17:30 / 25.11.2016
6 750

Ахборот-коммуникация соҳасидаги энг охирги ютуқлар ўзлаштирилади

Ахборот-коммуникация соҳасидаги энг охирги ютуқлар ўзлаштирилади

Бугунги кунда ахборот-коммуникация технологиялари, Интернет тизимини кенг ривожлантирмасдан туриб, мамлакатимизни модернизация қилиш ва янгилаш, барқарор тараққиётга эришиш ҳақида сўз юритиш мумкин эмас.

Ушбу ғоя Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурида ўз ифодасини топган.

Ўзбекистон МДҲ мамлакатлари орасида биринчилардан бўлиб рақамли телевидениега ўтган, республикамизда рақамли телевидениени жорий этиш 2007 йилдан бошланган эди. Ҳозирги вақтда рақамли телевидение юртимиз ҳудудининг 79,5 фоизини қамраб олган. 2016 йил охиригача яна 10 та рақамли телеузаткич ўрнатиш натижасида бу кўрсаткич 88 фоизга етиши, келаси йилнинг охиригача эса рақамли телевидение мамлакатимизнинг барча ҳудудларини тўлиқ қамраб олиши кутилмоқда.

Бу билан, энг аввало, фуқароларнинг тезкор, сифатли, кенг кўламли ва самарали ахборот олишлари учун қулай имкониятлар пайдо бўлади. Биринчи навбатда, ҳозирги вақтда истеъмолда бўлган аналогли форматнинг битта частотасида атиги битта канал мавжуд бўлса, рақамли форматда бу кўрсаткич 12 тани ташкил этади.

Юртимизда мустақиллик йилларида Интернет фойдаланувчиларнинг сони 13 миллиондан ортиб кетди. Интернет соҳасини ва тармоқ нашрларини ривожлантиришга оид талай қонунлар ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Тобора оммалашиб бораётган “UZ” доменида айни пайтда жойлаштирилган веб-сайтлар сони 30 мингга яқинлашиб қолди. Улардан 379 та интернет-сайт оммавий ахборот воситаси сифатида фаолият кўрсатмоқда. ZiyoNET тармоғи доирасида таълим ресурслари сони эса 126 000 тага етди. Кенг полосали Интернет хизматларини кўрсатувчи симли порталлардан фойдаланиш 107,4 фоизга ўсиб, фойдаланувчиларга кенг полосали IPTV, видеотелефония, юқори тезликдаги интернет, HDTV-каналлар ва бошқа хизматларни кўрсатиш имконини янада кенгайтирмоқда.

“Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш доирасида Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатилаётган хизматлар турларининг умумий сони 290 дан ошди. Натижада давлат органлари томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 833 мингдан зиёд хизматлар кўрсатилди.

Шунинг учун ҳам партиямиздан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сифатида кўрсатилган Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурида бугунги кунда ахборот-коммуникация технологиялари, Интернет тизимини кенг ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш белгилаб қўйилган. Хусусан, ушбу соҳада малакали мутахассислар тайёрлаш, жаҳон ахборот технологиялари бозорида муносиб ўрин эгаллашга эришиш, ахборот-коммуникация соҳасидаги охирги ютуқларни ўзлаштириш, миллий адабиётимиз ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ижтимоий тармоқларга жойлаштириш ва уларни кенг тарғиб қилиш кўзда тутилмоқда.

Маълумки сўнгги йилларда улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоийнинг 20 жилдлик «Мукаммал асарлар тўплами» ҳамда 10 жилдлик жамланмалари кирилл ва лотин алифболарида нашр этилди. Шоир номи билан аталадиган Миллий кутубхонамизда эса соҳир сўз заргарининг 20 жилдлик тўплами электрон шаклда яратилди. Юртимиз тарихида илк бор 100 жилддан иборат «Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари» чоп этила бошланди. “Жаҳон адабиёти” журналида юзлаб хорижлик адибларнинг сара асарлари ўзбек тилига ўгирилиб, чоп этиб келинмоқда. Шундай экан, жаҳон, ўзбек мумтоз ва замонавий адабиёти етакчи вакилларининг асарларини электрон шаклга ўгириб, Интернет тизимига жойлаштириш, улар билан ёшларимизнинг янада кенгроқ қатламини таништириш айни муддао бўлади.

Партиямиз томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сифатида кўрсатилган Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг сайловолди дастури шиорларидан бири: “Битта мақсад бизни бирлаштиради, у ҳам бўлса: Ватанимиз тараққиётидир!” Бу эзгу мақсад юртимиз эртасида ўз инъикосини топсин, мамлакатимиз келажакда дунёнинг энг тарраққий этган давлатлари қаторида ўз муносиб ўрнига эга бўлсин деганларни номзодимиз учун овоз беришга чақирамиз.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Ахборот-коммуникация соҳасидаги энг охирги ютуқлар ўзлаштирилади