
Япониянинг Киото шаҳрида жойлашган ATR Computational Neuroscience лабораторияси инсон онгида кечаётган энг сирли жараёнлардан бири — туш кўришни расмий визуал форматда қайта тиклашга муваффақ бўлди. Ушбу илмий муваффақият интернетда катта шов-шувга сабаб бўлди ва кўплаб ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан “келажак технологияси” сифатида баҳоланмоқда.
Қандай ишлайди?
Тизим инсон ухлаётган пайтда мияда юз берадиган нейрон фаоллигини юқори аниқликдаги магнит-резонанс томография (fMRI) орқали кузатади. Ушбу маълумотлар сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиниб, визуал образларга айлантирилади — яъни миянинг “ичида” қандай образлар шаклланаётгани тахминий аниқланади.
Бу жараён орқали инсоннинг тушда кўрган манзаралари, одамлар, ҳатто объектлар бошқа мониторда жонли акс этиши мумкин. Илмий гуруҳнинг таъкидлашича, ҳар бир тасвир фойдаланувчи уйғониб сўзлаб берган туш тафсилотлари билан мос келган.
Профессор Камитани: “Онг эшиги очилмоқда”
Лойиҳа муаллифи, профессор Юкиясу Камитанининг сўзларига кўра, бу жараён инсон онгини ўрганишда мутлақ янги парадигмага асос бўлади:
“Биз мия сигналлари орқали тушдаги образларни “ўқиш” имкониятини ишлаб чиқдик. Бу инсон тушларини илмий-амалий тадқиқ қилиш йўлида катта қадам”.
Қўлланилиши: фантастика реалга айланяпти
Ҳозирча технология синов босқичида бўлса-да, мутахассислар унинг истиқболларига катта умид боғлашмоқда. Тушларни расмий қайд қилиш психотерапияда, психиатрияда, орзу-тафаккур таҳлилларида, шунингдек кино ва видеоигралaр яратишда инновацион йўл очиши мумкин.
Интернет реакцияси: ҳайрат ва қизиқиш
Ижтимоий тармоқлардаги шарҳлар ушбу янгилик атрофида жуда ижобий бўлди:
- “Японлар ростдан келажакда яшаяпти!”
- “Менга биринчилардан бўлиб шу қурилмани етказиб беринг!”
- “Энди тушларимни ёдлашга ҳожат қолмади, барчаси экранда сақланади!”
Zamin.uz таҳририятидан:
Инсон миясини “кўзгу”га айлантириш орқали тушлар дунёси ҳақида илк маротаба аниқ маълумотлар олиш имкони пайдо бўлмоқда. Илм-фан яна бир бор фантастик ғояни реал технологияга айлантирди. Сиз ҳам тушларингизни томоша қилишни истармидингиз? «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар