ мутахассислар билан биргаликда инсониятнинг йўқ бўлиб кетишига сабаб бўлиши мумкин бўлган сунъий интеллект (СИ) хавфидан огоҳлантирди.
«Сунъий интеллектнинг ривожланиши туфайли инсониятнинг йўқ бўлиб кетиш хавфини камайтириш пандемия ва ядро уруши каби бошқа хавфлар қаторида глобал устувор вазифага айланиши керак», — дейилади марказ веб-сайтида эълон қилинган бир жумладан иборат баёнотда.
Очиқ хат 350 дан ортиқ СИ раҳбарлари, тадқиқотчилари ва муҳандислари томонидан имзоланган. СИ етакчилари орасида OpenAI бош директори Сем Альтман, Google DeepMind бош директори Демис Хассабис ва Anthropic бош директори Дарио Амодеи бор.
Шунингдек, баёнот нейрон тармоқлари устида олиб борган тадқиқоти учун Туринг мукофотига сазовор бўлган Жеффри Хинтон ва Ёшуа Бенгио томонидан имзоланган, улар CИнинг «чўқинтирган оталари» деб аталади.
Сунъий интеллект хавфсизлиги маркази ижрочи директори Ден Хендрикс мактубнинг қисқалигига изоҳ берар экан, буни CИ бўйича маълум хавфлар бўйича келиша олмайдиган, аммо умумий хавотирларни баҳам кўрадиган мутахассисларни бирлаштириш учун мўлжаллангани билан изоҳлади. «Биз фикримизни сусайтирмаслик учун 30 та мумкин бўлган тавсиялар рўйхатини нашр қилишни хоҳламадик», — деди у.
Ушбу эълон CИ хавфи ҳақида биринчи огоҳлантириш эмас. Март ойида 1000 дан ортиқ муҳандис ва тадқиқотчилар, жумладан Twitter, SpaceX ва Tesla эгаси Илон Маск ва Apple асосчиларидан бири Стив Возняк, мустаҳкам хавфсизлик протоколлари ишлаб чиқилгунга қадар ушбу соҳани олти ойга тўхтатишга чақирган яна бир очиқ хатни имзолагандилар.
Мактуб муаллифлари «борган сари кучли рақамли интеллектларни ривожлантириш бўйича назоратсиз пойга»дан хавотир билдиришган ва уларнинг нуқтаи назари бўйича сунъий интеллект ривожланиши билан бирга бўлиши мумкин бўлган потенциал хавфларни тасвирлаб беришди. Улар орасида ташвиқот ва дезинформациянинг тарқалиши, иш жойларини қисқартириш ва цивилизация устидан назоратни йўқотиш бор.
Бир қатор мамлакатларда СИ ривожланишини назорат қила оладиган қонунчиликни ишлаб чиқишга уринишлар аллақачон бошланган. Европа Иттифоқи йил охиригача СИни хавфнинг тўрт тоифасига ажратувчи қонун қабул қилишга умид қилмоқда. Хитойда СИни тартибга солувчи қонун лойиҳаси ҳам чоп этилди. У сиёсий жиҳатдан нозик контентни чеклашни таклиф қилади ва сунъий интеллектга асосланган технологияларни чиқаришдан олдин ишлаб чиқувчилардан рухсат олишларини талаб қилади.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг